Тошкент шаҳар инспекцияси нега қонуннинг айрим моддаларига амал қилмаган?

16:43 26 Сентябр 2019 Жамият
169 0

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияларида Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунининг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳудудларнинг фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш ва ўсимликларнинг зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашиш ҳамда карантин ҳолатини яхшилашда тизимли ишларни ташкил қилиш, фитосанитар ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан амалий ишлар қилинган.

Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини етиштирувчилар, карантин назоратидаги ўсимлик маҳсулотларини қайта ишлайдиган, сақлайдиган, реализация қиладиган хусусий тадбиркорларга “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, халқаро фитосанитар талаблар ҳақида семинарлар, ОАВ орқали тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун (Тошкент шаҳрида) ҳафтанинг ҳар душанба кунида очиқ эшиклар куни жорий қилинган.

Вилоятларда ўсимликлар карантини чегара маскани агроном инспекторлари учун божхона пунктларида ҳамкорликда сканер аппаратлари ёнида ишлаш билан биргаликда, ЎКЧМ (Ўсимликлар карантини чегара маскани) ва Ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона постларида алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, хоналар лаборатория шкафи, зарур қўлланмалар, микроскоп ҳамда бошқа зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, аҳолини сифатли ва зарарланмаган маҳсулот билан таъминлаш мақсадида экспортга чиқарилаётган ва импорт бўлиб келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини зарарсизлантириш учун фумигацион камералар ўрнатилган.

Қайд этилганидек, юқорида кўрсатиб ўтилган ижобий натижалар билан бирга, ҳудудий инспекциялар фаолиятида бир қатор камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, Тошкент шаҳар инспекцияси томонидан иш фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига тўлиқ амал қилинмаган.

Карантин остидаги маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилиш, қабул қилиш пунктлари жойлашган ерларни, уларга туташ ҳудудларни, ўсимликлар карантини объектларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида назорат текширувлари, Фитосанитар дала назорати, лаборатория текширувлари ва доимий мониторинг ишлари ўтказилмаган. Зарарланиш ўчоқларининг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш, шунингдек, ўсимликлар карантини объектларини олиб кириш йўлларини аниқлаш ҳамда тўсиш бўйича етарлича чоралар кўрилмаган.

Карантиности маҳсулотлари билан савдо қиладиган объектлар ва ўсимликлар экилган жойлар танлаб ўрганилганда, айрим зараркунандалар, касалликлари борлиги аниқланган.

Йиғилишда депутатлар томонидан соҳада олиб борилаётган ишлар, камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш борасида инспекция олдида турган муҳим вазифалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019