Тошкент шаҳар ҳокимияти Ўзбекистон Ҳукумати ва Президент ҳузуридаги вакилдан кучлироқми?

15:36 26 Март 2019 Иқтисодиёт
2476 0

Иллюстратив фото

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатни жадал ривожлантиришга қаратилган янги ғоялар ҳамда тамойилларни ишлаб чиқишга йўналтирилган сиёсат олиб борилмоқда.

Бироқ жойлардаги мансабдор шахслар мамлакатимиз раҳбарининг ғоя ва тамойилларини ўз шахсий манфаатлари йўлида талқин қилиб, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини сусайтирмоқда.

Ушбу мақолада “Республика тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” МЧЖнинг ер участкасини ажратиш бўйича ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари пойтахт ҳокимлиги томонидан қўпол равишда бузилиши тўғрисида баён этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комиссиясининг 2018 йил 22 июндаги 01-05/121-1-сонли Баёнига асосан мазкур тадбиркорлик субъектига ер участкасини жойлашуви келишилган бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ер участкасини ажратиш бўйича топшириқ берилган ҳамда Баён ижросини назорат қилиш қурилиш вазири А. Тўхтаев зиммасига юклатилган.

Аммо барча тегишли хулоса ва келишувлар олинганидан сўнг ҳам мазкур масала Вазирлар Маҳкамасининг баёнида кўрсатилган топшириқни бузган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан сунъий равишда пайсалга солинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сонли қарори билан тасдиқланган Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг 80-бандида Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар ҳокимликлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ҳужжат юборилган кундан бошлаб 10 календарь кун давомида ижро этилиши лозимлиги белгиланган.

“Республика тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” МЧЖ бир неча йиллардан буён ер участкасининг ажратилиши бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда тасдиқлатиш жараёнини бошдан ўтказиб келмоқда. Бунинг натижасида эса тадбиркорлик субъекти ортиқча бюрократик тўсиқлар, вақт йўқотиш, маънавий ва моддий зарарларга дуч келди.

Ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2018 йилнинг 23 ноябрида №01-03-862/2-сонли давлат органи ёки бошқа ташкилот ёхуд мансабдор шахс томонидан ишни якунига етказиш тўғрисида хулоса юборилган.

Шунга қарамасдан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан мазкур хулосада кўрсатиб ўтилган айрим тадбиркорлик субъектларининг масаласи субъектив танлов асосида ижобий ҳал этилди.

Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунга мувофиқ ваколатларга эга вакили шаҳар ҳокимлиги олдида кучсизлик қилди.

Хусусан, ушбу масаланинг кўриб чиқилиши пойтахт ҳокимлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузган ҳолда сунъий равишда чўзилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига нисбатан иккиёқлама стандартларининг қўлланилишидан далолат беради.

Бугунги кунда ер участкасини ажратиш бўйича ҳужжатларнинг Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир неча бор киритилишига қарамай, бу масала эътиборсиз қолмоқда.

Тошкент шаҳар бош архитектори Н. Сагатовдан олинган маълумотга кўра, барча ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлардан ер участкасини ажратиш бўйича олинган ижобий хулосаларга қарамай, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Д. Хидоятов ер ажратиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қонунда ўрнатилган тартибда имзолашдан бош тортмоқда.

2017 йилнинг январь ойида ҳукумат йиғилишида Д. Хидоятовнинг Давлат рақобат қўмитаси раиси лавозимидаги фаолияти хорижий инвестицияларни жалб этиш ва саноат объектларини хусусийлаштириш бўйича натижасизлик, унинг қўмитасидаги мансабдор шахсларнинг фойдасиз хизмат сафарларига ишлатилган маблағлар сабабли давлат раҳбари томонидан қаттиқ танқид остига олинган эди.

Ўзбекистон Ҳукумати қарорлари ва Президент ҳузуридаги Вакил чиқарган ҳужжатларга бўлган совуққон муносабат юридик терминология тилида саботаж сифатида баҳоланиши ҳамда тегишли жавобгарлик чораларига тортилиши белгиланган.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, бу ҳолат энди оддийгина бюрократик ғов бўлиб қолмасдан, балки Ўзбекистон Президенти каби давлат ҳокимияти институти обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракат ҳамдир.

Давлат раҳбари томонидан барча соҳада бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган сиёсат олиб борилаётган бир пайтда пойтахтнинг ўзида тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва манфаатлари қўпол равишда бузилмоқда.

Юзага келган вазият республикадаги ишчанлик муҳити ва инвестицион ҳолат ривожига салбий таъсир кўрсатади ҳамда мамлакат раҳбари томонидан бу йўналишда сўнгги йилларда амалга оширилаётган мақсадли давлат сиёсатига зиддир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил май ойида Туркия тадбиркорлари билан ўтказилган бизнес форумидаги нутқида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоҳида ишонч билдирди.

“Ўзбекистон тарихида илк бор биз пойтахт ҳокими этиб тадбиркорни тайинладик. Бу ҳеч қачон бўлмаган. Янги ҳоким қоғозбозликдан йироқ ва инвесторлар билан ишлашга тайёр. Шунингдек, у ҳеч қачон эски бюрократик режимда ишламаган. У тадбиркор”, дея таъкидлаган эди ўшанда давлатимиз раҳбари.

Охир-оқибат пойтахтнинг ҳокими Президентимизнинг юксак ишончини оқлайди ва мазкур масалани бир неча йилдан буён маҳаллий ҳокимлик қоғозбозлигидан азият чекаётган тадбиркорлик субъектининг фойдасига ҳал этади, деб умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ.

А. Боқижонов, “Республика тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” МЧЖ директори.

Таҳририятдан: “Халқ сўзи ONLINE” сайти вазиятни кузатишда давом этади ва келгусида бу мавзуга албатта қайтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019