Тошкент шаҳар ҳокими Анил Кумар Шастри бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

11:50 28 Август 2019 Жамият
90 0

Самимий ва дўстона муҳитда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзбек ва ҳинд халқлари азалдан дўст ва ҳамкорлиги, жуда кўп масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлашини алоҳида эътироф этди. Мамлакатларимиз ўртасида фармацевтика, тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва маданият, кадрлар алмашинуви каби соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. Ҳиндистонлик инвесторларнинг юртимизга қизиқиши юқорилиги, туристлар оқими ўсаётгани ҳамда бошқа қатор кўрсаткичларни келтириб ўтди. Хусусан, жорий йилда Тошкентда Ҳиндистоннинг Амити университети филиали, Андижонда эса Шарда университетининг филиали очилаётганлиги таълим соҳасидаги ҳамкорликда муҳим қадам эканлигини эътироф этиб, бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш таклифини билдирди. Шунингдек, ҳозирда Ҳиндистон билан ҳамкорликда юртимизда 145 дан ортиқ, Тошкентда эса 100 та корхона ишлаётганини ҳам айтиб ўтди.

«Ўзбекистон — Ҳиндистон» дўстлик жамияти раиси Анил Кумар Шастри дўстона қабул учун миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни алоҳида қадрлашини маълум қилди. Делегация маданият вакиллари, ишбилармонлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича масъуллардан ташкил топганлигини айтиб, уларнинг ҳар бири ўзаро алоқаларни ривожлантириш бўйича таклиф ва лойиҳалар билан келганлигини қайд қилди.

Ҳиндистон томони келгусида қатор соҳаларга инвестиция киритиш ниятида экани, хусусан, янги фармацевтика корхоналарини очиш, кадрлар алмашинуви бўйича қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш, маданият ва санъат йўналишидаги ҳамкорликни кучайтиришни режалаштираётганлигини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокими ҳам ўз навбатида ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада яхши натижалар беришини билдирди.

Учрашувда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Жа ҳам иштирок этди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019