Тошкент метрополитени жетонлардан қачон воз кечади?

12:33 23 Сентябр 2019 Жамият
184 0

Бугун Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида катта эътибор қаратилаётган соҳалардан бири транспорт тармоғидир. Мазкур соҳани тубдан ислоҳ қилиш замирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ғоятда муҳим ўрин тутмоқда. Бундан бир неча йиллар олдин пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бутун шаҳарни ўраб олувчи ерусти метро линияси қурилишини кўзда тутувчи йирик лойиҳа амалга оширилишини тасаввур этиш ҳам қийин эди. Лекин бугун одамларимиз ана шу лойиҳанинг амалий натижасини — бунёдкорлик ишларини кўриб турибди, керак бўлса, иштирок этяпти. Албатта, яқин кунларда ерусти метросининг ишга туширилишининг гувоҳи ҳам бўлади.

Тошкент мегаполисдир. Бу ерда яшаётган, меҳнат қилаётган барча юртдошларимизнинг узоғини яқин қилиш учун яратилаётган инфратузилма, барча саъй-ҳаракат ўзининг ижобий самарасини бериши зарур. Кўп йиллар олдин лойиҳалаштирилиб, аммо амалга оширилиши орқага сурилиб келаётган метро қурилиши бўйича 3 та йирик лойиҳа – “Сергели”, “Юнусобод” ҳамда ерусти ҳалқа метро йўлининг давом эттирилаётгани, бундай метроларни қуриш учун эса, энг замонавий ерости бурғиловчи қурилмаларнинг келтирилиши муҳим воқелик бўлди. Линиянинг ёпиқ қисмида қурилиш ишларини олиб бориш учун Германиянинг “HERRENKNECHT” компаниясидан келтирилган горизонтал бурғилаш ускунаси ёрдамида қарийб 1,5 км. дан иборат биринчи линияни бурғилаш ишлари жорий йилнинг май ойида бошланган бўлиб, яқинда якунига етди. Мазкур жараёнда жами 938 та ҳалқа (“тюбинг кольцо”) ўрнатилди.

Энг муҳими, соҳада жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Аммо, барча соҳада кечаётган янгиланишлар, замонавийлик Тошкент метрополитенини четлаб ўтаётгани ачинарли, деб ўйлайман.

Масалан, бугун бутун дунёда электрон тўловлар тизими кенг қўлланиляпти. Ҳаттоки, мобиль смартфонларга ўрнатиладиган дастурлар орқали NFC тўлов тизимлари жорий этилмоқда. Бугунги кунда алоқасиз тўлов тизими Лондон, Прага, Сингапур, Киев ва Санкт-Петербург каби дунёнинг кўплаб шаҳарларида ишлайди.

Тошкент метрополитенида эса, ҳали-ҳануз жетонлардан фойдаланилаётгани бу каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, эскича қарашлардан воз кеча олмаётганимизнинг яққол далилидир.

Туризм ҳақида бонг урамиз. Аммо сайёҳликнинг муҳим талабларидан бири ҳисобланган транспорт инфратузилмаларини жаҳон стандартлари асосида ташкил қилиш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш кўпинча хаёлимизга ҳам келмаяпти. Буни Тошкент метрополитени мисолида ҳам яққол кўряпмиз. Ахир бу ҳам ўзгараётган Ўзбекистоннинг имижи учун яхши бир восита бўлиши мумкин-ку. Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга, энг муҳими, халқимизга замонавий хизмат кўрсатиш, ҳар жабҳада ривожланган давлатлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиш лозим эмасми?

Бугун дунёнинг кўплаб давлатлари аэропортларида қўлланилиб келаётган ҳаракатланувчи йўлаклар (траволатор) каби янгиликларнинг жорий этилиши даври келмадими? Бу, албатта, шиддат билан ўзгараётган замонда одамларнинг вақтини янада тежашга ёрдам берар эди.

Яна бир гап. Масалан, Японияда йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган поезд ва платформа ўртасига ўрнатилган “электрон ҳаракатланувчи тўсиқ”лар каби янгиликларни бизнинг метрополитен раҳбарияти ҳам ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди. Назаримда, бунинг вақти-соати келди.

Албатта, соҳадаги ўзгаришларга ваколатли орган сифатида Транспорт вазирлиги ташкил этилгани бу борада етарли даражада эътиборни кучайтиришни талаб этади. Нега биз ривожланган давлатларда қўлланилаётган тажрибани мамлакатимиз пойтахтидаги транспорт тизимига жорий этишимиз қийин бўляпти? Ахир бугун пойтахт аҳолиси аллақачон мобиль тизими орқали тўловларни амалга оширишга, интернет дўконлардан савдо қилишга, бир-бирига пул ўтказмаларни ҳам электрон тизимда амалга оширишга ўрганди.

Лекин йўловчи транспорти, автобус ва метро, қолаверса, республикамиздаги бошқа транспорт тизимида бундай имкониятлар мавжуд эмас. Депутатларнинг жойларда аҳоли билан бўлган учрашувлар жараёнида мамлакатимизда транспорт соҳасини ислоҳ қилишда кучли туртки зарурлиги, эскича қараш ва қолиплардан воз кечиб, янгилик томон интилиш кераклиги тез-тез такрорланмоқда. Шу боис, аҳолини ўйлантираётган бу каби масалаларга ваколатли давлат органи — Транспорт вазирлиги алоҳида эътибор қаратиши, зарур бўлса, бу масалани парламентда муҳокама этишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Парламентдаги сиёсий партияларнинг фракцияларида ҳам бу масалани атрофлича муҳокама этишга, тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга чақирамиз.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019