Пойтахт юзига тошган «ҳуснбузарлар» (фотожамланма)

17:57 02 Июль 2019 Жамият
711 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»

Файласуфлар одам ёлғиз қолгандагина асл қиёфасида намоён бўлади, деб ҳисоблайдилар.

Хўш, бўш вақтларимизда нималар билан машғулмиз? Ёлғиз қолганимизда-чи? Бу саволларга ҳар биримиз, аввало, виждонимиз олдида жавоб беришимиз керак.

Бекорга асл қиёфамиз ҳақида гап очмадик. Бугун орамизда шундай инсонлар яшамоқдаки, улар зоҳиран соппа-соғ, гап-сўзларидан туппа-тузук кўринса-да, аслида, маънан касал, ботинан жуда ғарибдир.

​Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»​

Сўзларимизга ишонч ҳосил қилишингиз учун Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасини бир бор сайр этсангиз, кифоя.

​Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»​

Бу кўча нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар кўп ташриф буюрадиган манзил бўлгани боис, доимо эътиборда, десак янглишмаймиз. Чунончи, кўча бўйлаб жойлашган “Пойтахт савдо маркази”нинг орқа томонида жойлашган кичик хиёбондаги йўлаклар таъмирланиб, замонавий ўриндиқлар ўрнатилганига ҳали узоқ вақт ўтгани йўқ.

​Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»​

Лекин бу ерга келган одамнинг хиёбондаги манзараларни кўриб, дили хуфтон бўлиши шубҳасиз. Замонавий ўриндиқларга ёзилган тутуриқсиз дил номаларию, чизилган алмойи-алжойи шакллардан таъбингиз хира тортади. Яп-янги, кўркам ўриндиқлар синдирилиб, бутун бор бўй-басти бежаб ташлангани ўзини соғлом деб билган инсоннинг иши эканини соғлом ақл қабул қила олмайди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»

Хиёбондаги фавворалар ҳам мутасаддилар эътиборидан четда қолган. Уларнинг сувсизликдан чанқаган ҳавзаларида турли чиқиндилар, баклашка ва ширинликлар қоғозлари уйилиб ётибди. Юртимизда аномал иссиқ ҳарорат кузатилаётган айни кунларда ушбу фаввораларнинг ишламаётгани ҳам кишини ўйга толдиради: ахир одамларга фойдаси тегмаса, улар нима учун қурилган?

Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»

Яна бир гап: Сайилгоҳ кўчасига кечки сайрга кела кўрманг. Чунки хорижлик сайёҳлар доимо гавжум бўладиган ушбу манзилда миллий қадрият ҳамда маданиятимизнинг гўзал қирраларини намойиш қилиш ўрнига ажнабий анъаналар ва ёт унсурларга тақлид томошаларни кўриб, уятдан қизариб қолишингиз мумкин. Беихтиёр мисоли илондек тўлғонаётган бу “ўйинчи” ёшларни ким ёки нима рағбатлантираётган экан, деган ўй ўтади хаёлингиздан. Ва қўрқиб ҳам кетасизки, юртимизнинг узоқ-яқинидан келган, худди сеҳрланиб қолгандек бу манзаралардан нигоҳларини узолмай турган ёшларнинг содда-самимий фикр-қарашлари бузилмаслигига, қалблари заҳарланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

​Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»​

Бундай ҳолатларга йўл очиб бераётган мутасаддилар бугунги нотинч ва таҳликали замонда ёшларнинг онгу қалбини эгаллашга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётгани ҳамда уларга қарши курашиш олдимизда турган энг долзарб вазифа эканини доимо куюнчаклик билан такрорлайдиган Президентимизга, фарзандларининг бахту иқболини кўришни ҳаётининг мазмуни деб билган халқимизга хиёнат қилмаяптиларми?

​Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»​

Бу мулоҳазаларни кимларнидир ҳақоратлаш ёки пашшадан фил ясаш учун айтмадик. Шунчаки ўзимизга, бугун қилаётган ишларимизга кўзгу тутишга ҳаракат қилдик. Мақсадимиз — юртдошларимизни ҳар қандай жойда ўзини идора этишга, давлат ва халқ мулкини шахсий бойлигидек асрашга, шунингдек, ёшлар масаласига масъул ташкилот ҳамда идораларни янада эътиборли бўлишга чорлаш. Зеро, ҳаракатларимиз кимлигимизни кўрсатадиган барометрдир.

Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019