Тошкент мактабларида Kundalik электрон журналлари синовдан ўтказилди

18:33 29 Май 2019 Жамият
413 0

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Kundalik компанияси Тошкент мактабларида электрон журнал ва кундаликларни синовдан ўтказди.

Жорий йилнинг апрель — май ойларида Халқ таълими вазирлигининг буйруғига кўра, Kundalik рақамли таълим платформаси пойтахтдаги 53 та умумтаълим мактабида синовдан ўтказилди.

Kundalik тизими онлайн режимда дарс жадваллари, ўқитувчилар дарс режалари, ўқувчиларнинг дарсдаги иштироки ҳамда ўзлаштиришини электрон журнал ва кундаликларга киритиб бориш имконини беради. Шунингдек, таълим муассасасининг статистик ҳисоботларини ишлаб чиқишни ҳам таъминлайди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида қатнашган мактаблар синф журналларини бир вақтнинг ўзида қоғоз ҳамда Kundalik тизимида электрон шаклда юритишди.

Мазкур тизим орқали ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари уй вазифалари ҳамда фанлардан қўйилган баҳолар ҳақида исталган вақтда маълумот олиш имконига эга бўлишади. Ушбу маълумотлар ҳимояланган ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг Автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш бўйича масъул вакиллари Арслон Раҳмонқулов ҳамда Рустам Комиловнинг таъкидлашича, 2019 йилнинг 1 сентябригача Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактабида электрон журнал ва кундаликларни таълим тизимига жорий этиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилади. Янги ўқув йилидан бошлаб Kundalik тизими пойтахтимиздаги барча мактабда иш бошлайди.

Шунингдек, Kundalik тизимини ўқув жараёнига татбиқ қилиш учун ўқитувчиларни тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Kundalik компанияси тизимни соҳага жорий этишда ўқитувчилар ҳамда мактаб раҳбарларига амалий ёрдам беради.

Бундан ташқари, тизимни ҳаётга татбиқ қилишда юзага келиши эҳтимоли бўлган саволларга ўз вақтида жавоб топиш мақсадида лойиҳада қатнашаётган мактаб вакиллари иштирокида ҳар ҳафтада анжуманлар уюштириб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг октябрь ойида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Kundalik компанияси ўзаро ҳамкорликда умумтаълим мактабларида электрон журнал ва кундаликларни юритишни кўзда тутувчи лойиҳани йўлга қўйган.

Компаниянинг мазкур ташаббуси халқ таълими соҳасини ахборотлаштириш бўйича таклифларни саралаш натижаларига кўра вазирлик томонидан танлаб олинган ва ушбу мутасадди ташкилот ҳамда Kundalik компанияси ўртасидаги давлат-хусусий шериклик доирасида ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Kundalik компанияси мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, қўллаб-қувватлаш ва тизимни равнақ топтириш жараёнида юзага келадиган барча харажатни ўз зиммасига олган.

158-мактабнинг рус тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси, халқ таълими аълочиси Татьяна Истахарованинг таъкидлашича, Kundalik — замонавийлик ва долзарбликдир. Айнан шунинг учун ҳам у дарҳол ота-оналар ва ўқувчилар эътиборини тортиб, уларнинг диққатини жиддий ҳамда узоқ муддатли лойиҳага қарата олди.

Кўп йиллар давомида етакчиларни тарбиялаб одатланган муаллима замондан ва замондошларидан ортда қолишни истамайди ҳамда ўқувчиларини ҳам ҳамиша шунга ўргатади. Бу гал ҳам шундай бўлди: ота-оналар ва ўқувчилар уни узоқ куттиришмади, 7-синф биринчилардан бўлиб тизимни фаоллаштирди. Тўғри, аввал айрим қийинчиликлар бўлди, аммо барча саволларнинг ечими жамоанинг ўзидаёқ топилди. Татьяна Истахарованинг айтишича, Kundalik функцияларини тезроқ тушуниб етиш учун у ҳатто компьютер дастурлари билан қизиқадиган 8-синф ўқувчиларидан маслаҳат олишга ҳам уялмаган.

Татьяна Борисовна дастурдан планшет ёрдамида фойдаланишни жуда ҳам тез ўзлаштириб олгани ва ўқувчиларни дарснинг ўзидаёқ баҳолаётганини, бу эса уларнинг ижодий фаоллигига янада ижобий таъсир кўрсатаётганини ҳам айтиб ўтди.

Электрон кундалик синф раҳбарларига ҳам катта ёрдам бермоқда. Ҳозир унинг атрофида бир гуруҳ ёрдамчилари, гуруҳ администраторлари тўпланишган. Улар синфнинг мактаб доирасидаги кундалик рейтингини мунтазам кузатиб боришади.

Унинг қайд этишича, ота-оналар билан ҳар куни суҳбатлашиш имконияти ўқитувчини ортиқча ташвишлардан халос этиб, вақтни тежаш, муаммоли вазиятларнинг олдини олишда ҳам қўл келмоқда. Чунки дастур ёрдамида ҳар қандай ахборот дарҳол ўқитувчи ва ота-она ўртасида муҳокама қилиняпти. “Мактабимиз замон билан ҳамқадам эканидан хурсандман, — дейди Татьяна Борисовна.

Таъкидлаш жоизки, ўқувчилар ҳам ўз қизиқишлари доирасида турли гуруҳлар тузиб, Kundalik тизимида фаол ишлашмоқда. Масалан, улар инглиз тилини ўрганиш гуруҳларини ташкил қилишган. Бу орқали эса изланувчан ўқувчилар ўз тенгдошларининг янги билимларни осон ўзлаштиришларига ҳам кўмаклашмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019