Тошкент конференцияси минтақада ижобий натижаларга эришилишига хизмат қилади

09:05 28 Март 2018 Сиёсат
477 0

Саййид Эршод ҲУСАЙН, “BBC” форс хизмати продюсери, (Буюк Британия):
— Ўзбекистонга илк бор келишим. Юртингиздан олган таассуротларим бисёр. Халқингиз самимий ҳамда меҳмондўст экан.
Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан суҳбатлашиб, мамлакатингиздаги ривожланиш, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлдим.
Тошкент анжуманини ёритишда фаол қатнашдим. Мазкур тадбир Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига қаратилгани билан муҳимдир. Чунки афғон заминидаги вазият ривожланишга ҳар жиҳатдан тўсқинлик қилаяпти.
Ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбарининг нутқидаги таклиф ва мулоҳазалар Афғонистонда тинчлик ҳамда барқарорлик таъминланишида, ушбу мамлакатнинг минтақада муносиб ўринга эга бўлишида катта туртки бўлади.

Кубаничбек ТААБАЛДИЕВ, Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги директори:
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича Тошкент конференциясидаги нутқида илгари сурилган фикр-мулоҳазалар ва прагматик таклифлар, шубҳасиз, жуда тўғри ҳамда ўринлидир.
Ўтган вақт мобайнида Афғонистон инқирози юзасидан музокаралар ўтказиш бўйича платформа яратиш учун кўп уринишлар бўлган. Бироқ Ўзбекистон етакчиси биринчи марта кўплаб давлатлар, нуфузли ташкилотларни жалб эта олган ҳолда анжуманга бош-қош бўлди.
Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши Марказий Осиё учун ҳам муҳим. Чунки минтақа тўлиқ ривожланиши, барқарорликка эришиши учун ҳар бир давлат масъулиятни бирдек ҳис қилиши даркор. Ўйлашимча, Тошкент конференцияси кутилган натижалар қўлга киритилишида алоҳида ўрин тутадиган бош марказга айланади.

Регис ЖЕНТЕ, журналист (Франция):
— Тошкент конференцияси — Афғонистондаги ҳолатни барқарорлаштириш учун дадил қадамдир. Таъкидлаш керакки, мазкур йирик форум халқаро ҳамжамиятни, жумладан, Европа иттифоқи, БМТ ҳамда НАТО вакилларини қамраб олган ҳолда ўтказилди. Бу муаммонинг долзарблигини кўрсатади. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда асосий роль ўйнаши, шубҳасиз. Фикримизча, бу ижобий белгидир. Чунки Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни ва унга қандай ёрдам бериш мумкинлигини яхши билади.
Ўзбекистонга бундан 10 йил аввал келгандим. Бугун шунга амин бўлаяпманки, юртингизда чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу жараёнга эса халқ жуда яхши муносабат билдираётир. Бу жуда муҳим.

Муҳаммад Жавод ЧАУДРИ, “Express News” телеканали бошловчиси, (Покистон):
— Мен Покистондаги “Till Tomorrow” (“Эртагача”) номли машҳур сиёсий ток-шоу бошловчисиман. Кўплаб давлатларда бўлганман. Юртингизда аҳолининг сиёсий билим даражаси юқорилиги диққатимни тортди.
Шу ўринда Покистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча йўналишда муваффақиятли ривожланаётганини таъкидламоқчиман. Икки давлатнинг тарихи, маданияти, тилида ҳам ўхшаш жиҳатлар кўп. Мисол учун, бизнинг урду тилида ўзбек тилидаги тўрт мингдан зиёд сўзлар бор. Улар орасида “пиёла”, “меҳмон” ва бошқаларни айтишим мумкин. Бундан ташқари, Покистонда Бобурийлар даврига оид бир қанча тарихий ҳамда маданий ёдгорликлар ҳам мавжуд.
Тошкент конференцияси ҳақида гапирар эканман, аввало, Афғонистон масаласи биз учун ҳам долзарб. Чунки бизнинг чегараларимиз масофаси анча узун. Мамлакатимиз Афғонистонда тинчлик тарафдоридир. Шу боис анжуманда Покистондан катта делегация иштирок этди. Бу Покистоннинг мазкур масалада қатъий позициясини кўрсатади. Биз Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, яқин келажакда бу ижобий натижа беради.

Сулаймон ҚАЮМИЙ, “Орзу ТВ” журналисти (Афғонистон):
— Тошкентда бўлиб ўтган бундай нуфузли анжуманда қатнашганимдан мамнунман. Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришини, биринчи навбатда, биз, Афғонистон халқи истаймиз. Бунинг учун минтақа мамлакатлари орасида Ўзбекистон алоҳида ташаббус кўрсатаётгани қувонарли.
Конференцияда Ўзбекистон Президенти ҳамда Афғонистон Президенти қилган нутқларни диққат билан эшитдим. Уларда кўтарилган масалаларнинг барчаси долзарб. Телеканалимиз орқали узатган лавҳаларимизни афғонистонлик юртдошларимиз катта мамнуният билан кўришаётганини бир неча бор айтишди.
Тошкент анжумани матбуот марказида томошабинларга тезкор ва тўлиқ ахборотлар етказишимиз учун барча шарт-шароит яратилганидан миннатдормиз. Ўйлайманки, мазкур конференция Ватанимда осойишталикка эришилишида катта туртки бўлади.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар