Тошкент халқаро Вестминстер университети ректори: ​Ўзбекистон олий таълим соҳасида Марказий Осиёда илм-фан платформасига айланади

21:53 09 Июнь 2020 Жамият
1166 0

Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз.

Шавкат Мирзиёев

Соғлом рақобат ҳар соҳада керак. Бусиз ривожланишга эришиш имконсиз. Натижа эса аён: соғ­лом рақобат сифатга, сифат — самарадорликка, самарадорлик — фаровонликка йўл очади.

Ўзбекистон раҳбари тараққиётнинг янги босқичида бозор қонуниятларига мос келадиган механизмларни жорий этиш орқали юқоридаги мақсадларни муваффақиятли рўёбга чиқармоқчи. Чунки бозор механизмларининг унсурларидан бири рақобатдир. Рақобат бўлса, корхоналар янги технологияларни қўллаш, янги маҳсулотларни яратиш, товар ва хизматлар сифатини ошириш ҳамда уларнинг таннархини пасайтириш тўғрисида мунтазам иш олиб борадилар. Иқтисодиётимизда фаолият олиб бораётган монопол корхоналар эркин рақобат бўлишига тўсқинлик қилади. Бу барча соҳа ва тармоқларга тегишли. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 28 майда иқтисодиётдаги рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари муҳокамасига бағишланган селектор йиғилиши ўтказди. Унда давлат раҳбари ушбу масаланинг муҳимлигини таъкидлаб, олий таълим тизимида рақобат шароитида ишлайдиган, замонавий фикрлайдиган, инновацияларни узлуксиз жорий қила оладиган мутахассисларни тайёрлаш, олий ўқув юртларида алоҳида факультет, кундузги ва сиртқи ўқиш шаклини очиш, янги фанларни жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Чиндан ҳам, кадрлар малакаси — ҳал этувчи омил. Мамлакат ёки корхонани дунё миқёсида рақобатдош даражага ким кўтара олади? Албатта, малакали ва салоҳиятли мутахассислар! Бундай мутахассисларни тайёрлашга олий таълим муассасалари масъулдирлар.

Ўзига хос «ўйин қоидалари»

Олий таълим сифатини ошириш борасида ислоҳотлар аллақачон бошланган. Уни модернизациялашга доир янгиланишлар ҳам амалда. Тизимда рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш масаласи давлат ва ҳукумат назоратида турибди. Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу соҳада қатор ҳужжатлар, қолаверса, олий таълимни ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган концепцияси қабул қилинди. Уни амалга ошириш стратегияси тайёр. Мазкур ҳужжатларда мамлакатимизда олий таълим қамровини 50 фоизгача ошириш белгиланган.

Бундан ташқари, соҳани ислоҳ қилишнинг ўнта устувор йўналиши ­аниқлаб олинган. Булар Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро таълим дастурлари доирасида қайта шакл­лантириш, назарий билимларнинг амалий натижалари билан боғлиқ илғор стандартларни жорий этиш ва давлат ҳамда хусусий таълимнинг янада ­мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни кўзда тутади.

Ҳозир мамлакат миқёсида келажакдаги иккита олий ўқув юрти таълим муассасаларининг флагманлари сифатида белгиланган. Яқин истиқболда халқ­аро университет рейтингида қатнашиш учун барча университетларда кредит-модул тизимига ўтиш масаласи қўйилган. Фан, ишлаб чиқариш ва таълимнинг интеграциялашуви «Университет 3.0» дастури асосида амалга оширилади. Жадал равишда стартаплар яратилади, мақолаларни халқаро журналларда нашр этиш имконияти кенгаяди ва аҳолининг олий таълим олиши ижтимоий қўллаб-қувватланади. Буларни рўёбга чиқариш учун «Йўл хариталари» ишлаб чиқилган.

Аммо бизнингча, мазкур масалаларни самарали ҳал қилиш учун ўзига хос бозор механизмларини ишлаб чиқиш зарур. Бунда хорижий университетлар тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ушбу бозор механизмлари олий таълим муассасалари фаолиятида ўзига хос «ўйин қоидалари»дир. Улар мулкчилик шакллари, кредит-модул тизими, ўқиш нархлари, университетлар ва давлат ўртасидаги муносабатларга тегишли бўлиб, давлатнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ўз аксини топади.

Олий таълимни ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган концепция­сида мамлакатда рақобатдош таълим хизматлари бозорини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни унга мувофиқ, давлат университетлари билан бир қаторда, хусусий ва аралаш олий таълим муассасалари ҳам фаолият олиб боради. Натижада олий таълим хизматлари маконида соғлом рақобат муҳити шаклланади ва унинг натижасида олийгоҳлар халқаро олий таълим хизматлари бозорига аста-секин трансформациялашади, корхоналар учун керак бўлган рақобатбардош ­кадрларни тайёрлашга мослашади. Бундай рақобат хизмат турлари ҳамда сифатини яхшилашга, таълим қиймати ва ўқитиш харажатларини камайтиришга, таълим-тарбия ёнида инновацияларни қўллашга, интернет тизими ва АКТ жорий этишга мажбур бўлишади.

Демак, бора-бора мамлакатда таълим соҳасида ҳам эркин рақобат бозори шаклланади, Ўзбекистон олий ўқув юртлари жаҳон таълим маконининг бир қисми тарзида нафақат таълим хизматларини импорт қилувчи, балки экспорт қилувчи муассасаларга айланади. Шу муносабат билан хорижий ўқув даргоҳлари илғор тажрибаларини ўрганиш фойдадан холи эмас. Айниқса, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш борасида.

Талаба қайси модулни танлайди?

Халқаро рейтинг — мисоли кўзгу. Ўз навбатида, юксак эътироф ҳам. Шу сабабли унда халқаро университетлар муносиб баҳога эга бўлиш учун ўзининг рақобатдошлик кўрсаткичини ­сақлаб қолиш ва кучайтиришга интилади. Бу, биринчи навбатда, ўқув жараёнининг кредит-модул тизимига асосланган сифати билан таъминлайди.

Хўш, кредит-модул тизимининг ўзи нима ва унинг қандай афзалликлари бор? Авваламбор шуни таъкидлаш керакки, бу икки тушунча бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, уларни алоҳида қўллаш унинг ҳаётдаги мазмунини йўқотади, бошқача айтганда, бундай аж­ратиш эски товарни янги қопламага ўраб сотишга ўхшайди. «Кредит» инглизчада талаба ушбу модулни ўрганиш асосида олган билимларининг жиддийлиги ва ишончлилигини англатади. «Модул» сўзи эса товар ёки хизматларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутуннинг стандартлаштирилган қисм­ларини ифодалайди. Демак, талаба бўлғуси касб эгаси бўлиш учун бир фанни тўла ўрганиб, билимини ёдда сақлаши керак эмас. Кўпроқ фаннинг зарур қисмларини ишчанлик маҳоратини ошириш ва компетент бўлиши учун ўрганиши керак. Ўтган асрда ахборот мажмуи кам бўлган пайтда фанни ёдлаш ва эсда сақлаб қолиш асосий ўринда бўлган. XXI асрда фанларнинг интеграция ва дифференциацияси тезкорлик билан амалга ошиш шароитида фаннинг энг керакли «ўзагини» олийгоҳда ўрганиш, қолган қисмини бутун умр фаолиятида ўрганиши лозим. Масалан, мебель йиғишда ёғоч, металл ёки пластик кабилар (бутуннинг стандартлаштирилган қисмлари)дан фойдаланилади. Кейин мебель керакли дизайн, ранг, шакл ва нархга кўра йиғилади. Худди шундай, университетлар ҳам бозор талабларини инобатга олган ҳолда, мижозлар буюртмаларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлайди. Мисол учун, Америка университетлари кредит стандарти бўйича талабалар билан ҳафтада 3-4 соатдан иборат алоқа соатидан фойдаланади. Англия университетлари эса ҳар бир модул учун мос равишда 15 ва 20 кредитдан фойдаланади. Модуллар, шунингдек, талабаларнинг билимини назорат қилиш шакллари, аудитория ва аудиториядан ташқари машғулотлар нисбати (1:3) стандартлаштирилади. 

Лойиҳалар одатда икки баравар кўп кредитларга эга. Кредит-модул тизими турли университетларда мутахассислар тайёрлашда ягона талаблардан фойдаланиш имконини беради. Қолаверса, бу қиёсий таҳлилда ҳам қулай. Бу тизим талабага модулларни ўзи танлаши, тез ўзгариб ­турадиган бозор ­талабларига мослашиш, таълим харажатларини камайтиришга кўмак беради. Талаба ўрганилаётган ўқув фанлари орасидан келажакдаги иш фаолияти учун фақат зарур бўлган модулларни танлайди.

Уч муҳим мақсад

Рақобат қаерда пайдо бўлади? Инсонлар, корхоналар ва ташкилотлар кўзланган мақсадни амалга оширишда чекланган товарлар, хизматлар ёки манбалар тақчиллиги билан тўқнашган жойда! Айни шу ўринда иқтисодиёт фанига эҳтиёж сезилади. Агар танқислик бўлмаганида иқтисодиётни фан шаклида ўрганишга ҳожат ҳам қолмасди.

Рақобат ва ҳамкорлик бир-бирига таъсир қилувчи ҳамда ўзаро боғлиқ ­тушунчалардир. Истеъмолчилар ­истеъмолчилар билан, ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқарувчилар билан, университетлар эса университетлар билан рақобатлашади.

Ҳозирги кунда университетлар уч ­асосий мақсадни кўзламоқда: иложи борича кўпроқ талабага эга бўлиш, ҳар бир талабага сарфланадиган меҳнат ва ­бошқа ресурслар миқдорини камайтириш ва мутахассислар сифатини ошириш. Аслида булар бир-бирига мутлақо зид. Қийинчилик — таянч нуқтани топишда. Учала томоннинг мувозанатини сақлашда халқ­аро университетлар ахборот-коммуникация ва илғор педагогик технологиялардан, интранет (талабаларнинг мулоқот қилиш ички тармоғи) ҳамда масофавий таълимнинг барча воситасидан фойдаланади. Халқаро университетларда айни пайтга келиб ахборотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлашнинг қоғоз оқими нолга туширилган. Учрашув ва йиғилишлар зарур вазиятлардагина ўтказилади, аммо профессор-ўқитувчиларнинг илмий семинар ҳамда тренинглари ҳар ҳафта ташкил этилади.

Университетлар меҳнат бозори ҳолатини мунтазам равишда синчковлик билан ўрганади, бу бўйича маркетинг тад­қиқотларини олиб боради, корхоналар фаолиятини мониторинг қилади, таълим хизматларининг ҳақиқий ва потенциал истеъмолчилари билан доимий алоқада бўлади.

Жумладан, товар ва хизматлар бозорида янги тенденциялар пайдо бўлмоқда. Швеция олимлари ҳамда рақобатбардош стратегия соҳасидаги йирик экспертларнинг бу борадаги фикрига назар ташлайлик. Улар корхоналар фаолиятида стандартлаштириш ва бирхиллаштиришни кечаги кун талаби, деб ҳисоблайдилар. Хусусан, Швеция олимларининг фикрига кўра, ривожланган мамлакатларда инновация ўз ўрнини аллақачон мустаҳкам эгаллаган. У «жин каби кўзадан чиқиб» стандартлаштиришнинг ўрнини эгаллаб бормоқда. Чунки корхоналар бозорда ўз мавқеини эгаллаб қолиш учун тўхтовсиз янгилик яратиши зарур. Янгиликка стандарт­лаштириш тўсқинлик қилади. Бу фикрлар тўла-тўкис олий таълим муассасалари фаолиятига ҳам тегишли. Рақобатдош корхоналар доимий равишда инновацияларни амалга оширадиган субъект бўлгандагина рақобатга чидаш бера оладилар. Мутахассис ҳамда ходимлар эса уларни бевосита рўёбга чиқарувчи куч. Кўряпсизми ижодкор, танқидий ва янгича фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш қанчалик муҳим?!

Таълим жараёнидаги мусобақа ва дипломларнинг беш тури

Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп. Рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш жараёнида ҳам бу жуда муҳим. Яъни университетнинг барча бўлими якдил бўлиб фаолият олиб борса ҳамда қўйилган мақсад атрофида жипслашса, муваффақият кафолатланади. Хориж университетларида барча бўлимлар диққат-эътибори таълим олувчилар, талабаларга қаратилади.

Иқтисодий йўналишдаги университетларда рақобат назарияси ва ама­лиётига доир, рақобатбардошлик кўникмаларини шакллантирадиган ўқув модуллари ўқитилади ва Ватанимиз олийгоҳлари ҳам бу тажрибани кенг қўллаши керак. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳада янги фанларни жорий қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бундай модуллар рўйхати ўзгариб туради ва биз ҳам бундай талабни диққат марказимизда тутади. Халқаро университетларда менежмент иқтисодиёти, бизнесни ташкил этиш иқтисодиёти, саноат иқтисодиёти ва эконометрика каби фанлар ўтилади. Баъзан республикамиз университетлари ҳам шу номдаги фан ва модулларни ўқув режаларига киритишади, аммо мазмуни хорижий мамлакатлардагилардан катта фарқ қилади. Баъзан эски ада­биётлардан фойдаланиш ҳам янгилик эмас. Мазкур фанлар Вестминстер университетида ҳам иқтисодиётнинг ­асосий модулларидан бир қисми сифатида ўқитилмоқда. Талабалар ўртасидаги ­рақобат натижалари жамғарилган кредитлар асосида берилган дипломлар мақомида ҳам акс этади.

Олий маълумотни тасдиқловчи дипломларнинг беш тури мавжуд. Шу боис рақобатнинг муваффақияти баъзан бир балл билан ҳам фарқланади. Бу орқали талабалар билимини назорат қилишда балларнинг «инфляцияси»га барҳам берилади ва талаба юқори тоифадаги дипломни олиши учун бир баллнинг аҳамияти катта. Демак, яхши диплом олишнинг асосий йўли тўхтовсиз ўқиш, ўрганиш, изланиш ва яратувчанлик ҳисобланади ва шу тизим орқали рақобатбардош мутахассислар тайёрланади. Ана шундай ижобий маълумотлар корхоналарга битирувчиларни ишга қабул қилиш ёки магистратура босқичида ўқишни давом эттиришда жуда қўл келади.

Капитал истеъдодларнинг «мусиқасига ўйнайди»

Рақобатбардош мутахассислар қандай тайёрланади? Бунинг қатор талаб ва йўл-йўриқлари бор. Масалан, таълим жараёнида ўз қобилияти ҳамда истеъдодини баҳс-мунозараларда намо­йиш этиш орқали. Шунингдек, ўз вақтини бошқариш (тайм менежмент), мус­тақил ўқиш, топшириқларни ўз вақтида бажариш ва белгиланган муддатда топшириш ёрдамида. Рақобатбардошликка доир замонавий китобларни ўқиш ҳам ўта муҳим. «Фанки Бизнес: капитал истеъдодларнинг мусиқасига ўйнайди» номли китоб шулардан бири. Ривожланган мамлакатларда бу қўлланма иқтисодчи ва менежерларнинг столидан муқим жой олган. Китоб дунёнинг 35 тилига таржима қилинган ва 110 миллион нусхада сотилган. Асар муаллифлари — швед олимлари К. Нордстроум ва И. Риддерстрале Европада менежмент соҳасидаги энг яхши профессорлар номинациясида биринчи ўринни эгаллаган. Китоб сизга замонавий рақобат дунёси, бозор тенденцияларини ўрганишда тўпланган бой амалий тажрибаларни тақдим этади.

Китоб муаллифларининг фикрича, рақобат бозорда харажатлар ва сифат ўзига хос жозиба ҳамда етакчи мавқега эга бўлган жойда юзага келади. Бугунги кунда фирмалар рақобатининг предмети икки мезон билан ўлчанади. Булар — вақт ва истеъдод. Фирмалар товарларни пуллаш орқали аслида вақт ҳамда истеъдодни сотадилар. Корхоналар ходим ёллаганда ҳам моҳиятан унинг истеъдоди ва вақтига харидор бўлишади. Нима учун? Чунки бугунги ишлаб чиқариш жараёнида ҳал қилувчи ресурс моддий ресурс эмас, балки интеллектуал ресурслардир. Шунинг учун замонамизда билимлар мажмуаси, инсонларнинг интеллектуал салоҳияти иқтисодий ўсиш ва ривожланишнинг бош мезонига айланди.

Юқорида номлари келтирилган олимлар таъкидлаганидек ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси — вазни тахминан бир ярим килограмм бўлган кулранг яратиқ. Бу — инсон мияси. Дарҳақиқат, ҳар қандай мутахассиснинг истеъдоди ва вақти рақобатда ҳал қилувчи омил. Шунинг учун ҳозирги кунда ишбилармонлик дунёсида таълимнинг аҳамияти жуда катта. Бундан ташқари, хорижий университетлар рақобатбардош стратегик кўникмаларни эгаллаш учун эконометрикани ўрганишни тавсия этади. У асосий модулларнинг бир қисми бўлиб, икки йил давомида ўқитилади. Эконометрика, соддароқ қилиб айтганда, иқтисодчилар учун технологик хатарларнинг олдини олиш, самарали қарорлар қабул қилиш ва шу ор­қали рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашда муҳим асос бўлади.

Таёқнинг икки учи бор ва таълимдаги динамик механизм

Рус халқининг бу афоризмини соҳамизга боғлаб талқин қилсак, таёқнинг бир учи — талаба, иккинчи учи — профессор. Дарс жараёнида улар бир-бирини назорат қилади ва бир-бирига кўмаклашади. Ўзаро назоратнинг динамик механизми деб шунга айтилади. У қандай ишлайди? Айтайлик, ўқитувчи, маърузадан сўнг семинар ёки амалий машғулотга тайёргарлик кўриш учун талабаларга «Экономист» халқаро журналида чоп этилган у ёки бу мақолани ўқиш ва келгуси дарсга унинг муҳокамасига тайёр бўлиб келиш вазифасини топширади. Профессорнинг ўзи ҳам шу мақолани мунозара учун ­яхшилаб қайта ўқиб чиқиши керак. Акс ҳолда, муҳокама жараёнида талабалар мунозара қилганда модератор сифатида ишлай олмайди. Бундан ташқари, семестр давомида уч маротаба курс йиғилишларида талабалар модул раҳбарларининг ўқитиш сифати ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги ютуқларини муҳокама қилишади. Унда баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Талабалар ўқитиш сифатини объектив баҳолайдилар ҳамда яхши, юрагида из қолдирган профессор-ўқитувчиларга нисбатан «яхши», «энг яхши» ва «аъло» сингари эпитетлардан фойдаланадилар.

Уларнинг назарида яхши ўқитувчи — мавзуни яхши тушунтирадигани. Энг яхши муаллим — талабани қўллаб-қувватловчи, рағбатлантирувчи. Зўр педагог — илҳомлантирувчи.

Халқаро Вестминстер университетининг бу борадаги тажрибаси ҳақида гапирадиган бўлсак, талабалар кўпинча «Жаҳон иқтисодиётининг замонавий муаммолари» деб номланувчи нисбатан анча мураккаб, аммо қизиқарли модулдан сабоқ берадиган ёш ўқитувчи, фалсафа доктори Билол Бузуруковнинг ­фаолиятини кўпинча эътироф этишади.

Карантин масофавий таълимга кенг йўл очди

«Тождор» вирус пандемиясидан деярли барча соҳа жиддий зиён кўрмоқда. Хусусан, олий таълим соҳаси ҳам. Бу офат туфайли дунёнинг 150 мамлакатидаги университетлар қисман ёки тўлиқ ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Аслида, бунга кўпам ҳожат йўқ эди. Чунки аксариятида масофавий ўқитишнинг илғор усуллари аллақачон йўлга қўйилган: интернет, олдиндан тайёрланган видеомаърузалар, дисклар, ленталар, аудио ҳамда медиа қўлланмалар, китоблар, почта хизматлари, телефон, телеграмма ва ҳоказолар бу борада қулай воситалар.

Университетимизда ҳам таълимнинг ривожланган ўқув платформаси Канвас Зоом билан бирлаштирилган. Биз якуний назорат учун ёзма имтиҳонлар, амалий ишлар, реал маълумотлар бўйича таҳлилий топшириқларнинг гуруҳли ечими ва бошқалардан фойдаланамиз. Билимни якуний баҳолаш учун тест ўтказиш имконсиздир.

Фаолиятимизнинг халқаро эътирофи

Жаҳонда танилиш ва тан олинишни истаган университетлар халқаро таълим маконига мувофиқлаштирилиши лозим. Бунинг зарурий шартларидан бири халқаро рейтинглар ва халқаро тармоқларда иштирок этиш.

2019 йил 19 ноябрда университетимиз Ўзбекистонда барқарор ривожланиш глобал тармоғи (SDSN)га қабул қилинган биринчи олий таълим муассасаси бўлди. БМТга тегишли мазкур глобал тармоққа 35 мамлакатдан 700 ташкилот аъзо.

SDSN — ҳукумат, тадқиқотчилар, тадбиркорлар ва фуқаролик жамиятлари платформаси. У орқали Ўзбекистонда SDSN томонидан қўйилган муаммоларнинг амалий ечимларини топиш, сиёсий масалаларни ҳал этишга ҳисса қўшиш мумкин. Ушбу платформа БМТ Бош котиби ҳомийлигида ишлайди. Шунингдек, университетимизда 2006 йилдан бери фаолият олиб бораётган ЮНEСКОнинг Билимлар иқтисодиёти кафедраси халқаро ЮНТВИН тармоғига уланган ва жаҳон университетларининг шу тоифадаги кафедралари билан таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасида тажриба алмашади.

Кейинги уч йил ичида муассасамиз 200 та мамлакатдаги 13 минг 600 та университетни қамраб олган ­«ЮНИРEНК» рейтингида республика олий ўқув юртлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу мамлакатимиз университетларининг Марказий Осиёдаги илм-фан платформасига айланиши йўлидаги дадил қадамдир.

Биз олий таълимни ислоҳ қилишнинг энг асосий ва устувор йўналишлари ҳақида тўхталдик. Келтириб ўтилган илғор тажриба ҳамда мисоллар эса халқаро ўқув юртлари ва республикамиз таълим хизматлари бозоридаги филиаллар фаолияти асосида тўпланди. Уларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда амалиётга жорий этиш олий ўқув юртларининг жаҳон таълим тизимига мослашишини тезлаштиради ва мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиради. Фақат фурсатни бой бермаслик керак!

Комилжон КАРИМОВ,

Тошкент халқаро Вестминстер университети ректори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?