Тошкент давлат стоматология институтида бир йилда учта халқаро факультет очилди

10:49 20 Декабрь 2018 Жамият
1038 0

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда тиббий таълим тизимига илғор таълим стандартларини жорий этиш, жаҳон тиббиётида эришилаётган илмий янгиликлардан келиб чиқиб янги-янги йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш, талаба ёшларга энг юксак технологиялар асосида таълим беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда тиббиёт олий ўқув юртларининг жаҳондаги нуфузли илм-фан муассасалари билан алоқалари кенгайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар бу йўналишда тиббиёт олий ўқув юртлари томонидан хорижий олий таълим муассасалари билан 220 тахамкорлик меморандумлари имзоланди. Тошкент давлат стоматология институти бу борада етакчи тиббий таълим муассасаларидан биридир. Мазкур институт айни пайтда хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашга эришди. 2018 йил давомида 50 нафардан ортиқ талаба ва 20 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар хорижда узоқ муддатли малака оширдилар.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Ушбу ҳамкорлик дастурлари натижасида 2018-2019 ўқув йилидан Италиянинг Турин университети билан “Биотиббий муҳандислик” ва Москва Давлат тиббиёт стоматология университети билан “Стоматология” факультетлари ташкил этилди. 

Куни-кеча бу борада яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилди. Институт делегациясининг Россия федерациясига ташрифи доирасида Оренбург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик дастурига асосан, “Клиник-психология” йўналишида янги факультет очилмоқда. Мазкур факультетга 2019-2020 ўқув йилидан талабалар қабул қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Айтиш жоизки,бугунги кунда 2200 нафардан кўпроқ талаба таҳсил олаётган мазкур олий таълим муассасасида таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурларини кенг жорий қилиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу ишлар малакали кадрлар тайёрлаш, тиббиёт соҳасида жаҳоннинг илғор амалиётларини кенг жорий этиш, халқимизга кўрсатилаётган стоматологик хизматни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019