Тўрттала сектор томонидан йўл қўйилган хатолар белгиланган фурсат ичида тўғриланмас экан, халқ бизни кечирмайди — Сенат Раиси

22:08 04 Октябр 2020 Сиёсат
267 0

Кеча халқ депутатлари Балиқчи тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда жорий йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, 2020 йил 1 май куни давлатимиз раҳбарининг «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унинг ижросини таъминлаш натижаларига кўра 2019 йил рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра Балиқчи тумани «Қизил» ҳудудга киритилди. Нега? Сессия давомида ўз маърузалари билан иштирок этган сектор раҳбарлари ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қилдилар. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 403 млрд. сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 2 млн. 41 минг сўмдан тўғри келди. Бу кўрсаткичнинг вилоят саноатидаги улуши 1,2 фоизни ташкил этади, холос. Экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотлари ҳажми 110 млрд. сўмни ташкил этиб, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотининг 27 фоизини ташкил этганлигини инобатга олсак, бу борадаги ишларни ҳам қониқарсиз баҳолаш мумкин. Асосий капиталга киритилган умумий инвестициялар ҳажмининг 43,2 фоизигина хорижий инвестицияларга тўғри келиши бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Сўнгги йилларда республикамизда аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва уларнинг ижобий ечимини таъминлашга эътибор кучайганлиги ва бунинг натижасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги ишлар кўлами ортаётган бўлишига қарамай Балиқчи туманидаги виртуал ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 197 тадан иборат, холос. Бу ҳудудда истиқомат қилаётган ҳар 1000 нафар кишидан 1 нафари мурожаат қилди, дегани. Бу каби камчиликлар туманнинг «қизил» ҳудудлар қаторидан жой олишига сабаб бўлди.

Кези келганда айтиш лозимки, туманда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишлар ҳам йўқ эмас. Масалан, шу йилнинг охирига қадар 373,7 млрд. сўмлик 59 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиши ва ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 103,4 фоизга ўсиши кутилмоқда. 8 та корхонани экспорт фаолиятига йўналтириш натижасида 47 млн 416 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилиши режалаштирилган. Инвестиция киритиш масаласида 2020 йил якуни билан 28 млрд 426 млн сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 27 млрд 800 млн сўмлик тўғридан тўғри инвестициялар жалб этилиши кутилмоқда.

— Туманда аҳолини рози қилиш, янги иш ўринларини яратиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш каби соҳаларда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилган,  —дейди сессияда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева. — Бироқ бу балиқчиликлар эҳтиёжини таъминлаш, уларни ҳаётдан мамнун бўлиб яшашлари, ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши учун камлик қилади. Тўрттала сектор томонидан йўл қўйилган хатолар белгиланган фурсат ичида тўғриланмас экан халқ бизни кечирмайди.

Сессия давомида сектор раҳбарлари туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг кўрсаткичларида ”Қониқарсиз” ҳудудлар рўйхатига киритилишида ўзларини айбдор деб билишларини, фаолиятини ташкил этишдаги хатоликлар туфайли Балиқчи «Қизил» ҳудудга киритилганлигини билдиришиб, кечирим сўрадилар. Ўз маърузаларида ушбу хатоликларни тўғрилаш юзасидан амалга ошириш муҳим бўлган жиҳатларга тўхталишиб, туманни қолоқликдан олиб чиқиш учун барча чораларни кўришга сўз бердилар.

Сенат раиси туманга ташрифи давомида, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Хусусан, «Тожимаҳал Хакан савдо» ва «Скортон Текстиль» МЧЖларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Пандемия шароитида аҳолининг турмуш шароитини ўрганиш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрар экан, бевосита аҳоли хонадонларига кириб, уй соҳиблари билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

Сенат раисининг Балиқчи туманига ташрифи давомида ҳудудни комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?