Тўрақўрғонда “Адолат сайли”

11:10 16 Октябр 2019 Жамият
578 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда. “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказишни аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган қатор тадбирлар билан боғлаб олиб бораётир. Жумладан, пойтахт Тошкентда бошланган “Адолат сайли” вилоятлар ҳудудига ҳам кўчди. Яқинда Тўрақўрғон тумани марказидаги амфитеатр кенг жамоатчилик вакиллари, оқсоқоллар ва ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди. Бу ерда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан сайловолди тадбири ташкил этилди.

Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбирда жамият ҳаётидаги бошқа долзарб масалалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар хусусида сўз борди, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифаларга эътибор қаратилди.

– Мен журналист сифатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган воқеаларни мунтазам кузатиб бораман. Ҳозирги кунда сайловлар масаласи оммавий ахборот воситалари энг кўп мурожаат қилаётган мавзулардан бирига айланган. Сиёсий партиялар фаоллиги эса кун сайин кучаймоқда. Бугунги тадбирда ҳам иштирокчилар “Адолат” СДП олиб бораётган сиёсат, сайловолди дастуридаги энг муҳим вазифалардан хабардор бўлдилар, - дейди туман “Давр” газетаси масъул котиби Мирмуҳсин Мирзокиров.

Акция давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, “Ёш адолатчи” ва “Аёллар қаноти” вакилларининг сўзлари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Оммавий сайил шаклида давом этган тадбир қатнашчилари бадиий жамоаларнинг чиқишларидан завқ олдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?