Тўра БОБОЛОВ: Элимиз меҳнаткаш, еримиз саховатли

16:12 05 Май 2020 Сиёсат
1722 0

“Уйда қолинг”. Ушбу даъватга амал қилиб, оғир синовларга қарши сабр-бардош, матонат билан курашаётганимизга ҳам, мана, бир ярим ойдан ошди. Тўғри, коронавирус пандемиясидан қутулиш ҳеч қайси давлатда осон кечаётгани йўқ. Аммо иродали халқимиз барча қийинчиликни ортда қолдиряпти, одамларимизда ўз соғлиғига эътиборли бўлиш тушунчаси ошди, шукроналик, хотиржамлик каби ғоятда муҳим ва ҳаётий туйғулар янада жўш урди.

Кейинги пайтларда давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишида пандемияга қарши самарали курашиш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилмоқда. Бу барча вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари қаторида, биз, ҳокимлар учун ҳам муҳим йўналиш, ишни ташкил қилишда ­дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш бўйича илгари сурилган таклиф, айниқса, эътиборлидир. Президентимиз улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган сўзларида чуқур ҳикмат ­борлигини эслатиб ўтгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Айни Рамазон ойида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг ташкил этилгани тадбиркорлар, ишбилармонлар, раҳбарлар, қолаверса, ҳар бир саховатпеша инсонларнинг ёрдамга муҳтожларга хайр-эҳсон кўрсатиш йўлида айни муддао бўлди, ­десак, муболаға эмас.

Яна бир ҳақиқатни ҳам унутмаслигимиз керак. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшимча зарур чоралар кўришни тақозо этмоқда. Бу борада белгилаб берилган вазифалар асосида Сурхондарё вилоятида ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳсулотлар етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган, ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш чоралари изчил давом ­эттирилмоқда.

Бугунги синовли кунларда эзгу ниятни кўнглига туккан тадбиркорлар, ­деҳқон ва фермерлар, ҳиммати баланд инсонлар ихтиёрий равишда ташаббус кўрсатиб, ўрганишлар ­натижасида аниқланган 35 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларда яшовчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашмоқда.

Чунончи, “ZIF Textile”, “Термиз таъминот”, “Термиз тезкор қурилиш”, “Музработ КСП Гранд”, “Сурхон сифат текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Ангор Сурхон ғурури” кластер хўжалиги сингари 5 минг 600 дан зиёд ташаббускор тадбиркорлик субъектлари ҳамда савобталаб воҳадошларимиз томонидан 34300 нафарга яқин эҳтиёжманд фуқароларга уч ой давомида кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб туриш ва ­бошқа молиявий ёрдамлар кўрсатиш, 17400 нафар ишсиз кишининг бандлигини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Карантин сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатган хўжалик субъектлари аҳволи ҳам бирма-бир ўрганиб чиқилиб, уларга ҳар томонлама ёрдам бериляпти. Муҳими, пухта ишлаб чиқилган чора-тадбирлар натижасида вилоятдаги уч мингга яқин саноат корхоналари фаолияти тўхтаб қолишга йўл қўйилмади. Бу ушбу корхоналарнинг 47 минг нафардан зиёд фуқаролари ишсиз қолмади, дегани.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жорий йилнинг март-апрель ойларида вилоятдаги 9 минг­та тадбиркорлик субъектига 936,2 млрд. сўмлик имтиёзлар ва молиявий ёрдамлар берилди. Шунингдек, қатор фермер хўжаликлари томонидан 3 мингдан ортиқ фуқароларга такрорий экин учун ер майдони ажратиб бериш, маҳсулот экишдан тортиб то йиғиб олгунга қадар бўлган барча сарф-харажатни ўз ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган.

Чўп суқсанг кўкарадиган еримиз, меҳнатсевар халқимиз бор. Сурхондарёликлар ҳозирги мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда, энг аввало, ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, ундан икки баробар кўп ҳосил олиш, шу орқали даромадлари ва фаровонлигини оширишни мақсад қилган.

Деҳқончиликда бой тажриба орттирган миришкорларимиз томонидан ҳозирги кунга қадар 493,3 минг тонна эртаги сабзавот ва 64,6 минг тонна картошка етиштирилиб, 59,8 минг тонна, 31,7 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 840,5 минг тонна саримсоқпиёз, карам, кўкат маҳсулотлари йиғиштириб олиниб, ички эҳтиёждан ортган қисми Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга етказиб бе­риляпти.

Мавсум якунига қадар қўшимча 290,2 минг тонна эртаги сабзавот ҳамда 85,7 минг тонна картошкани йиғиб олиб, пировардида 308 минг тонна маҳсулотни экспорт қилиш имкониятимиз бор. Бу борада мавжуд қўшимча имкониятларни ишга солиш эвазига вилоят бўйича қарийб 23 минг 500 гектар асосий майдонга, шунингдек, 9 минг 600 гектар боғ ва токзорлар қатор ораларига сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ҳамда мойли экинлар экилди.

Вилоятимиз бўйича жами 12 минг 959 гектар фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган майдонлар мавжуд бўлиб, апрель-май ойларида унинг 3071 гектари қайта фойдаланишга киритилиши ҳисобига 68 минг тонна полиз, 14 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари олиниши режалаштирилган.

Қисқаси, коронавирус пандемияси даврида барча куч ҳамда имкониятлар, қўшимча ресурсларимизни сафарбар этиб, аҳолини ҳар жиҳатдан қўллаб-­қувватлашга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Зеро, муқаддас китобимизда ­айтилганидек, “Яхшиликнинг мукофоти — фақат ­яхшиликдир”.

Тўра БОБОЛОВ,

Сурхондарё вилояти ҳокими,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?