Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

21:30 12 Февраль 2019 Ҳужжатлар
842 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республика тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида юқори ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, модернизация қилишнинг стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига юқори технологияли янги иш ўринларини яратиш, корхоналарни техник ва технологик янгилаш, илғор “кластер модели”ни жорий этишга қаратилган таркибий қайта ташкил этишни янада чуқурлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ривожланишининг ҳар томонлама таҳлили, рақобатнинг кучайиши шароитида жаҳон бозорининг ўзгарувчан конъюнктураси соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, янада барқарор ва жадал ривожланиши механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни тақозо этмоқда.

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тўқимачиликда яримтайёр маҳсулотларни чуқур қайта ишлашга инвестициялар ҳажмини ва тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш мақсадида:

1. 2019 йил 1 апрелдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2019 — 2021 йилларда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади:

айланма маблағларни тўлдириш (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ип-калава, трикотаж мато, ип газлама ва бошқалар харид қилиш) мақсадида тижорат банклари томонидан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш (бино ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш) мақсадида тижорат банклари томонидан хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида;

б) ноль ставкани қўллаш натижасида вужудга келган қўшилган қиймат солиғини қайтариш зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 7 иш куни давомида солиқ тўловчига тезкорлик билан қайтарилади. Бунда давлат солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар, шу жумладан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича таққослаш далолатномаси ҳамда қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобларини тақдим этиш тартиби бекор қилинади;

в) биржа савдолари орқали пахта толасини сотишда қатъий талаб қилинадиган банк кафолатлари бекор қилинади. Бунда тарафлар ўртасида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тартиби шартнома асосида белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тижорат банклари томонидан тикув-трикотаж корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоизларни қоплаш учун зарур бўлган маблағларни 2019 — 2021 йиллар давомида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ажратсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил ҳосилидан бошлаб республика ташкилотларига пахта толасини сотишда қўшилган қиймат солиғи жаҳон бозорларида шаклланган нархлардан қатъи назар, пахта толасининг амалдаги сотиш нархидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ҳамда самарасиз солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларни бекор қилиш бўйича ишчи комиссия (Б. М. Мавлонов) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририга ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган қоидалар киритилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларининг товар айланмасидан вужудга келган ноль ставкадаги қўшилган қиймат солиғини қайтариш тўғрисида тақдим қилган аризаларини кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган дастурни ишлаб чиқсин ва амалиётга татбиқ этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019 — 2025 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш Концепциясини тасдиқласин:

комплекс ёндашув асосида хом ашёни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни, шу жумладан, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда қўллаб-қувватлаш асосида ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, тўқимачилик маҳсулотларини сотишнинг ички ва ташқи бозорларини тадқиқ қилиш;

ички ва ташқи бозорларда маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, қўшимча қиймат яратишнинг ягона занжирини тузиш;

республикада ишлаб чиқариладиган пахта ип-калаваларнинг бутун ҳажмини қайта ишлаш ҳисобига 2025 йилга бориб тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида етакчи хорижий олий ўқув юртларининг қўшма таълим дастурларини ташкил этсин;

икки ой муддатда 2019 йил охирига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий компанияларнинг ўқув-ишлаб чиқариш кластери иштирокида ишлаб чиқариш объектларида таълим жараёнини бевосита амалга оширишни ташкил этиш бўйича таклиф киритсин;

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кадрларининг буюртмачилари битирувчининг базавий контракт тўловини иккинчи босқичда камида 50 фоиз, учинчи босқичда камида 75 фоиз, тўртинчи босқичда 100 фоиз миқдорида тўлаб берган тақдирда, битирувчининг буюртмачи корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мажбурияти тўғрисида шартнома тузилиши тартибини белгилаш чораларини кўрсин;

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда:

Ўзбекистонда бир йилда камида бир маротаба тўқимачилик тадбирларини жаҳон календарига киритган ҳолда, тўқимачилик ва мода индустрияси халқаро кўргазмалари ўтказилиши чораларини кўрсин;

Европа иттифоқи, Туркия, Жанубий Koрея, Xитой ва бошқа мамлакатлар билан кўриб чиқилаётган келишувларга миллий тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан божхона тўловларини камайтириш ва тартибга солишнинг нотариф чораларини соддалаштириш масалаларини киритсин.

8. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг ягона ахборот порталини (кейинги ўринларда — портал) ишлаб чиқсин ва ишга туширилишини таъминласин:

тармоқнинг тендер савдолари (танловлар), кўргазма ва ярмаркалар, шу жумладан, хорижий кўргазма ва ярмаркалар рўйхатини эълон қилиш;

кичик тадбиркорлик субъектларини тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларини экспорт қилишнинг тўлиқ жараёнига масофавий ўқитиш;

бутун дунё мамлакатлари бўйича тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларини олиб кириш ва олиб чиқиш таҳлили юзасидан тўлиқ ҳисоботлар билан танишиш;

“Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш навигатор чоралари”ни жойлаштириш;

тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ишлаб чиқарувчилар ва хизматлар, материаллар ва хом ашё етказиб берувчилар жойлашуви кўрсатилган Ўзбекистоннинг интерактив харитасини яратиш;

тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун Ўзбекистоннинг қиёсий устунликларини эълон қилиш;

тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган онлайн-дастурий маҳсулотларни хорижий аналоглар билан интеграция қилиш;

молия хизматларини, шу жумладан, лизинг контрактлари бўйича қарз маблағларини, ускуналарни ҳамда суғурта хизматларини жалб қилиш бўйича етказиб берувчиларни акс эттириш;

миллий тўқимачилик корхоналари учун ишлаб чиқариладиган ва талаб қилинадиган хизматлар, материаллар ва хом ашёлар номенклатураси ва ҳажмини жойлаштириш. 

9. “Ўзстандарт” агентлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда:

2019 йил 15 февралга қадар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларига уларни синовдан ўтказиш усулларига талабларни белгиловчи стандартлар бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказсин ва халқаро меъёрларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган стандартларни белгиласин;

2019 йил 1 мартга қадар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларига ва уларни синовдан ўтказиш усулларига халқаро стандартлар рўйхатини белгиласин ва уларни босқичма-босқич қабул қилиш жадвалини тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор ташкилотлар ва тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг амалдаги экспорт шартномалари гарови эвазига уларнинг маҳсулотларини экспортолди молиялаштириш механизмини татбиқ этсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда республика ҳудудига тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга қарши курашишни кучайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

12. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги Ф-5194-сонли фармойиши билан тасдиқланган “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналари томонидан божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилган ҳолда импорт қилинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар рўйхатида:

“ТИФ ТН коди” устунининг 128-позициясидаги “5509 31 000 0, 5509 32 000 0, 5509 61 000 0” рақамлари чиқариб ташлансин;

129-позиция чиқариб ташлансин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З. Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б. М. Мавлонов ва Г. К. Саидова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти     Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 12 февраль


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019