Тўқимачилик саноати етакчилари бир жойда жамланди

10:05 12 Сентябр 2019 Жамият
134 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Жаҳон ва Ўзбекистон тўқимачилик саноатидаги ўзгаришлардан бохабар бўлишни, соҳага татбиқ этилаётган инновациялар билан танишишни истасангиз пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасига ташриф буюринг. Негаки, ушбу масканда дунё тўқимачилик саноати вакилларининг  ўзаро мулоқот майдонига айланган Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув саноати ютуқлари — “UzTextile Expo — 2019” халқаро кўргазмаси иш бошлади. Бинобарин, галдаги тадбирга Германия, Хитой, Латвия, Беларусь, Россия, Словакия, Тожикистон, Туркия, Украина каби давлатларнинг 160га яқин етакчи ишлаб чиқарувчилари, соҳа мутахассислари-ю, олимлари жам бўлган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Қайд этиш керакки, илгари дунё бозори Ўзбекистонни фақат пахта толаси етиштирувчи мамлакат сифатида биларди. Хом ашёни қайта ишлаш, тармоқда янги корхоналарни ташкил этиш ҳақида, ҳатто, тасаввур этиш ҳам қийин эди. Бироы бугун ҳолат тамомила ўзгарган. Ўзбек ишбилармонлари томонидан ишлаб чиқарилаётган ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар жаҳон бозори жадал кириб бормоқда. Ниманинг эвазига? Албатта, бунинг замирида кейинги йилларда жаҳонга машҳур компаниялар билан ҳамкорликда пахта толасини чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган кўплаб  қўшма ва хорижий корхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани, пахтачиликда мутлақо янги тизим — кластерлар ташкил этилаётгани ётипти. Шу боис бугунги кунда кластер қишлоқ хўжалигининг, хусусан, пахтачиликнинг истиқболли йўналиши сифатида эътироф этилмоқда. Халқаро кўргазма иштирокчиларининг 60 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса, уларнинг аксарияти кластерлар вакиллари эканлиги фикримиз тасдиғидир. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Фаолиятимизни 10 минг гектар ерда ташкил этиб, 172 та фермер хўжалигини бирлаштирганимиз, — дейди “Khorezmtex” пахта-тўқимачилик кластер компанияси директори Сарвар Нурметов.  — Ғўза парваришида барча агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказдик. Шунга яраша ҳар гектаридан  35-40 центнер пахта териб олмоқчимиз. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Биласиз, кластер фақат пахта парваришлаш ёки териб олиш билан шуғулланмайди. Шу боис бу йил 22,6 миллион АҚШ долларилик лойиҳани рўёбга чиқариб, ип-калава тайёрлаш ҳажмини 12 минг тоннага етказдик. Бу барча пахта ҳосили ўзимизда қайта ишланади, деганидир.  Бундан ташқари, 2021 йилда 15 миллион долларлик лойиҳа асосида газлама ишлаб чиқарувчи йирик корхона ташкил этилиши режалаштирилган.  Шунда ҳамкорларимиз — Россия, Хитой, Польша каби давлатларга фақат ип-калава эмас бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ҳам сотишни йўлга қўямиз.   

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

“Global Textile Days Tashkent — 2019” тадбирлари доирасида ташкил этилган халқаро кўргазмада ана шундай турли-туман  маҳсулот ва хизматларни тақдим этиш баробарида, ўзаро мулоқот қилиш, ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам қулай майдон бўлмоқда.  Хусусан, шу кунларда пахтани тадқиқ этиш бўйича йиғилиш, халқаро тўқимачилик анжумани, тўқимачилик машинасозлиги кўргазмаси, модалар намойиши ташкил этилиши иштирокчиларга шундай имконият тақдим этади. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Iteca Exhibitions”  компанияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир уч кун давом давом этади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
(“Халқ сўзи”).

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019