«Томорқага экин экиш» ойлиги

17:30 27 Март 2018 Иқтисодиёт
1775 0
Фото: AmuNews.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда «Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан — шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз. Шунинг учун бугундан бошлаб “Томорқага экин экиш” ойлигини эълон қилиб, ҳар бир томорқага экин экишни ташкил этиш керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади», дея алоҳида таъкидлади.

Энди дўппини бошдан олиб, бир мулоҳаза қилиб кўрайлик-чи, нега Президентимиз ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида бот-бот сўз юритаяпти? Аввало, сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимизни истаяпти. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни оширишни, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаяпти. 

Шундай экан, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, бугун “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бу борада деҳқонларга нимаики ёрдам керак бўлса, барчаси муҳайё этилаяпти.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, унинг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланиб бораётир. Унумдорлиги паст ерларда пахта етиштиришдан воз кечилиб, озиқ-овқат экинлари жойлаштирилаётганига ҳам барча гувоҳ. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам мазмун-моҳиятига кўра, ер ресурсларини самарали бошқаришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Бинобарин, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, аҳолига деҳқончилик йўналишида ташкилий, ҳуқуқий ҳамда таъминот масаласида яқиндан кўмаклашишдан иборатдир. Айниқса, ҳар дақиқаси ғанимат саналган экин-тикин мавсумида.

Биласиз, ушбу мавсум ўта тиғиз пайт саналади. Ниҳол қадаш, уруғ сепиш ишлари узоғи билан ўттиз кундан ошмайди. Шу вақт ичида экканинг, улгурганинг. Акси бўлса, қуруқ қўл билан қолаверасан. Ернинг умрини зое кетказасан. “Тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, тоғдек барака хирмонлари ҳам мисқоллардан яралади. Бироқ кўплаб юртдошларимиз сув таъминотида муаммоси бўлмаса-да, унумдор ерини ўз ҳолига ташлаб қўйишгани, айримлари эса мўмай даромад манбаини бедазорга айлантириб қўйишганини қандай изоҳлаш мумкин?! Бундан кўринадики, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг тизимда бозор механизмларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини барқарор ошириш ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлари бугунги кун талаблари даражасида эмас. Ваҳолонки, аҳоли ихтиёридаги 8 — 10 сотихлик томорқаларнинг қуриб-қақшаб ётиши боқибеғамлик, лоқайдлик маҳсулидир.

Саккиз йўналишда хизмат кўрсатилади

— Президентимиз ибрат сифатида Хитой деҳқончилик маданиятини ўрганишни тарғиб қилиб келадилар, — дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Ҳаким Муродов. — Бу бежиз эмас. Негаки, бир парча ерида ҳовуз қазиб, йилига тонналаб балиқ олаётган ҳам хитойлик тадбиркор. Тошлоқ жойда кўчат ундириб, мевасини Ер юзига тарқатаётган ҳам хитойлик боғбон.

Айтса, гап кўп. Тупроғимиз унумдор, иқлимимиз қулай. Тўғри, шўрланган, захланган жойлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу каби кичик муаммоларни ҳал этиш имкониятлари талайгина. Аччиқ ҳақиқат шуки, ерни қойилмақом қилиб, меъёрида ишлатишни билмаймиз. Айниқса, қишлоқ жойларда ҳовли ичидан ташқарисида қанчадан-қанча ерлар ҳувиллаб ётибди. Шу жойни бировга бер, фойдалансин десанг, ғурбат қиладиганлар ҳам кўп орамизда. Барака топгур, бирон нарса эк десанг, бош қашлайди. Бундай ҳолатларга қачонгача тоқат қилиш мумкин?! Ҳаёт йилдан-йилга янгиланиб, яшашга бўлган муносабатлар юксалаяпти. Табиийки, эҳтиёжларимиз ортаяпти. Шундай экан, хазинани устидан тепиб ўтиш эмас, балки уни очиш пайти ҳозир.

Шу ўринда муҳим статистик маълумот. Республикамиз бўйича аҳоли ихтиёрида экин экса бўладиган 445 минг гектар ер мавжуд. Ўтган йили ушбу майдонларда томорқа эгалари томонидан 4 миллион 684 минг тоннадан зиёдроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, 8 триллион 467 миллиард сўм даромад кўрилган. Бу йил эса бултургига нисбатан 2 миллион тонна кўп, яъни 6 миллион 691 минг тонна ҳосил олиш кутилаяпти.
Бу натижалар яхши, албатта. Аммо ўтказилган таҳлилларга қараганда, ҳозирги кунда мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ хонадонлар бўлса, уларнинг 124 минг 474 таси томорқасидан самарасиз фойдаланаётгани ташвишланарлидир.

Давлатимиз раҳбари ушбу мавзуга бағишланган йиғилишда айни шу камчиликларни бартараф қилиш учун тегишли чора-тадбирларни кўриш зарурлигини қайд этди. Бу борада аҳолига кўмаклашиш мақсадида барча туманда “Томорқа хизмати” корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, улар орқали томорқалар учун кўчат, минерал ўғит, кимёвий препаратлар етказиб бериш, механизация ҳамда бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича тизим яратиш юзасидан топшириқ берилди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 
1 апрелидан ҳар бир туманда ана шундай корхоналар фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудларда унинг шохобчалари очилади. Уларда томорқани ҳайдашдан тортиб, ҳосилни сотиб олишгача бўлган саккиз йўналишда хизмат кўрсатилади.

Ҳозирги кунда эса Бухоро вилоятининг Ромитан, Тошкент вилоятининг Пискент, Сурхондарё вилоятининг Музработ, Қизириқ, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманларида намунавий “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари ишга туширилди. Энг муҳими, бундай хизматни тадбиркорлик субъектлари тўлиқ ўз маблағи ёки давлат кўмаги билан ташкил қилишлари мумкин.

Шароит бир хил, натижа эса...

Фарғона вилоятида аҳоли зич жойлашган. Шу боис хонадонлардаги томорқа ер майдонларининг бир қаричи ҳам бўш турмайди. Миришкорлар турли усулларни қўллаб, кўпроқ даромад олиш пайидан бўладилар. Бироқ шундай оилалар ҳам борки, бунинг акси. Уларнинг ҳовлисига кирсангиз, бўш ва қаровсиз ётган томорқани кўриб, таъбингиз хира тортади.
Президентимиз Олтиариқнинг “Узумчи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги деҳқон Исоқжон Бойқулов ишига юқори баҳо бериб, унинг тажрибасидан ўрнак олиш кераклигини таъкидлаган эди.
Чиндан ҳам, Олтиариқда узумчиликда Исоқжон акага етадигани йўқ. Унинг ҳовлисида йил — ўн икки ой узум бўлади. Шунинг ортидан рўзғори бут, турмуши фаровон.

Фото: "Халқ сўзи".

Бағдод туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Музаффар Қаҳҳоров қишлоқдаги мактаб олдида, маҳаллаларда майда-чуйда сотиб тирикчилик қилади. Унинг ихтиёрида 6 сотих томорқа бор. Ҳовлига кирганимизда баҳорнинг илиқ кунлари аллақачон бошланганига қарамасдан ер ҳамон ҳайдовсиз. Ўтган йилдан қолган маккапоя қолдиқлари, хас-чўплар томорқа ҳуснини бузган. Худди шундай ҳолатни шу маҳаллада истиқомат қилувчи Абдухолиқ Жалилов хонадонида ҳам кузатиш мумкин. 7 сотих ер майдони ҳалиям кўклам тадбирларини кутиб ётибди. Хонадон эгалари билан суҳбатлашганимизда, ернинг ҳали етилмаганлиги, захлиги, кунлар исиб, зах қочгач, чорва учун маккажўхори экишни кўзлаб турганини айтишди.

“Изланган имкон топар, изланмаган баҳона”, дейди халқимиз. Чиндан ҳам, юқорида номлари келтирилган юртдошларимиз билан бир маҳаллада яшовчи қўшниларининг ҳовлисида эса умуман бошқа манзара: Фахриддин Йўлдошев 4 сотих экин майдонига ўтган йилнинг кузидаёқ саримсоқпиёз қадаган. Йўғон ингичкалашиб, ингичка узиладиган айни пайтда у асосий даромад манбаига айланди. Қўшнилари Тўйчибой Хўжаев қиш бўйи бозорга кўкат олиб чиқди. Носиржон Назаров эса, аллақачон томорқани иссиқхонага айлантирган. 

3 нафар фарзанди бўш вақт топди дегунча, томорқадаги юмушлар билан машғул. Усмонали Назирқуловнинг томорқасида бўй чўзган қалампир ниҳолларини кўриб дил яйрайди.

— Ўтган йилда ҳудудимизда томорқасидан унумли фойдаланмаётган 16 нафар фуқаро бор эди, — дейди “Юксалиш” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Саидакбар Йўлчиев. — Жорий йилда тушунтириш ишлари, моддий кўмак ва жамоатчилик назорати туфайли бундай оилалар сони 10 та камайди. Қувонарлиси, шу 10 оиланинг барчаси томорқадан унумли фойдаланиш эвазига кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилди.

Халқимизда “Сепли бўлгунча эпли бўл”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Адҳамжон Ҳошимовлар оиласи Тошлоқ туманидаги “Қанжирға” маҳалла фуқаролар йиғинида томорқадан энг кўп даромад оладиган оилалардан бири ҳисобланади. Ҳудуддаги 3600 нафар аҳоли ихтиёрига берилган жами 68 гектар томорқадаги иссиқхоналарда эртаги бодринг, помидор, карам, булғор қалампири, саримсоқпиёз, турли кўкатлар етиштирилади.

— Томорқамиздаги 6 сотихли иссиқхонада 200 минг туп карам кўчати етиштириб, аллақачон сотганмиз, — дейди оила соҳибаси Гулчеҳра Шамшиева. — Ҳозирги кунда иссиқхонамизда яна карам кўчатлари тайёр бўлди. Уларни ижара шартномаси асосида олган 3 гектар ерга кўчириб ўтқазаяпмиз. Карам ниҳолларидан бўшаган иссиқхонамизга помидор экамиз. Хонадонимизда етиштирилган маҳсулотлар водий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига етказиб берилади. 2018 йилда томорқамиздан 150 тонна карам ва 3,5 тонна помидор ҳосили олиб, унинг катта қисмини қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирганмиз.

 

Камчиликлар аниқланиб, бартараф этилмоқда

Томорқа имкониятлари нақадар катта эканлигини оддий ҳисоб-китоблар ҳам тасдиқлайди. Масалан, пойтахт вилоятининг Қибрай туманидаги 36 мингга яқин хонадонларнинг 2517 гектарлик томорқа майдони бор. Бу ерлардан йилига ўрта ҳисобда 44 минг тоннадан ортиқ сабзавот, картошка, мева ҳамда узум етиштирилади. Туман аҳолисининг бу каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган йиллик эҳтиёжи эса 31,5 минг тоннага тенг. Томорқачилар 12,5 минг тоннадан ортиқ маҳсулотларини Тошкент шаҳри бозорларида сотадилар.

Баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат. Унинг ҳар дақиқасидан самарали фойдаланиш лозим. Халқимиз “Эрта эккан хирмон, кечикканлар армон қилур”, деб бежиз айтмайди.

Соҳа мутахассислари томорқада “тўқсонбости” усулини кўпроқ татбиқ қилиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Туман бўйича 170 гектар томорқага ушбу усулда экин экилганлиги, бу эса умумий майдоннинг 7-8 фоизини ташкил этаётгани мазкур усулга эътиборни кучайтириш зарурлигини кўрсатиб турибди. Ёки 686 та хонадоннинг 20,5 гектар майдонида иссиқхоналар ташкил қилинганлиги ҳам мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганидан далолатдир. Бу борада банк-молия муассасалари ҳам фаоллик кўрсатишлари зарур. Тўғри, бугун томорқасида иссиқхона ташкил этиш истаги борларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга имтиёзли кредитлар бериш тараддуди кўрилмоқда. Афсуски, бу иш анчагина кечиктирилганлиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолмоқда. Бир сотих иссиқхона қуриш учун 4 миллион сўм маблағ сарфланиши инобатга олинса, масаланинг ечими у қадар катта муаммо туғдирмайди.

Туманда томорқа ҳолатини ўрганиш, томорқачиларга амалий ёрдам бериш гуруҳлари тузилган. Гуруҳ аъзоларига беш-ўнтадан хонадон бириктирилди. Энди улар эрта баҳордан то кеч кузгача оталиқларидаги хонадонлар томорқасига кўмак берадилар.

Ишчи гуруҳи аъзолари дастлабки кунлардаёқ бир қатор камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўришмоқда. Масалан, “Тошисди” МФЙдаги Темир йўлчи кўчасида жойлашган еттита хонадон ўтган йили умумий майдони 0,42 гектар бўлган томорқадан бир сўм ҳам даромад олмаган. Уларнинг бу йилги тараддудлари ҳам сезилмаяпти. Ишчи гуруҳи аъзолари хонадон соҳибларини ерни қайтариб олиш ёхуд тўланадиган ер солиғини 3 баробар кўпайтириш ҳақида огоҳлантирдилар. Шу куннинг ўзида туман бўйича 100 га яқин хонадонларнинг томорқадаги иши салбий баҳоланди.

Ишчи гуруҳи фаолияти самарадорлигини ошириш, томорқадан унумли фойдаланиш учун туманда “Ўсимликлар клиникаси” томорқа хизмати маркази ташкил қилишни тезлаштириш лозим. У ҳозирги кунда фаолият юритаётган 9 та уруғчилик дўкони, 10 та минерал ўғит сотиш шохобчаси билан бирга, томорқачилар оғирини енгил қилган бўлар эди.

500 минг сўм қайда-ю, 25 миллион сўм қайда?

Бухоро туманининг “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хўжаработ қишлоғида истиқомат қилувчи Рустамовлар ҳовлисига қадам қўйган киши саранжом-саришталик, тозаликни, айниқса, томорқани кўриб, “Файзли, қут-баракали хонадон экан”, деган хулосага келиши тайин.
“Баҳор эндигина бошланди, томорқадаги қанақанги тўкинчиликдан сўз очаяпсиз?” дея ҳайрон бўлманг. Гап шундаки, бу оила етти сотих ерда иссиқхона барпо этган. Айни дамда помидор пишиб етилди. Ҳосилни кўриб кўз қувонади.

— Шу хонадонга бундан 8 йил муқаддам келин бўлиб тушганман, — дейди Дилафрўз Аслонова. — Ўшандан бери бир қарич ернинг ҳам бўш турганини эслаёлмайман. Билишимча, уйимиздагилар 12 йилдан буён иссиқхонада помидор, бодринг етиштиришади. Бу йил камида 25 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибмиз. Ҳамма орзу-ҳавасларимизга шу томорқа шарофати билан эришаяпмиз.

 

Бу сўзларда муболаға йўқ. Оила шинам, кўрса ҳавас қилгулик уйда яшамоқда. Автомашиналари бор. Хонадоннинг тўнғич фарзанди яқинда янги уй-жойли бўлди. Оила соҳибларига муборак Ҳаж зиёратини адо этиш бахти насиб қилди. Шундай экан, томорқани хазинага ўхшатмасдан бўлар эканми?
Афсуски, 300 хонадон истиқомат қилаётган Хўжаработда бундай омилкор оилалар бармоқ билан санарли. Аксарият фуқаролар ерга беда экиб қўйишган. Намини йўқотиб, қақшаб ётган томорқа ерларини ҳам учратасан, киши. Мутахассислар фикрича, агар Рустамовлар хонадони аъзолари 7 сотих ерга беда экишганида йилига, нари борса, 500 — 600 минг сўм фойда кўришар экан. 25 миллион сўм қайда-ю, 500 минг сўм пул қайда? Хулосани ўзингизга ҳавола этамиз-да, шу қишлоқда яшовчи Акбар Насриддиновнинг сўзларига эътиборни қаратамиз.

— Кўриб турганингиздек, томорқамиз қақшаб ётибди, — дейди у. — Бирор экиндан тузук ҳосил ололмаяпмиз. Картошкадан тортиб, сабзи-пиёзгача — ҳаммасини бозордан сотиб оламиз. Сабаби шундаки, ариғимиз кўмилиб кетган. Ҳашар қилиб қазисак, бир ойча сув оқади. Кейин яна ўша аҳвол. Ер ости суви эса шўр. Насос қураман, деб нақд 800 минг сўм сарфладим.

Икки хонадондаги икки хил манзарани кўриб, беихтиёр “Қаловини топса, қор ёнар”, деган нақл ёдга тушади. Рустамовлар хонадони аъзолари экинни томчилатиб суғориш орқали томорқадан миллионлаб сўм даромад кўришмоқда, бошқа хонадонларда эса ернинг умри зое кетмоқда. “Қарасанг боғман, қарамасанг доғ” деганлари шу эмасми?!

Адолат юзасидан айтиш лозимки, қишлоқда оқар сув муаммоси бор. Аҳоли турли ташкилотлар, жумладан, вилоят ҳокимлигига ҳам шу масала ечими борасида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Айтишларича, 700 метр масофага лоток ариқ ўтказилса, олам гулистон. Аммо муз ўрнидан жилганича йўқ. Айнан шу сабабли хўжаработликлар қўлида бўлган 15 гектардан зиёд томорқа қишда чилла суви “ичмади”. Экин-тикин ишлари авж паллага кирган айни кунларда ҳам қишлоқ ариғи қақраб ётибди. Ваҳолонки, сув таъминоти оқилона йўлга қўйилса, бу ерларда қанчадан-қанча картошка, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш мумкин. Неча йиллик муаммо олдида маҳалла мутасаддиларининг томошабин бўлиб туришлари ҳам кишини ажаблантиради. Дарвоқе, биз “Гулшанобод” мутасаддиларидан “Маҳаллада яшовчи фуқаролар ихтиёрида қанча томорқа ери бор?” деган саволга ҳам жўяли жавоб ололмадик.

Томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар тажрибасини оммалаштириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, томорқачилар ташвишини енгиллаштириш маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари диққат-эътиборида туриши керак эмасми?!
Маҳалладан қайтаётиб қишлоқ муаллимаси Шоҳиста Насриддинова билан суҳбатлашиб қолдик.

— Томорқамизга ҳар йили чорва озуқаси экардик, — дейди у. – Картошка, пиёзни эса бозордан таширдик. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан. Бу йил бошқача йўл тутдик: 8 сотих ерда иссиқхона барпо этдик. Насиб қилса, томорқадан ўн-ўн беш ҳисса кўп қўшимча даромад оламиз. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз янада баракали бўлади.

Ернинг уволига қолманг

Халқимиз йилдан-йилга деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, бозор талаби ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришнинг инновацион усулларини жорий этмоқда. Гидропоника усулидаги иссиқхоналар, интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавотларни сақлаш учун замонавий совитиш тизимига эга омборлар қуриш борасида энг илғор технологиялар ҳаётга татбиқ қилинаётгани бунинг мисолидир. Бироқ мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш баробарида, жуда катта экспорт салоҳиятига ҳам эга бўлган томорқа хўжалиги имкониятларидан Хоразм вилоятида тўла фойдаланилмаяпти...

Маълумотларга қараганда, вилоятда 289 минг 452 нафар томорқа ер эгасига 39 минг 471 гектар экин майдони ажратиб берилган. Аммо ана шу ерларнинг барчаси оқилона ишлатилаяпти, дея олмаймиз.

Гап шундаки, яқинда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ўтказилган мониторинг чоғида 249 томорқа ер эгасига бириктирилган 32,4 гектар экин майдони қаровсиз ҳолатда эканлиги аниқланди. 138 та томорқа ер эгаси билан мулоқот ўтказилгач, ушбу салбий ҳолат бартараф қилинди. 111 оилага қарашли 12,1 гектар томорқа майдони маҳаллий ҳокимликлар ер фонди захирасига ўтказилди.

— Айримларнинг қишлоқда яшаб, сабзи, пиёз учун бозорга чопганини кўриб ҳайрон қоламан, — дейди Хонқа туманидаги Дурвадик маҳалласида яшовчи Мавлонбек Жабборов. — Бунинг устига ишсизман, деб нафақа ҳам сўрашади. Томорқаси бор одам ишсиз бўлиши мумкинми? Айримлар меҳнатдан қочиб, томорқасига фақат чорва учун беда экиб қўя қолишади. Ахир ердан бир йилда икки, уч мартагача ҳосил олиш мумкин. Кишида иштиёқ, меҳнатга ҳавас бўлса, бас — ўз ҳаётини ўзи фаровон қила олади. Тўғри, шу пайтгача томорқа ер эгаларига минерал ўғитлар, сара уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш, ўсимликларни зараркунанда ҳашарот ва касалликлардан ҳимоя қилиш ҳамда техника хизмати кўрсатиш масалаларида муаммолар бор эди. Эндиликда ҳар бир ҳудудда “Томорқа хизмати” корхонаси ташкил этилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик.

Сирдарё вилоятида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, шўрхок жойларда ҳам дарахту экин ўстириб, мўъжиза яратаётганлар кўп. Аммо Мирзаобод туманининг “Наврўз” шаҳарча фуқаролар йиғинидаги 8-март қишлоғининг бир неча хонадонларида бўлганимизда, ана шундай ҳавас қилса арзигулик томорқалар қаторида умри бекор ўтаётган ер майдонларига ҳам дуч келдик.
Қишлоқ Гулистон — Гагарин автойўлига туташ ҳудудда жойлашган. Аллақачон дарахтлар куртак ёзиб, табиат яшилликка бурканаётган бўлса-да, қишлоқдаги ҳали шудгор қилинмаган, кетмон кўрмаган айрим томорқалар ана шу йўлдан ҳам кўзга яққол ташланади. Ичкарида эса бундан-да ажабланарли манзара ҳукмрон. Хусусан, Учёғоч кўчасининг 
48-уйи атрофидаги ерлар болалар футбол ўйнайдиган майдончага ўхшайди, десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Шу боисмикин, чим қоплаган мазкур бўз ерни ҳамроҳимиз — ушбу маҳалла фаоли Бердали Санчаровдан “Бу майдон қишлоқ стадионими?” деб сўраганимиз ҳам бежиз эмас.

Аслида, у Фахриддин ва Ёрбек Абдусаломовларга тегишли экан. Шу уйнинг рўпарасида эса тахминан 40 сотихдан зиёд томорқа, ҳатто, ўтган йилги ёввойи ўтлар қолдиқларидан тозаланмаган ҳолда хароб бўлиб ётибди. Ундаги юлғун танасидан ҳам билса бўладики, бу ер қўшниларники каби яқин ўртада экин экиш у ёқда турсин, ҳайдалмаган ҳам. 

Ана шундай инсон меҳнатига зор бўлиб турган томорқа эгаларининг аксарияти ё ер ҳали шудгор учун тобга келмаганини ёки тупроқ шўрхок эканлигини важ қилишди. Қишлоққа киришдаги деярли сайҳонлик бўлган майдонни қоплаган яшилликни кўрган киши эса ушбу баҳонанинг асоссиз эканлигини англайди. Мазкур томорқа соҳиби Ўктамбек Fойибназаровнинг айтишича, тупроқ унумдорлигини ошириш учун ўғит ўрнида шолипоядан фойдаланган. Унинг бу тажрибаси яхши самара берганлиги саримсоқпиёзнинг ривожи авжидалигидан ҳам билиниб турибди. Айни чоғда бу усул камхаражат қилиб, мўмай даромад олиш имконини ҳам бермоқда. Сайфиддин Қўлдошев хонадонида эса зах сувларни қочириш учун қўл кучи билан кавланган зовур ҳам эътиборга молик.

Наманган вилояти, Поп туманидаги Марғизор маҳалласида истиқомат қилаётган Муродали Товисов 25 сотих майдонда деҳқон хўжалигини юритади. У ерни қўлга киритгунга қадар катта-катта режаларни кўзлаган эди. Назорат йўқлигидан фойдаланиб, кейинги пайтларда экинзорни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Оқибатда чорак гектар экинзордан на ўзи, на давлат наф кўраяпти. Чортоқ туманининг Гулшан маҳалласи фуқароси Иззатилла Донаев ҳам деҳқон хўжалиги учун 25 сотих ер олганида сабзавот экиб, оиламнинг йиллик эҳтиёжини қоплайман, ортганини бозорга чиқариб, даромад топаман, деган мақсадни олдига қўйганди. Аслида, гапи бошқа, иши бошқа экан. 

Томорқаси қаровсиз майдонга айланди. Тўрақўрғон туманининг Зарбдор маҳалласида яшовчи Олимжон Нуриддинов ҳам ернинг умрини бефойда ўтказаётганлар сирасига киради.
Бундай кишиларга томорқасини гулдай қилиб қўйган омилкорлардан ибрат олиш зарурлигини айтсангиз, энсалари қотади.

— Ердан самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар кўплаб шахсий томорқа эгалари томонидан ҳам содир этилмоқда, — дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси И. Ҳошимов. — Томорқа — нақд хазинанинг ўзи. Бироқ ҳамма ҳам бу ҳақиқатни тушуниб етаётгани йўқ. Бўлмаса, айрим оилалар томорқаси бўла туриб, кундалик эҳтиёж учун картошка, пиёз, помидор, бодринг, ҳатто, кўкатларни бозордан ташиб юрармиди? Текширишлар чоғида 24 та хонадонда томорқани бўш қолдириш одатий ҳолга айлангани маълум бўлди.

Маълумотларга қараганда, вилоятда 431 минг 338 та аҳоли хонадони, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ихтиёрида 19 минг 898 гектар томорқа майдони бор. Мутахассислар улардан йил давомида оилалар эҳтиёжи учун 215 минг тонна, ички бозорга 172 минг тонна маҳсулот етиштириш мумкинлигини ҳисоблаб чиқишган. Бундан ташқари, 430 тонна мева-сабзавотни экспортга ҳам чиқарса бўлади. Хуллас, имконият катта. Энди ундан фойдаланмаса бўлмайди. Бинобарин, деҳқон хўжалигига ҳам, шахсий томорқа эгаларига ҳам бу масалада қатъий масъулият юкланади.

Томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрнининг эса қиёси йўқ. Ҳамма гап ундан нечоғли оқилона фойдалана олишда. Давлатимиз раҳбари йиғилишда ана шу ҳақда тўхталиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди, галдаги вазифалар белгилаб олинди. Унинг изчил ижроси жорий йилда деҳқону фермер, миришкору боғбонлар олдига қўйилган бош мақсад — 2017 йилдагига нисбатан 24 фоиз кўп маҳсулот етиштириш имконини беради, албатта. Зеро, айни экин-тикин мавсумида фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан экин экиш, ниҳол қадаш, ер-сув ресурслари, яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумли фойдаланиш, пировардида аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини таъминлашга мустаҳкам пойдевор яратиши муқаррар.

Шу йилнинг 1 апрелидан ҳар бир туманда «Томорқа хизмати» корхоналари фаолияти йўлга қўйилади. Улар орқали томорқалар учун кўчат, минерал ўғит, кимёвий препаратлар етказиб берилади, шунингдек, механизация ва бошқа сервис хизматлари кўрсатилади.

Бағдод туманидаги «Юксалиш» МФЙ жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган тушунтириш ишлари, моддий кўмак ҳамда жамоатчилик назорати туфайли 10 та оила томорқадан унумли фойдаланиши эвазига кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилди.

Тошлоқлик Гулчеҳра Шамшиева 2018 йилда томорқасидан 150 тонна карам ва 3,5 тонна помидор ҳосили олиб, унинг катта қисмини қўшни давлатларга экспортга йўналтиришни мақсад қилган.

Бир сотих майдонда иссиқхона қуриш учун 4 миллион сўм маблағ сарфланса, ундан ўн баробар кўп даромад олинади.

Бу йил юртимизда 2017 йилдагига нисбатан 24 фоиз кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар