Томорқадан тўлиқ фойдаланишга нималар халақит беради?

14:20 24 Апрель 2020 Жамият
285 0

Пандемия шароитида иқтисодиётни юритиш, ички бозорни зарур маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт учун ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ҳеч бир давлат учун осон кечаётгани йўқ. Жумладан, Ўзбекистон учун ҳам қатор мураккаб вазифалар пайдо бўлди. Бироқ давлатимиз раҳбарининг иродаси билан ана шу қийин вазиятдан ўзимизга хос ва мос йўл билан чиқиш, иқтисодиётни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Асосан озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ички бозорни тўлдириш  ва уларни экспорт қилиш орқали бугун иқтисодий кўрсаткичлар пасайиб кетишининг олдини олиш мумкин. Кўринадики, юк, асосан қишлоқ хўжалиги соҳасига тушади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли, самарали фойдаланиш бугун ҳар бир  ер эгаси олдида юрт учун учун муҳим, масъулиятли вазифа сифатида кўндаланг бўлди.

“Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  2019 йил 17 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида тегишли вазифалар белгилаб берилган эди. Аммо бугун соҳа катта ўзгаришларни кутмоқда.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, бу маҳсулотларни қайта ишлашни икки баробарга ошириш борасида яна қатор муҳим кўрсатмалар берилди.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишларида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси муҳокама қилинди ва анча тортишувларга сабаб бўлди. Бу ўзгариш билан ер участкасидан оқилона фойдаланмаганлик учун огоҳлантиришдан кейин такрорланса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Тўғри, синовли кунлар келганда, мамлакат олдида озиқ-овқат заҳирасини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини ўйлаш муҳим бўлган паллада томорқа, чорвоқдан фойдаланмай уни ташлаб қўйиш қайсидир маънода хиёнатдек кўринади. Шундай кишилар ҳам йўқ эмас. Аммо ўзбекнинг қонида бир парча ердан ҳам фойдаланиб, тупроқдан зар яратиш хусусияти бор.

Жанубий Кореяга хизмат сафари билан борган кишиларнинг айтишича, у ерда 4 сотих ери бор одам бой ҳисобланар экан. Тадбиркорлик билан ерга қараладиган бўлса, ер одамни боқади. Яқин кунларда Фарғона вилоятида томда иссиқхона ташкил этган тадбиркор ҳақида ҳам ўқидик. Қаловини топса, қор ёнади, деганлари бежиз эмас.

Шунга қарамасдан, ердан фойдаланмаётган кишиларнинг бефарқлигига дангасалик бошқа яна нималар сабаб бўлаётганини бир ўйлаб кўрдикми? Жарима белгилаш осон, агар жарималар билан ҳамма муаммолар ечилганида эди...

Пандемия, карантин, албатта, ўткинчи, лекин қишлоқ хўжалигининг муаммолари илгари ҳам бор эди. Бугун ҳам бор. Эртага эса, бўлмаслиги керак. Тажрибамизда учраган айрим ҳолатлар ҳақида мушоҳадаларни баён этамиз.

Таъкидлаш лозим, томорқаларни суғориш учун сув муаммоси бор. Бу жиддий муаммо бўлиб, аҳоли ўртасида олиб борилган ўрганишлар ирригация тизимининг катта ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатади. Сабаби, илгари тўлиб-тошиб оққан ариқ, канал, зовурларнинг кўпи бугун кўмилиб кетган. Шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам хонадонлар, маҳаллалар ичидан ўтиб келадиган ариқлар аҳоли ташлаган ахлатдан ёки ноқонуний қурилмалар оқибатидан йўқолиб кетган.

Суғориш тизимидаги тарқаладиган сувларнинг ҳам тарозиси бор, “лимит”и бўлиб, уни фермерга, томорқа эгасига тақсимлашда турли ўйинлар мавжудлиги ҳолати ҳам бор. Кўпинча эса, фермерлар томорқа эгаларига сув бермаслик ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса, қатор ишларни амалга ошириш заруратини келтириб чиқаради. 

Биринчидан, энг аввало, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини кенг ривожлантириш зарур. Иккинчидан, сув йўлларини очиш, ёз кунларида сув буғланиб кетишининг олдини олиш учун ариқлар четида дарахтлар экилишини таъминлаш керак. Учинчидан, туман марказларида зах сувни қочирадиган дренажлар қурилса ҳам аҳоли яшайдиган жойларнинг захлаши олди олинади, ҳам шу сувни полиэтилен қувурлар билан қишлоқларга томорқаларни суғоришга тортиб кетиш мумкин. Полиэтилен қувурлар арзон бўлиб, катта маблағ талаб қилмайди.

Томорқа эгаларини қийнайдиган масалалардан бири сифатли уруғдир. Масалан, картошка етиштириш борасида уруғлик доимий муаммо ҳисобланиб келади. “Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам картошкачилик селекциясига алоҳида эътибор қаратилган бўлса-да, ҳалигача бу соҳада олимларимиз, агрономларимиз ва бошқа мутахассисларимиз бирлашиб картошка уруғларини етиштиришни яхши йўлга қўймаганлар. Чет элдан олиб келинадиган уруғлар эса, кўп ҳолларда ишончли эмас. Бундан бошқа маҳсулотлар уруғлари билан ҳам аҳолини таъминлаш муаммоси мавжуд.

Муаммолардан яна бири сифатли ўғит билан экин ерларини таъминлашдир. Агар томорқа хизмати томонидан хонадонларга уруғ ва ўғит билан таъминлаш яхши йўлга қўйилса, томорқада ишлашга меҳр ортган бўлар эди.

Асосий жиҳатлардан яна бири етиштирилган маҳсулотнинг реализацияси ҳисобланади. Томорқада етиштирилган маҳсулотни сотиш учун марказлашган ҳолда бозорини ҳам топиб бериш мақсадга мувофиқдир. Кўп ҳолларда етиштирилган экин ҳосил бергач, у полиз экин бўладими, узумми, олмами, лимонми, пиёзми, фарқи йўқ, деҳқон арзимаган пул билан қолади-да, ўртакаш ҳузурини кўради. Тўғридан-тўғри экспортларга йўл очиб, шунинг механизмини ўйлаб кўриш керак бўлади. Манфаатдор бўлгандан кейин ҳар қандай томорқа эгаси ҳам ерга бор меҳрини беради.

Экин экилмай бўш қолаётган ерлардан самарали фойдаланиш бўйича яна бир таклифни ўйлаб кўриш мумкин. Баъзи кишиларнинг томорқа ери бўлгани билан айрим сабабларга кўра уйида ишчи кучи етишмайди. Шундай ҳолатлар учун жарима қўллаш ўрнига қаровсиз қолаётган ерни келишув асосида ихтиёрий равишда қўшнилари ёки бошқа кишига фойдаланиш учун бериш, ёки 4-5 хонадонга пуллик асосда келиб ишлайдиган одамлар хизматини йщлга щйиши мумкин.

Агар юқоридаги фикрлар асосида ёндашилиб, томорқа эгасига ёрдам берилса, бизнингча, томорқадан даромад олиш бой яшашнинг гаровига айланади.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?