Томорқа ер эгаларига On-line тарзда микрокредитлар ажратилади

13:42 01 Июль 2020 Ҳужжатлар
710 0

“Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, “Томорқа хизмати” МЖЧларга:

— иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони;

— вилоятлар ва туман (шаҳар)лар марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум пунктларида махсус савдо майдонлари ажратилади. 

Қарорга кўра, кластер усулида фаолият юритадиган жами 25 та “Томорқа хизмати” МЖЧга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратилади.

Аҳоли томорқаларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этиш учун кредит берилади.

Марказий банкнинг асосий ставкасида 3 ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз On-line тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизми жорий этилади.

2023 йил 1 январга қадар “Томорқа хизмати” МЖЧ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик берилади.

Қарорга кўра, ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача қоплаб бериш тизими жорий этилади.

Камида 30 та аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш ҳаражатларининг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплашга субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январга қадар товарларни олиб киришда божхона божи (божхона расмийлаштируви учун тўлов ва қўшилган қийман солиғидан ташқари) тўланмайдиган айрим техника ва ускуналар рўйхати белгиланди. 

Шунингдек, ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастури шакллантирилади.

2021 йил 1 январга қадар Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳузуридаги “Ахборот-маслаҳат марказ”лари (Extension center) ҳамда “In-vitro” лабораторияси томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлари ва кўчатларини тайёрлаш, етказиб бериш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳамда етиштириш агротехникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш юзасидан маслаҳат ва тавсиялар бериш бўйича хизматлар шартнома асосида ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?