Томчилатиб суғориш — сувни тежаб, даромадни оширади

18:14 13 Август 2020 Иқтисодиёт
320 0

Бутун дунёда бўлгани сингари серқуёш диёримизда ҳам сув муҳим аҳамиятга эга. Мавжуд сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга сарфланиши эътиборга олинса, бу беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш долзарб масала саналади. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологиялар жорий этилса, ҳосилдорлик кўтарилиши билан бирга, сувни тежаш имконияти ҳам юзага келади.

«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги «Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4499 - сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилоятида 4 минг 40 гектар пахта, 10 минг 639 гектар боғ, 814 гектар ток, 941 гектар ёнғоқ, 418 гектар сабзавот ва полиз экинлари жами 16 минг 848 гектар ер майдонида сув тежамкор инновацион технологиялар жорий этилган.

Жумладан, Иштихон туманида 2 минг 589,5 гектар, Самарқанд туманида 2 минг 117,2 гектар, Булунғурда 1 минг 872 гектар, Оқдарё туманида 1 минг 490,5 гектар ер майдонидаги қишлоқ хўжалиги экинлари томчилатиб ва ёмғирлатиб суғорилмоқда.

Иштихон туманидаги “Maroqand Sifat Texstil” агрокластери қошидаги Иштихон олтин ерлари фермер хўжалиги томонидан 2045 гектар ерга экилган ғўза томчилатиб суғорилмоқда. Хўжаликнинг 6 та ҳудудига сув тежамкор марказий ускуналар ўрнатилган. Исроил, Туркия, Германия сингари ривожланган давлатлардан илғор технологиялар келтирилган. Томчилатиб суғориш учун, ҳар гектар ерга 1800 - 2000 минг АҚШ доллари миқдоридаги замонавий ускуналар ўрнатилган.

- Илгари мазкур ҳудуд, иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳисобланиб, ҳар гектар ердан ўртача 10-15 центнердан ҳосил олинган бўлса, бугунга келиб ҳосилдорлик гектарига 35-40 центнерга тўғри келмоқда. Жорий йил ғўзанинг С-8286, Бухоро-102 навлари экилиб, томчилатиб суғориш орқали парваришланмоқда.Томчилатиб суғорилганда сув табиий усулдагига нисбатан 40-45 фоиз тежалади. Шунингдек, кимёвий ўғитлар марказлашган холда ғўзанинг бевосита илдизига юборилиши боис ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади.

Бундан ташқари, оддий усулда пахта хом ашёси етиштирилганда мавсум давомида камида 12-15-маротаба культивация қилинса, томчилатиб суғоришда ғўзани культивация қилиш кескин камаяди. Оддий усулда ҳар 5 гектар ерда бир нафар сувчи меҳнат қилса, замонавий инновацион технология орқали ҳар 30 гектар майдонда 1 нафар сувчи ишлайди.

- Бугунги кунда ғўзанинг ривожи яхши, ҳар бир тупда 25-30 тадан кўсак мавжуд, -дейди “Maroqand Sifat Texstil” МЧЖ директори Аҳад Каримов. Насиб этса пахта йиғим-терим мавсумини қисқа муддатларда ва сифатли тугатган ҳолда кластер қошидаги қайта ишлаш корхонасида тайёр маҳсулот тарзида чет давлатларга экспорт қилишни режалаштирганмиз. Кластер корхонаси томонидан 7 та замонавий пахта териш машинаси харид қилинган.

2020 йили Самарқанд вилояти бўйича жами 4 минг 788 гектар, шундан 2 минг 200 гектар пахта майдони, 1 минг 616 гектар боғ замонавий сув тежамкор технологиялар асосида томчилатиб ва тупроқ остидан суғориш технологиялари жорий этилиши режалаштирилган.

Томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан замонавий инновацион технологиялар жорий этилса, сув ресурслари ва харажатларни тежаш баробарида кўпроқ даромад олишга замин ҳозирланган бўларди. Давлатимизнинг ўз тараққиёт йўли ҳам айнан шундан иборат.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?