Томас Гремингер: “Бугун ёшларни эшитиш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш жуда муҳим”

18:15 12 Июнь 2018 Сиёсат
338 0

Шу кунларда юртимизда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер меҳмон бўлиб турибди.

ЕХҲТ раҳбари “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуидаги халқаро конференцияда чиқиш қилди. Хусусан, у ўз нутқида глобал кун тартибидаги масалалар бўйича долзарб фикр-мулоҳазаларни айтиб ўтди.

— Аввало, Ўзбекистон ҳукуматига шундай анжуманни ташкил қилгани учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Тажовузкорликка асосланган экстремизм ва унинг пировард натижаси бўлмиш терроризм хавфи Марказий Осиё ҳамда бутун МДҲ ҳудуди бўйлаб доим мавжуд бўлганини назардан қочирмаслик лозим. Унга биргаликда, келишиб ҳаракатларни мувофиқлаштирган ҳолатда қарши курашиш муҳим. Айни пайтда бу кураш давомида биз инсон ҳуқуқларига ҳам дахл қилмаслигимиз, чунончи, инсонларнинг сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, ОАВ ҳуқуқи чекланмаслигини таъминлашимиз керак.

Бу жараёнларга имкони борича ёш йигит-қизларни ҳам жалб қилишимиз, уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишимиз зарур. Кейинги пайтларда шахсан гувоҳ бўлдимки, Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда жамиятни ислоҳ қилиш жараёнларида терроризм ва экстремизмга қарши курашишда бу таҳдидларнинг олдини олишга катта аҳамият берилмоқда ва бунда ёшларга муносиб яшаш, таълим олиш шароитларини таъминлаш бош омил сифатида кўрилмоқда. Мен буни жуда ижобий ҳолат, деб ўйлайман.

Ўтган ой Тожикистонда ҳам терроризмга қарши кураш бўйича шу каби халқаро анжуманда иштирок этдик ва унда ҳам хавфсизликни таъминлашнинг асосий воситаси сифатида ёшлар масаласи биринчи ўринга чиқди. Душанбе декларациясидаги тавсияларда бунга алоҳида урғу берилди. Шахсан ўзим фаолият юритаётган ташкилот фаолиятини ҳам минтақада рўй бераётган ижобий жараёнлар ва ҳаракатларга мувофиқлаштиришга интилмоқдамиз.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2250 ва 2419-резолюцияларида (Можароларни ҳал этиш, тинчлик битимларини тузишда ёшларнинг ўрнини инобатга олиш ҳақидаги халқаро ҳужжатлар — таҳр.) илгари сурилган ғоялардан келиб чиқадиган бўлсак ҳам, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг жамиятдаги ўрнини тан олиш долзарбдир. Бугун ёшларни эшитиш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш жуда муҳим. Бу борада Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар диққатга сазовор.

ЕХҲТ томонидан ҳам экстремизм ва терроризмга қарши кураш йўлида жуда кўп ишлар қилинди. Кўплаб халқаро семинарлар, анжуманларнинг ташкил этилгани, турли мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида бу борада ўзаро тажриба алмашиш учун имкон яратиш, давлатлар раҳбарияти ва жамият ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, махсус интерфаол сценарийларга асосланган турли машқлар ечиш орқали терроризмга қарши кураш бўйича энг мақбул ҳаракат стратегияларини шакллантириш шулар жумласидан.

Шунга қарамай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган ёшлар, аёллар ҳамон экстремистлар учун энг кам ҳимояланган нишон бўлиб қолаётганлиги бу ҳолатга қарши ҳаракатларни изчил давом эттириш заруратини кўрсатади. Ўйлайманки, мазкур конференция ҳам бу йўлда дадил қўйилган қадамдир. Анжуман қатнашчилари суҳбат ва музокараларда ёшлар масаласига чуқур эътибор қаратиб, бунда Ўзбекистоннинг жорий йўналишдаги сиёсати бўйича тўплаган тажрибасига мурожаат қилишгани ғоят муҳимдир.
Ботир ҒОФУРОВ ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар