Толиблар Ўзбекистонга ишонч билдиришди

09:53 21 Июнь 2018 Сиёсат
1340 0
Фото: РИА Новости

Расмий тошкент ҳаракат вакиллари билан алоқалар ўрнатилганини маълум қилди

Россиянинг “Коммерсант” интернет-ресурсида чоп этилган мақола шундай номланган.

Ўзбекистон ҳукумати қўшни Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар” ўтказилгани тўғрисида хабар қилди. Ҳаракат вакиллари билан мулоқот март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича конференциядан сўнг ўрнатилган. Ўшанда йигирмадан ортиқ мамлакатлар вакиллари Кобулдаги ҳукумат ва толибларни тўғридан-тўғри мулоқотни бошлашга чорлаб, расмий Тошкент эса ушбу жараёнда воситачилик қилишга тайёрлигини билдирган эди, деб ёзади мақола муаллифи Кирилл Кривошеев.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон бўйича шу йил март ойида Тошкентда ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” номли конференциянинг бевосита натижалари ҳақида маълум қилди.

“Тошкент конференцияси иштирокчиларининг умумий позициясини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон тегишли алоқалар ўрнатиб, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказди. Учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик-барқарорлик ўрнатиш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.

Шу билан бирга, ўзбек дипломатлари Афғонистон ҳукумати ва толиблар Рамазон ҳайити нишонланиши муносабати билан ўзаро ўт очишни тўхтатиш тартибини жорий этганини олқишлади. “Ўзбекистон ушбу ярашув муддатсиз тус олишига умид қилади”, дейилади матнда.

Март ойидаги Тошкент анжуманида толиблар қатнашмаганди. Шунга қарамай, тадбир якунида қабул қилинган декларацияда иштирокчи мамлакатлар “Миллий Бирдамлик ҳукуматининг олдиндан ҳеч қандай шарт қўймаслик асосида “Толибон” билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги таклифини қатъий қўллаб-қувватлаш”ларини таъкидладилар. Қайд этиш жоизки, Кобулдаги ҳукумат ва толиблар ўртасида алоқа канали бор ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда. “Тўғридан-тўғри музокаралар бошланганда шунинг ўзи алоқа канали бўлади”, дея жавоб берган Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний “Коммерсант” саволига.

Айнан Тошкент толиблар ва афғон ҳукумати ўртасидаги музокараларда воситачи бўлиши март ойидаёқ маълум қилинган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев март ойида бўлиб ўтган конференцияда “Биз Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, деб таъкидлаган эди. Ўзбек дипломатларининг “олий мартабали вакиллари” билан учрашувлари мазкур музокаралар йўлидаги биринчи қадам бўлди, дейиш мумкин.

“Тошкент изчил ва тизимли тарзда ҳаракатланмоқда, — дейди “Коммерсант” газетасига берган интервьюсида Марказий Осиё бўйича эксперт, сиёсатшунос Аркадий Дубнов. — Табиийки, толиблар ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги алоқалар илк маротаба олиб борилаётгани йўқ. Аммо айнан ушбу алоқа Афғонистон Президенти Ашраф ўани томонидан эълон қилинган ярашувга мўлжаллаб ўрнатилган. Ўзбекистон Кобулдаги ҳукумат ва толиблар ўртасидаги ишонч муҳити мустаҳкамланишидан манфаатдор. Бошқача айтганда, ўзбеклар Тошкент конференциясида бошланган жараён кетаётгани ва у давом этишини кўрсатиб беришга интилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Тошкент декларациясини имзолаган барча мамлакатлар, шу жумладан, Россия мазкур йўналишдаги унинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини кутяпти”.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ
тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019