“Токни “так” демасанг Қашқарга етади”

16:48 21 Январь 2020 Жамият
481 0

Халқимизда топиб айтилган гаплар кўп. Масалан, “Тарбия тақани тўғрилайди”. Мазмунини англаётгандирсиз?! Тақани қўл билан тўғрилаб бўлмайди. Бунинг учун махсус асбоб-ускуна керак. Аммо тарбия орқали, ҳатто энг қулоқсиз, ўжар ва шўх болани ҳам изга солиш мумкин.

Фарзанд тарбиясида ўта мулойимлик ярамайди, бироз қаттиққўл бўлмоқ жоиз. Халқимизда айтиладиган “токни “так” демасанг Қашқарга етади” деган гап ҳам ҳикматга бой. Биламизки, отни “так, так”, деб тўхтатадилар. Шу каби токни ҳам “так” демаса, яъни вақти-вақти билан хомток қилиб турилмаса, бўйига зўр бериб, ҳосили яхши бўлмайди. Демак, болага худди шундай эътибор зарур. Уни тўғри парвариш қилмасанг, бора-бора ҳеч ўнгланмайдиган безорига айланиши турган гап.

“Instagram”, “Twitter”,“Facebook”, “В контакте” каби ижтимоий тармоқларда ёшларимиз жуда фаол. “Оммавий маданият” сиртмоғига илинган ўсмирлар руҳиятидаги ғаройиб ўзгаришлар бежиз эмас.“Ёшларимиз тарбияси бузилиб кетмоқда, нима қилмоқ керак?” Тарихчи Геродот Миср эҳромларини зиёрат қилаётиб, “Шоҳлар водийси”даги эҳромда ушбу сўзларни кўриб ҳайратланган экан. Жуда кўҳна бу сўзлар ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Хўш, ёшлар “оммавий маданият”дан нимани юқтирмоқда? Худбинликни, лоқайдликни, эътиборсизликни, хиёнатни... Вафо, садоқат, ҳаё, ибо, инсоф, саховат каби жамики, эзгу тушунча ва амаллар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Олайлик, “оммавий маданият” худбинликни қандай таърифлайди? Ўзи учун яшаб қолиш, оила учун қайғурмасликни яхши одат сифатида таърифлайди. Миллий маданиятимизда биламизки, бунинг акси. Ёки хиёнат тушунчаси эркинлик белгиси, кечирилиши керак бўлган иш сифатида тарғиб қилиниши бизнинг ҳеч бир қолипимизга тушмайди.

Агар ёшларимиз машҳур китобларни қўлдан қўймай ўқиса, айниқса, манқурт Жўломоннинг аянчли тақдири уларга сабоқ бўлса, бу даражада фикрсизлик уммонига шўнғиб кетмасди. Фикрсизлик оқибатида тобелик – куч билан бўйсундирилгандан кўра минг чандон фожиали экани ҳақидаги ўлмас ҳақиқатдан улар огоҳ бўлишлари керак. Ўзини ҳимоя қила билиш, яъни мафкуравий иммунитетга эга бўлиш зарурлигини бугун замон тақозо қилмоқда.

Инсоннинг ички дунёси азал-азалдан мувозанат билан суғорилган. Инсоният қанчадан-қанча тузумни бошдан кечирган. Аммо унинг мувозанати ўзгармасдан қолаверган. Бундай мутаносиблик табиатда ҳам, жамиятда ҳам мавжуд. Маънавий мувозанатни – ўзликни сақлай билиш инсоннинг инсонийлигидан дарак беради. Ҳаммамиз биламизки, бу мувозанат бузилса, биз орзу қилган ўша “нима”дир инқирозга учрайди.

Бугун юртдошларимизнинг моддий аҳволи ҳавас қиладиган даражада. Масалан, ҳар биримиз ўзимизча талқин қилиб кўрайлик: шаҳардаги машҳур ресторанларнинг манзилини, хизмат кўрсатиш сифатини яхши биламиз. Қайси дўконда сифатли ва арзон маҳсулотлар харид қилиш мумкинлиги ёд бўлиб кетган. Ҳатто бу ҳақда яқинларимизга гапиришдан эринмаймиз. Афсуски, шаҳарнинг қайси нуқтасида китоб магазини борлиги ҳақида сўрасангиз, кўпчилик билмайди.

Яқинда ҳукуматимиз қарори билан узлуксиз маънавий тарбия концепцияси тасдиқланди. Бу айни муддао бўлди. Ўзингиз ўйланг, танамиз соғлиги учун қанчалаб тиббий эмлашларни қабул қиламиз. Аммо ёшларнинг маънан соғломлиги учун амалга оширилаётган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар етук ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Токи буни мафкуравий эмлаш, десак муболаға бўлмас. Муқояса қиладиган бўлсак, маънавий тарбия билан жамиятни “укол” қилиб туришмаса, осонликча оёққа туриши қийин. Мазкур концепциянинг келажакдаги самарасини тасаввур қилиб кўрсангиз, фарзандларимизнинг баркамол қиёфаси кўз олдимизда гавдаланади. Ахир, битта маънавий эмлашга қаратилган ҳар битта “укол” қанчадан-қанча иллатлар “микроб”ини камайтиришга хизмат қилади.

Шоди ОТАМУРОД, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Мақола таҳририятнинг фикрини билдирмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?