Токиода Ўзбекистон савдо уйи очилади

11:47 23 Март 2018 Иқтисодиёт
734 0

2018 йилнинг биринчи ярмида Япониянинг Токио шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилиши режалаштирилаяпти. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги хабар берди.

Ўз навбатида мазкур савдо уйи қошида доимий фаолият олиб борадиган шоу-рум ташкил этилади. Рўйхатга олиш босқичи ниҳоясига етгандан сўнг, сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, қуруқ мевалар ва гилос, шунингдек, мошни дастлаб синов тариқасида етказиб бериш йўлга қўйилади.

Яқинда мамлакатимиз делегациясининг “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг янги трендлари” номида ўтказилган Инвестициявий форумига расмий ташрифи доирасида бу борадаги келишувга эришилди. Форум ишида Кунчиқар юртдан давлат тузилмалари ва идоралари, банклар, корпорациялар, илмий-тадқиқот марказлари, олий ўқув муассасалари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг 140дан зиёд вакили иштирок этди. 

Иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг дастлабки натижалари ҳамда истиқболдаги имкониятлар муҳокама этилиб, мамлакатда сармоявий муҳит сезиларли даражада яхшилангани ва хорижлик инвесторлар учун унинг иқтисодий жозибадорлиги ошгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистоннинг “Uztrade” ва Япониянинг “Meiko Corporations” брендлари ўртасида савдо уйи очиш тўғрисида имзоланган шартнома доирасида келгусида Узоқ Шарқ минтақасида ўзбек маҳсулотларини кенг ассортиментда тақдим этиш мўлжалланаяпти.    
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар