Тўйлардаги дабдабабозлик: камайиш ўрнига кўпаймоқдами?

14:45 04 Февраль 2020 Жамият
245 0

Ота-боболаримиз ҳаётларидаги қувончларини ва бошларига тушган оғир мусибатларни оқилона тарзда қавму қариндошлар, қўни-қўшнилар билан биргаликда баҳам кўриб келишгани яқин тарихимиздан маълум. Аммо ўтган асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб, Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар сийқалашиб, обрў олиш мусобақасига айланиб кетди. Маънавият-маърифат ишларининг тарғиботи билан шуғулланган туман маданият уйлари ходимларининг ўта бепарволиги, ўз вазифаларига эътиборсизлик билан қарашлари оқибатида халқни, айниқса, ёшларимизни маънавий-маданий жиҳатдан юксалтириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Туман раҳбарларининг халқ манфаатидан кўра ўз манфаатларини устун қўйиши оқибатида маданият уйлари, кинотеатрлар ўзаро келишувлар орқали арзон гаровга сотиб юборилди. Уларга эгалик қила бошлаган тадбиркорлар эса мазкур биноларда ёшларимизнинг миллий онгини ўстиришга қаратилган муассасалар ташкил этмай, зудлик билан қайта таъмирлаб, катта фойда келтирадиган тўйхоналарга айлантирди. Буларнинг барчасини эса маҳаллий раҳбарлар панжа ортидан кузатиб туришди.

Мустақилликдан сўнг то бугунги кунгача тўйларни (суннат, ўғил уйлантириш, қиз узатиш, юбилейларни нишонлаш), яқинларимизни оламдан ўтганлари учун ҳамдардлик билдириш, марҳумларимизни хотирлаш бўйича ўтказиладиган маросимларимизни оқилона ва камтарона ўтказишни ташкил этиш борасида Президент фармойиши, қарорлари қабул қилинди. Аммо кутилган натижага асло эришолмай келяпмиз.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорини кўтаринкилик билан кутиб олдик. Унда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини менсимаслик каби иллатларга қарши зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Шунга қарамай, тан олишимиз керак, олиб борилаётган ишларда самарадорликка эришиб бўлмаяпти. Маросимларни обрўлироқ жойда ўтказишга, уларда оилавий бойлик ва ютуқларни кўз-кўз қилишга, моддий мавқеи билан мақтанишга интилиш кучайгандан-кучаймоқда.

Яқинда Тошкентнинг катта тўйхоналаридан бирида бўлдик. Столлар европача дизайн асосида безатилган. Дастурхон турли-туман озиқ-овқатлар билан тўлдирилган. Аммо уларнинг аксариятини европача таомлар ва ширинликлар ташкил этади. Бу қандай дабдабабозлик, дея ўзимизга ўзимиз савол бердик. Хорижнинг фалон сўмлик қимматбаҳо ширинликлари ўрнига миллий қандолатчилик маҳсулотлари, хорижда етиштирилган мевалар ўрнига ўзимизда етиштирилган сархил мевалар дастурхонимизни безаса, яхши эмасми? Чунки улар ҳам мазали, ҳам арзон.

Тўй дастурхонида қандай таомлар ва ичимликлар бўлишини, истеъмол қиладиган таомларимиз бир-бирига мувофиқ келиши борасида мутахассис диетологларимиз томонидан ягона стандарт ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки овқатланиш кечки вақтга тўғри келади, уларни ҳазм қилиш маълум бир қийинчиликлар туғдиради.

Ўтган йилнинг 3 декабрида Бойсун туманида бўлиб ўтган никоҳ тўйида спиртли ичимликларни кўпроқ истеъмол қилган йигитларнинг пичоқлашиш даражасига етиб бориши икки ёшнинг бахтли ҳаёт бошлашларини безаш ўрнига катта доғ бўлиб қоладиган ҳодиса сифатида одамларнинг табини хира қилди. Ахир қачон ўзликка қайтамиз, юксак маънавий фазилатлар умримиз безагига айланади.

Биз жаҳон эътироф этиб келаётган улуғ ва донишманд Хоразмий, Фарғоний, Бухорий, Термизий, Беруний, Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби инсонларнинг аждодларимиз! Буни бизга англатиш учун мустақиллигимиз кенг имкониятлар эшикларини очиб берди. Бизнингча, Ўзбекистонни жаҳон афкор оммаси иқтидорли боксчилар, ёш шахматчилар, ёш математиклар, тадбиркор ва ишбилармонлар юрти деб эътироф этиб турган вақтда бундай дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманликка берилиш халқимизнинг обрў-эътибори умуман ярашмайди. Бу бизга шуҳрат келтирмайди. Буюк сўз санъаткори Абдураҳмон Жомий таъкидлаганидек:

Рост юрсанг, эл ичра сарвар бўларсан,

Қимматда тенги йўқ гавҳар бўларсан.

Ҳар биримизни тўйларни дабдабали қилиб ўтказганимиз эмас, балки Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни бажариб, юрт тараққиёти йўлидаги меҳнатимиз эл ичра сарвар қилади. Шуни унутмасак бўлгани.

Акбар ҒАНИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси профессори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019