Тўй-ҳашамда концерт-томоша хизмати кўрсатиш тартибга солинади

09:05 23 Май 2018 Жамият
910 0
Фото: sof.uz

Оилавий тадбирларни ташкил этишда аҳоли ва хизмат кўрсатувчи шахслар ўртасида уч томонлама шартномалар тузиш ҳамда рухсатномалар бериш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Ушбу таклиф Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ҳамкорлигида ўтказилган “Тўй-ҳашамларда концерт-томоша хизматини кўрсатишни қонунчилик ва миллий қадриятлар асосида тартибга солиш муаммолари: амалиёт ва истиқболдаги вазифалар” мавзуидаги давра суҳбатида билдирилди.

Таъкидланганидек, кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ҳамда анъаналарини менсимаслик каби иллатларнинг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда халқимизнинг талаб ва истаклари таҳлил этилаяпти. Ўрганишларда бугунги кунда оилавий маросимларни камхарж ўтказишда одамларни энг кўп қийнаётган масалалардан бири концерт-томоша ўтказишда санъаткорларга тўланадиган ҳақ экани ойдинлашаётир.

Биргина 2017 йилнинг ўзида республика бўйича 3 мингдан зиёд жисмоний шахсларга концерт-томоша фаолияти учун лицензиялар берилган. Қонунчилигимизда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, бу юмуш билан шуғулланиш учун давлат божи тўловчи жисмоний шахслар мазкур фаолият бўйича қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилинган, улар якка тартибдаги тадбиркорлар учун назарда тутилган тартибда, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадалини тўлаши белгиланган, холос.

Бироқ яратилган имтиёзларга қарамасдан, тўй-ҳашамларни ўтказишда хизмат кўрсатувчи жисмоний шахслар (санъаткор, тасвирчи, сураткаш, безакчи, транспорт хизмати кўрсатувчилар ва ҳоказолар) томонидан қўйилаётган нархларнинг ҳаддан зиёд юқорилаб бораётгани аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, айрим вилоятларнинг тўй ҳамда тантаналарида раққосаларнинг рақсга тушиш, пул сочиш, пул қистириш ва ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа одобсиз шоуларнинг намойиш этилиши, хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан уюштириладиган келин-куёв рақси, “севги ҳикояси” (“Love story”) саҳналарининг намойиши ва бошқа бачкана ҳолатларнинг кузатилиши одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда миллий менталитетимизга зид келмоқда.

Тўйхоналарда инсонлар саломатлигига ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи овоз кучайтиргич ускуналаридан кенг фойдаланилиши, фонограмманинг оммалашиши, санъаткор ҳамда раққосалар кийиниш маданиятига риоя қилмаётгани, вояга етмаган ёш ижодий гуруҳларнинг хизмат кўрсатишга жалб этилиши, сўз усталарининг бачкана чиқишлари ҳам бу борадаги оғриқли масалалардан саналади.

Давра суҳбатида оилавий тадбирларни ташкил қилишда аҳоли ва хизмат кўрсатувчи шахслар ўртасида уч томонлама шартномалар тузиш ҳамда рухсатномалар бериш тартибини жорий этиш таклифи илгари сурилди. Оилавий тадбирларнинг ортиқча исрофгарчиликсиз, дабдабасиз ўтказилиши бўйича маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш, тегишли талабларга риоя қилинмаганлик ҳолатларини муҳокама этиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда оилавий тантаналарда санъаткор ва бошқа хизмат кўрсатувчи жисмоний шахслар томонидан ташкил қилинаётган дастурларнинг миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказилишини ҳар томонлама тартибга солиш юзасидан тизимли маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб бориш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019