Тоғу тошда боғ яратган одам

16:28 27 Декабрь 2018 Жамият
563 0

Форишнинг Ётоқ қишлоғидаги тошлоқ ерларни ўзлаштириб, кўркам боғ яратиш фикри туғилган лаҳзадан бошлаб Ҳамза Темировда ҳаловат қолмади. Унинг ниятини эшитганларнинг кўпчилиги, беҳуда ишни қўйинг, тошлоқ ерда ниҳол кўкартираман деб эсингиз кетади, дея уни ниятидан қайтармоқчи ҳам бўлишганди.

Аммо унинг аҳди қатъий эди. У яхши ниятда иш бошлади. Мана ҳозир у эккан ниҳоллар бўй чўзиб, кўркам боққа айланган. Ҳосилини айтмайсизми, меваларнинг таъми тил ёради.

— Нафақага чиққач, кўп йиллик орзуимни амалга оширишга киришдим, — дейди Ҳамза Темиров. — Аввалига туман ўрмон хўжалиги бўлими мутахассислари билан маслаҳатлашдим. Сўнг ўғилларим билан бақамти Нурота тоғ ёнбағридан бир гектардан ортиқ ерни тошдан тозалаб, силжитиш имконсиз метин ҳарсанглар устига эса хом тупроқ ётқизиб, олманинг “Супер голден” навидан 120 туп, 50 туп ўрик, яна шунчадан ёнғоқ, гилос, олхўри, шафтоли ва бошқа мевали дарахт кўчатларидан қададик. Булоқ сувидан челаклаб келтириб, кўчатлар тутиб кетгунигача суғордик. Ниҳоллар саратоннинг жизғинак иссиғида қуриб кетмаслиги учун уларнинг устига соябон ҳам қилдик...

Машаққат ортида ширин орзулар рўёби турганини Ҳамза ака яхши билади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай етти йил заҳмат чекди. Мана, энди унинг кўркам боғига қараб ғурурдан кўкси завққа тўлади. Ҳосили белини буккан дарахтларига назар ташлаганида боғбон ҳамма қийинчиликларни унутади.

Тоғ бағрида кимёвий ўғитларсиз фақат қўл меҳнати билан етиштирилган меваларнинг мазаси тилни ёради. Боғбон ҳар йили улардан дурустгина даромад қилади. У бу маблағни боғни янада кенгайтириш, тропик ниҳолларни келтириб ўтқазиш ва кўпайтиришга сарфламоқда.

Боғбон Ҳамза Темиров боғдорчилик сирларини набиралари ҳамда маҳалланинг соҳага қизиқувчи ёшларига эринмасдан ўргатиб келади. Серҳосил навларни танлаш, уларни қадаш, пайвандлаш, ўстириш, хуллас, мева олгунча бажариладиган барча юмушларни ўзи амалда кўрсатиб беради.

Нафсиламрини айтганда, боғбон орзулаган ниятига етди. У кўнглига тугган эзгулик дарахти бугун бўй кўрсатди. Ундан нафақат форишликлар, балки бу яхшилик амалини эшитган одам борки, баҳраманд бўлмоқда.


Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019