Тоғай Муроднинг “қўшиқлари“ бир жилдга жамланди

12:23 25 Июнь 2018 Маданият
511 0

Шундай асарлар бўладики, ҳаётингни ўзгартириб юборади, дунёқарашингни, қалбингни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. Мактаб даврида Жек Лондоннинг “Мартин Иден“ асарини ўқиб бениҳоя таъсирланган эдим. Кейин эса Тоғай Мурод деган бир улкан АДАБИЁТга дуч келдимки, унинг асарлари қалбимни ром этди-қўйди. Ака-укаларимиз билан талашиб-тортишиб китоб ўқирдик. Аммо акаларим ҳам, укаларим ҳам Тоғай Муродни ўқишмади. “Тили бошқача экан”, дейишди. Мен эса ана шу “бошқача” ёзадиганнинг асарларини ўқиб, бутун вужудим билан ёзувчининг ижод оламига мафтун бўлиб қолдим. Назаримда, у ўз асарларини қўли билан ёзмаган: юрагини шундоқ қоғознинг устига қўйгандек.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 22 июнь куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг танланган асарлари тақдимотида ҳам адибнинг ҳар бир китоби ана шундай ўзига хос хислатларга эга бўлганлиги ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад Тоғай Мурод асарларини қўшиққа ўхшатган эди. Устоз адиб ҳақ. Дарҳақиқат, булар шунчаки эмас, балки юракнинг туб-тубидан отилиб чиққан, дилларни ром этгувчи, халқимизнинг дардини куйлагувчи қўшиқлардир. Ижро этиладиган ашулалар бор, буни ҳаммамиз биламиз, аммо ўқиладиган қўшиқ, ўқиганда ҳам ҳузурланиб, кўнгилдан изтироб туйиб мутолаа қилинадиган қўшиқнинг таъсири, таассуроти, “таъми” ўзгача бўлишини биз Тоғай Мурод асарлари орқали англаб етдик.

Адиб бир асарини “Юлдузлар мангу ёнади” деб номлаган эди. Шубҳасиз, унинг чин ўзбекона, чин миллатпарвар, халқпарвар асарлари ҳам абадиятга дахлдордир.

Тадбирда адибнинг заҳматкаш шогирдлари, у киши билан бир даврада суҳбатдош бўлиш бахтига муяссар бўлган кишилар, таниқли шоир, ёзувчи ва адабиётшунос олимлар, ёш тадқиқотчи ҳамда ҳаваскор ижодкорлар иштирок этишди.

Шоир Шодмонқул Саломнинг адиб ҳаётига бағишланган шеъри йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
“Шарқ” нашриётида чоп этилган китобда адибнинг тўрт қисса ва икки романи бир жилдда жамланган.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар