Тўдакўл сув ҳавзасида туризм рекреацион зоналари барпо этилади

12:17 31 Август 2020 Жамият
163 0

Бугунги кунда юртимизда туризм соҳасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. 

Мана шундай ислоҳотлар натижаси ўлароқ Навоий вилоятида ҳам туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланган ҳолда туристлар оқимини кўпайтириш ва вилоятнинг ижобий қиёфасини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, вилоятнинг Тўдакўл сув ҳавзасида туризм рекреацион​ зоналар барпо этиш борасида чора-тадбирлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Буни вилоят ҳокими Кобулжон Турсунов яқинда бўлиб ўтган вилоят халқ депутатлари Кенгашининг 9-сессияда алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тўдакўл сув омбори атрофида бугунги кунда 22 та туризм соҳасидаги хусусий тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, уларда 1282 нафар меҳмон қабул қилиш имкониятига эга. Шунингдек, бугунги кунда Тўдакўл сув ҳавзаси атрофида туризм объектларини ташкил қилишга оид қиймати 17.3 млрд. сўмлик лойиҳаларни амалга оширилмоқда.

Пандемия шароитида жойлаштириш воситалари хизматларини ташкил қилиш, санитария эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда ички туризмни амалга ошириш, ҳудудларнинг мавжуд инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда туризм соҳасидаги амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши изчил давом этиб келмоқда.

— Навоий вилояти Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзаси ҳудудидаги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансида бўлган, ўрмон билан қопланмаган жами 153 гектар ер майдонларини туман захира ерлар фондига қайтариш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси тайёрланди ҳамда муҳокамага қўйилди, — дейди Навоий вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасанов.

Тўдакўл сув ҳавзасида туризм рекреацион​ зоналар барпо этилиши ҳамда туризм лойиҳаларнинг ишга туширилиши хорижий сайёҳларни қабул қилиш имкониятини 3 баробар (45-50 мингтагача), маҳаллий сайёҳларни қабул қилишни эса 5 баробарга (1,5 млн.) ошириш, сайёҳларни мазкур ҳудудда камида 2-3 кун ушлаб қолишга замин яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?