Тинчлик ва барқарорлик сари ташланган муҳим қадам

23:55 27 Март 2018 Сиёсат
780 0

27 март куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Афғонистон Ислом Республикаси билан биргаликда ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон ташқи сиёсат маҳкамалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда вакиллари қатнашди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон 2017 йилда Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича ўтказилган турли форматдаги халқаро ва минтақавий анжуманларда, жумладан, кенгайтирилган таркибдаги Москва учрашуви (апрель), “Кобул жараёни” (июнь), Афғонистон Ислом Республикасига оид минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (Ашхобод, ноябрь), “Осиё юраги — Истанбул жараёни” (Боку, ноябрь-декабрь) ҳамда Халқаро мулоқот гуруҳи йиғилишида (Осло, декабрь) юқори даражада иштирок этди.

Юртбошимиз халқаро минбарларда, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилди, бу борада аниқ таклифлар билдирди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда илгари сурилган хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратмаслик тамойили Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг асосий мазмунини ташкил этди. 

Юқори даражадаги халқаро форум нафақат қўшни давлатлар, балки дунё ҳамжамиятининг жафокаш афғон халқига ёрдам беришга тайёрлигини, айни пайтда қарийб 40 йиллик инқирозни ҳал қилиш ҳамда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатъий сиёсий хоҳишини ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга бўлган интилишини намоён этди.
Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари давримизнинг энг ўткир минтақавий ҳамда глобал муаммоларидан бири — Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал қилишни амалий руҳда муҳокама этиб, биргаликда умумий бир ечим ишлаб чиқиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани тинчлик музокараларини олиб боришда барча саъй-ҳаракатни бирлаштириш ва қўллаб-қувватлашга чақирди. Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини ўз нутқида Афғонистон тарихида янги саҳифа очиш даври келганини қайд этди. “Биз бугун афғон халқи тақдири ўзгаришига ишонамиз. Биз Афғонистонда тинчликни қарор топтириш ҳамда мамлакатни тиклаш учун шароит яратишимиз мумкин. Музокаралар олиб бориш Афғонистон фуқаролари чеккан кўп йиллик азоб-уқубатлардан сўнг осойишталик сари ўта муҳим имконият ҳисобланади. Европа иттифоқи ва халқаро ҳамжамият тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашга ҳамда унга барча зарур кўмакни бериш учун катта масъулиятга эга”, деди сиёсатчи.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Тошкент конференцияси иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Форумда мазкур лавҳа намойиш қилинди. Таъкидланганидек, БМТ Бош котиби Ўзбекистон ва Афғонистон тинчлик ҳамда барқарор тараққиёт йўлида елкама-елка иш олиб бораётганидан мамнун. Янги тинчлик жараёни Афғонистон учун ҳам, минтақа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. БМТ раҳбари хавфсиз ва тараққий этган минтақани яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Дарҳақиқат, тинчлик ҳамда барқарорлик, энг аввало, афғон халқининг кўп йиллик орзусидир. Чунки бу халқ қарийб қирқ йилдан буён давом этаётган уруш, азоб-уқубат ва муҳтожликни бошдан кечирмоқда. Бу халқ ўзининг бутун тарихи ҳамда мислсиз бардоши билан чинакам ҳурмат ва ҳамдардлик уйғотади. Мамлакатда вужудга келган беқарор вазият аллақачон Афғонистон чегараларини ошиб ўтиб, минтақадан анча нарида ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Афғонистон муаммоси фақат Марказий Осиё минтақаси давлатлари хавфсизлигига эмас, балки бутун жаҳон хавфсизлигига таҳдид туғдираётгани айни ҳақиқат. Шунинг учун ҳам афғон муаммосининг тинч йўл билан ҳал қилинишини таъминлаш, жафокаш афғон халқига ўз заминида узоқ вақт орзиқиб кутилган тинчлик ўрнатилишига ёрдам бериш учун бутун имкониятларни ишга солиш ҳаётий заруратга айланди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, юртимизда бўлиб ўтган юқори даражадаги мазкур тадбир биринчи марта жуда кенг ҳамда батафсил ёритилди. Бунда ташкил этилган матбуот марказининг роли катта бўлди. У ерда маҳаллий ва хорижлик журналистларнинг ишлаши, экспертлар, олимлар, сиёсатшуносларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиши, конференцияга оид маълумотларни тезкорлик билан олиши учун барча шарт-шароит яратилди. Матбуот марказида янграган фикрлар, янгиликлар, давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг нуқтаи назарлари дунё медиамаконини кенг қамради.

Хорижлик меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ўз вақтида бўлгани ва долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Негаки, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ҳамда яхши қўшнилик ҳудудига айланиши йўлида прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Сўнгги бир ярим йил мобайнида мазкур устувор вазифалар ҳаётга изчил татбиқ қилиниб, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатларида тарихий ўзгаришлар юз берди. Давлатлар раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари мунтазамлик касб этиб, ўзаро ишонч муҳити мустаҳкамланди. Чегара, сувдан фойдаланиш сингари нозик ва мураккаб масалаларда дадил ҳамда қатъий қадамлар ташланди. Бугун қўшни мамлакатлар ўртасида ҳал қилинмаган муаммонинг ўзи қолмади, дейишга тўла асослар бор. Энг муҳими, азалдан қуда-анда, қавм-қариндош ҳамда жон қўшни бўлиб яшаган фуқароларнинг борди-келдисига кенг йўл очилди.

Бундай туб ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Афғонистон билан муносабатларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2017 йил мамлакатларимиз ҳамкорлик муносабатларида тарихий йил бўлди. Икки мамлакат Президентлари дўстона, самимий ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотни йўлга қўйишга эришдилар. Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди. Ташриф якунига кўра, сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларга оид 20 ҳужжат имзоланди, 40 дан ортиқ тижорат келишувларига эришилди. Ҳужжатларнинг аксарияти нафақат Афғонистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамият касб этади. Бугунги кунда ўзбекистонлик мутахассислар томонидан Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли ва Сурхон — Пули Хумри электр узатиш линияси қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ишлар бошлаб юборилди. Умуман, ўтган бир ярим йил ичида Афғонистондан мамлакатимизга 20 дан ортиқ делегациялар ташриф буюрди. Таъкидлаш керакки, бундай кўламдаги делегациялар алмашуви ўзбек — афғон муносабатларида илгари кузатилмаган. Энг муҳими, яқин йилларда икки давлат ўзаро савдо айланмасини 1,5 миллиард долларга етказиш устида фаол иш олиб бормоқда.

Конференция ялпи мажлисларида афғон муаммосини ҳал этишда ҳамжиҳатлик зарурлиги қайд этилди. Албатта, мамлакатлар Афғонистонга иқтисодий, гуманитар ёрдам бериб келмоқда. Аммо улар бир фикрда якдилки, Тошкент ташаббуси билан ўтказилган анжуман ўта долзарблиги билан аҳамиятлидир. Чунки афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича ҳар томонлама сиёсий, дипломатик саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг вақти аллақачон келган эди.

Сўз — конференция иштирокчиларига

Сергей ЛАВРОВ, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири:
— Сўнгги пайтлар Марказий Осиёнинг беш мамлакати ўртасидаги муносабатлар ижобий суръат касб этмоқда. Нафақат минтақавий муаммоларни ҳал қилиш, балки қўшни Афғонистонга кўмак бериш учун ҳам шароитлар юзага келди. Айниқса, биргаликдаги саъй-ҳаракатларга катта эҳтиёж бўлган бир шароитда бу жуда муҳимдир. Тўғри, Афғонистондаги вазият ижобий тарафга ўзгармаяпти. Тарихий тажрибадан маълум: афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал этишнинг иложи йўқ. Фақатгина афғон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйиш орқалигина ҳақиқий тинчлик ҳамда барқарорликка эришиш мумкин. Биз ушбу жиҳатлар Тошкент декларациясида ўз ифодасини топганини олқишлаймиз. Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаёт ҳукм суриши, ушбу мамлакат террорчилик, наркотрафик ҳамда бошқа хатарлардан холи бўлиши барчамизнинг миллий манфаатларимизга жавоб беради. Минтақадаги тинчлик ва барқарорликка қизиқиш билдирган барчанинг саъй-ҳаракатини бирлаштиришга ёрдам берган Тошкент конференциясидан умидимиз катта.

Томас ШЭННОН, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари:
— Президент Трамп ҳамда АҚШ аҳолиси номидан Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши бўйича барчамизни бир даврага тўплагани учун миннатдорлик билдираман.

Биз Президент Мирзиёевнинг ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Унинг минтақадаги мамлакатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида илгари сураётган саъй-ҳаракатларини эътироф этамиз. Минтақанинг иқтисодий имкониятларини ошириш, инвестициявий жозибадорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор.
Биз Афғонистон Президентининг музокара қилишга чақирган ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Эндиги қадамни у ердаги сиёсий гуруҳлар ташлаши керак.

Мен Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарларининг нутқларини диққат билан тингладим. Уларда қарийб 40 йилдан бери тугамаётган афғон можаросини ҳал қилиш бўйича қатъий сиёсий хоҳиш, ирода намоён бўлди. Ушбу мамлакатнинг жафокаш халқи урушдан, теракт, зўравонлик ва наркотрафикдан азият чекмоқда. Шунинг учун ҳам доимий равишда ҳамкорликни кучайтириш, мазкур мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш ҳамманинг умумий манфаатларига жавоб беради. Биз Афғонистонга барқарорликка эришиши ҳамда турли таҳдидларга мустақил курашишга қодир бўлишига ёрдам беришимиз зарур. Ўз навбатида, Ўзбекистон минтақанинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшаётганидан мамнунмиз.

Эрлан АБДИЛДАЕВ, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
— Қарийб 40 йилдирки, Афғонистонда қонли тўқнашувларнинг охири кўринмаяпти. Осиёнинг энг қадимий халқларидан бири бўлмиш афғон халқи тинчлик ва осойишталикда яшашга тўлақонли ҳақли. Биз анжуманда иштирок этган бошқа делегациялар вакиллари сингари “Толибон”ни зўравонлик хатти-ҳаракатларидан воз кечиб, афғон ҳукумати билан можарога узил-кесил нуқта қўйиш учун музокаралар столига ўтиришга чақирамиз. Бизнинг асосий мақсадимиз трансчегаравий террористик тармоқлар, жиноий тузилмалар томонидан яратилаётган таҳдидларга барҳам беришдир.

Қирғизистон “Истанбул жараёни” иштирокчиси сифатида Афғонистон ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан “Кобул жараёни”ни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу жараён минтақада тинчлик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, муҳим минтақавий ҳамда субминтақавий лойиҳаларни Афғонистон Ислом Республикаси иштирокида амалга оширишда катта аҳамиятга эга. Биз Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларига мазкур конференцияни ўтказиш ташаббуси ҳамда унинг очилишида иштирок этгани учун миннатдорлик билдирамиз. Уларнинг Афғонистонда тинчлик жараёнини ривожлантириш, хавфсизлик ва минтақавий масалаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга оид фикрлари алоҳида аҳамиятга эга.

Тадамити ЯМАМОТО, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили:
— Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган бундай юқори даражадаги анжуманнинг ташкил қилиниши Ўзбекистон илгари сураётган конструктив ташаббуслардан биридир. Дунё аҳли ушбу ташаббуслар минтақага қай даражада ижобий таъсир кўрсатаётганига, Афғонистон ҳаётида бу қандай акс этаётганига гувоҳ бўлмоқда. Анжуманда Афғонистон шериклари ҳамда қўшниларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар 2001 йилдан Афғонистон Ислом Республикасида тинчлик ва барқарорликни тиклашга кўмаклашиб келмоқда. Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Афғонистон умумий тарихи, маданияти ҳамда географик нуқтаи назардан узвий боғланган. Улар хавфли таҳдидларга биргаликда жавоб қайтаришда, терроризм, радикализмга қарши курашишда, савдо алоқаларини кенгайтиришда ва фавқулодда ҳолатлардаги рискларни бошқаришда катта салоҳиятга эга. Минтақада хавфсизликни таъминлашда Ўзбекистоннинг таъсири кенгайиб бормоқда. 

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ва ҳукумат ҳеч қанақа дастлабки шартларсиз “Толибон”лар билан музокара ўтказиш ташаббусини билдираяпти. Бу жараён янги воқеликни яратади, одамлар қалбида эртанги кунга умид уйғотади.

Маркус ПОТЦЕЛЬ, Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили:
— Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. Германия бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Тошкент конференцияси ташаббуси Афғонистонда тинчликни тиклашга катта ҳисса қўшади. Афғонистон минтақада қурол, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши ҳамда терроризм кучайган ҳудуддир. Фақатгина ҳарбий йўл билан муаммони ҳал қилишнинг иложи йўқлигини яхши тушунамиз. Шу сабаб Президент Ашраф Ғанининг у ерда сиёсий кучлар билан ҳеч қандай шартларсиз музокараларга киришиши бўйича ташаббуси ижобий ҳаракатдир. Тошкент конференцияси афғон мамлакатида тинчлик ўрнатилишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади.

Гарет БЕЙЛИ, Буюк Британия бош вазирининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили:
— Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши, иқтисодий тараққиётга эришиши йўлида катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг бундай ташаббусларидан фақат қойил қоламиз. Биз Президент Ашраф Ғанининг “Толибон”ни музокара столига ўтиришга чақирган баёнотларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Биз ҳам Афғонистон учун порлоқ келажакни истаймиз. Барчамиз сиёсий кучларни музокаралар ўтказиш зарурлигига ишонтиришимиз керак. Минтақавий иқтисодий интеграция нафақат Афғонистон, балки умуман, бутун минтақага фаровонлик олиб келишига аминман. Биз Тошкент конференциясида минтақанинг узоқ муддатли равнақи йўлида ҳамкорликка тайёрлигимизни аниқ намойиш этишимиз керак. Биз Афғонистонда тинчликка эришиш учун сабр, вақт ва қатъиятлилик кераклигини яхши тушунамиз.

Конференция иштирокчилари анжуман якуни бўйича Тошкент декларациясини имзоладилар. Унда мазкур анжуман Афғонистон олиб бораётган тинчлик жараёнини халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватлашга доир саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида кўрилади. Жумладан, декларацияда Афғонистонда ҳеч қанақа шартларсиз ҳамда “Толибон” билан тўлақонли тинчлик сулҳига эришиш учун музокаралар жараёнини қатъий қўллаб-қувватлашга доир баёнот мустаҳкамлаб қўйилган. “Толибон” ҳаракатига ушбу таклифни қабул қилиш, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишда ўз масъулиятини тан олишга чақириқ ҳам акс этди. Декларацияда, шунингдек, терроризмга, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишнинг ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий тамойиллари ўз ифодасини топди. Ўзбекистоннинг тинчлик, хавфсизлик ва минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича мустаҳкам ҳамда кенг миқёсли халқаро ва минтақавий консенсусни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.
«Халқ сўзи» мухбирлари
Омонулла ФАЙЗИЕВ ва
Қобил ХИДИРОВ
тайёрлади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар