Тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланади

13:02 03 Июль 2018 Жамият
220 0

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада барчани фаолликка чақирган эди. Натижалар кўп куттирмади.

Бугун сессияда илгари сурилган ана шундай ташаббус ҳамда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган изчил ташқи сиёсат дунё миқёсида кенг эътирофини топмоқда.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси ана шундан далолат беради.

Ўзбекистон ташаббуси билан минтақадаги қўшни давлатлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат халқлар ўртасида тотувлик ҳамда муштарак мақсадларга эришишни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Эътиборлиси, ушбу резолюцияни дунёдаги 55 давлат вакиллари бир овоздан қўллаб-қувватлади. Унинг лойиҳасини тайёрлашда Россия, Хитой, АҚШ ва Европа иттифоқидаги етакчи давлатлар фаол қатнашди. Зеро, бундай ҳамкорлик Марказий Осиёда дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида манфаатлар рақобатидан кўра, самарали ҳамкорлик муҳити устун эканидан далолатдир.

Резолюция муқаддимасида бу борадаги фаолият аниқ мисоллар билан бирма-бир тилга олинган. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция натижаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки айнан мазкур халқаро анжуман минтақа давлатларининг бу борадаги амалий ишлари асосий йўналиш ҳамда мезонларини белгилаб берди.

Шунингдек, ҳужжатда хавфсизлик ва тараққиёт соҳаларида ҳудудий ҳамда халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бош мезонга айлангани қайд этилган. Чунки фақатгина шу йўл билан, яъни минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш орқалигина барқарор тараққиётга эришиш мумкин.

Қолаверса, ҳужжатда қўшни давлатларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларига ҳам урғу берилган. Жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича конференциянинг аҳамияти алоҳида қайд этилган. Бу принципиал жиҳатдан тўғри ёндашув ҳисобланади.

Зеро, Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб, Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ҳамда юксак тараққий топган минтақага айлантириш мумкин эмас. Чунки афғон замини тарихий ва геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиёнинг ажралмас бўлагидир. Унинг тинчлиги нафақат афғон халқи, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётнинг муҳим омили саналади.

Резолюцияда, шунингдек, халқлар келажак тақдирига дахлдор муҳим масалалар тилга олинган. Жумладан, сув-энергетика захираларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи ҳалокатининг асоратларини юмшатиш, минтақада транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш, фан, таълим, маданият ҳамда туризм соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мамлакатларнинг инновацион тараққиётини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам кенг эътибор қаратилган.

Айтиш жоизки, бу ҳақда кеча қўмитамиз томонидан ташкил этилган “Марказий Осиёда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг тутган ўрни ва роли” мавзуидаги давра суҳбатида ҳам алоҳида таъкидланди.

Қисқача айтганда, БМТга аъзо давлатлар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланган ушбу муҳим резолюциянинг қабул қилиниши, аввало, Ўзбекистон дипломатиясининг катта ютуғидир. Бош Ассамблеянинг мазкур резолюцияси турли мамлакатларни айнан Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик йўлида жипслаштирувчи, уларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига асос солувчи тарихий ҳужжат ҳамдир. Ушбу келишув келгусида давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, пировардида минтақа аҳолисининг бахту саодати ва фаровонлиги йўлида кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва
парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар