Тилимизнинг жилосини, аввало, тилшунослар кўрсатишсин

04:55 26 Январь 2019 Жамият
549 0

Иллюстратив фото

Ўзбек тилини ўз юртида ўрганиб, мамлакатимизга келган хорижликларнинг ажабланишлари бежиз эмас.

Бир тилшунос “мишкам чёто ишламаяпти”, “мақолани нормальний ёзаркан-ку”, “бу жуда серьёзний тема” деса, фарзанд кутаётган она “медосмотрга бораман”, “врачга лечение ёздирдим”, дейди. Ота ҳам улардан қолишмай, “роддомдан боламни олиб чиқаман”, “мамашкага подарка олишим керак”, деганига ҳеч ким ажабланмайди. Негаки, кўпчилигимиз бунақа антиқа муомала воситасига ўрганиб қолганмиз. Юртимизга келаётган хорижлик мутахассислар ҳам “нормальний”, “серьёзний”, “тема”, “медосмотр”, “лечение” қабилидаги сўзларни янги деб ўйлаб, дарҳол луғат титкилашга тушиб кетишади.

Нафсиламрини айтганда, улар тоза ва соф ҳолда ўрганган тил амалда бунақа эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмаган бўлади.

Бу оддий одамлар орасида, жонли тилдаги манзара.

Эҳтимол, тилшуносликда аҳвол бошқачадир? Йўқ, унақа эмас. Ўзбек тилшунослиги “пропозитив аспект”, “предикативлик”, “модаллик”, “реляцион структура”, “парадигматика”, “синтагматика”, “предикатив синтагма трансформацияси”, “морфонология”, “идеома”, “троп”, “атрибутив логика”, “паразит сўзлар”, “системавий структур усул”, “ареал лингвистика” сингари Ғарб тилшунослигининг ўзида ҳам истеъмолдан чиқариб ташланган ёки ташланаётган атамалар ботқоғидан чиқишни негадир ҳали-ҳануз ҳаёлига келтира олмаяпти.

Сўз туркумлари, келишиклар, гап бўлаклари — барча-барча қоидалар ўзбек тилшунослиги тарихида алоҳида ўрин эгаллаган ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ишлаб чиқилган эди. В. Решетовнинг “Современный узбекский язык”, А. Кононовнинг “Грамматика узбекского языка” каби қўлланма-дарсликлари ўз вақтида вазифасини бажариб бўлганини негадир тан олгимиз келмайди. Бугун биз тилшунослик доирасида ўрганаётган ва ўргатаётган қоидалар ўтган асрнинг 40 — 80-йилларида А. Ғуломов, Ш. Шоабдураҳмонов, Н. Баскаков, А. Содиқов, Ш. Раҳматуллаев, Ғ. Абдураҳмонов, М. Асқарова каби олимлар томонидан ишлаб чиқилган. Шу боис жонли тил тилшунослик қоидаларига тўла мос келмайдиган морфология, синтаксис, фонетика, морфемика ва ҳоказоларга эга, чунки у қотиб қолган ҳодиса эмас. 

“Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳамда ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтказилиши ўзбек тилшунослигининг энг муҳим ютуқларидир”, дея эътироф этилаётган қўлланма-дарсликлар ҳам бир-икки оғиз гап ё бирор қоида ҳисобига бойиб, яна миллион-миллион нусхада чоп этилаверади. Бундай кўзбўямачиликлар ортидан яна муаммолар келиб чиқаверади.

Таққослаш лозим бўлса, замонавий тиббиётда бир йўналиш иккинчиси билан чалкаштириб юборилмайди. Кўз дўхтири ҳеч қачон жарроҳликдан ақл ўргатмайди. Тилшуносликда эса ўнта йўналиш бўлса ҳам фарқи йўқ, битта шахс муаллифлик қилавериши мумкин. Бу қомусийлик белгисими? Йўқ, ундай эмас, иддао катта бўлгани билан натижа йўқ, буни она тилимизнинг бугунги аҳволи кўрсатиб турибди. Миллий ғурур, миллий қадриятлар — барчаси она тили ҳиссиёти билан боғлиқ эканлиги мушоҳада этиладиган бўлса, маънавий-маърифий соҳаларда кечаётган ислоҳотларнинг нечоғли эканлигини ҳам тасаввур этиш қийин эмас.

Ўзбек тилининг хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда турли йўналишларда изланишларга эҳтиёж, имконият — барча-барчаси яратилган бўлса-да, негадир хоҳишнинг йўқлиги, лоқайдлик бунга тўсиқ бўлиб қолмоқда. Она тилимизнинг ҳозирги эҳтиёжи тилшуносликда Маҳмуд Замаҳшарий, Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий, Абдурауф Фитрат каби аждодларимиз қолдирган илмий манбаларга тегишлича асосланган, тилимизнинг тарихий ва замонавий хусусиятлари, унинг барча имкониятлари, жилолари, фонетик жиҳатдан ўзига хосликларини қатъий ҳисобга олган ҳолда тизимли равишда ўрганадиган ва ўргатадиган янгича тилшунослик манбалари, дарсликлари яратилишини тақозо этаётир.

— Ўттиз йилдан бери она тилидан дарс бераман, — дейди ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Муяссар Маматова. — Чалкашликлар, қўпол хатолар шунақа кўпки, “Китоб бўлса бўлди экан-да”, деб хафа бўлиб кетаман. Бундай хатоларнинг кўплигидан қай бирини айтишни ва тузатишни билмайсан, киши. Бугун бутун бир мамлакат ўқувчилари, талабалар ана шундай тилшунослик асосида она тили дарсини ўрганганларидан кейин қандай қилиб уларда миллий руҳ бутун бўлсин, соф ўзбек тилида сўзлашишга интилишсин?

“Реклама тўғрисида”ги Қонун ва бошқа турдош ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, четдан ўзлашадиган сўзларни тартибга солиш, мувофиқлаштириш, қуввати баланд шеваларимиздан адабий тилга сўз қабул қилиш, тилимизнинг туркий олам минбаридаги алоҳида ўрнини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, унинг турли дипломатик алоқаларда амал қилишини, барча ташкилот ҳамда муассасаларда меъёрий ҳужжатлар давлат тилида олиб борилишини, оммавий ахборот воситаларида давлат тили тўлиқ амалда бўлишини назорат қилувчи давлат муассасалари фаолияти йўлга қўйилиши орқали бу соҳадаги муаммоларга маълум маънода ечим топилар. Аммо бугунги инновацион ўзгаришлар даврида тил соҳасида ҳам барча муаммога мажмуавий ёндашув зарурлиги давр талабидир.

“Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ёшларимиз ўзимизнинг газета-журналларимизни ўқимаса, ўз миллий адабиётимиз ва санъатимизни билмаса, улар қандай қилиб ватанпарвар бўлади? — давлатимиз раҳбари “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар — эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” мавзуида сўзлаган нутқида бу масалага ниҳоятда долзарб ҳамда жиддий тарзда ёндашиб, барча масъул идоралар раҳбарлари олдига кўндаланг савол қўйган эди. — Уларнинг онгу тафаккури, дунёқараши нима ҳисобидан шаклланади? Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, катта-кичик раҳбарларнинг барчаси бу масала бўйича шахсан масъул эканини унутишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ”.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонун ижросини таъминлаш бўйича Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 декабрь куни “Йўл харитаси” имзоланди. Унда она тилимизнинг нуфузини, софлигини сақлаб қолиш учун талай муҳим вазифалар қўйилди. Улар орасида таълим жараёнида ўзбек тили ва адабиёти ўқитилишини янада такомиллаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан назорат олиб борувчи махсус инспекция тузиш вазифаси белгиланди. Эндиги амалий ҳаракатлардан сўнг ўзбек тилини чин дилдан ўрганган хорижлик мутахассис юртимизга келганда “замонавий” ўзбек сўзларимизни эшитиб, унинг мағзини чақишга бош қотириб юрмаса, деймиз. Шояд, шундай бўлса.

Маъмура ЗОҲИДОВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бош мутахассиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019