Тили бирни тиш ажратолмас

10:08 20 Сентябр 2019 Жамият
249 0

Жаҳон илм-фани, хусусан, ўзбек, япон, хитой олимлари томонидан сўнгги йилларда олиб борилган изланишлар куч, қудрат, етуклик, улуғворликни англатувчи “турк” атамаси бундан камида 3000 йил бурунги битикларда тилга олинганини исботламоқда. Биз туркий халқларнинг келиб чиқиш тарихимиз эса ундан-да қадимийроқдир. Туркий тилшунослик илмини ўн биринчи асрдаёқ бошлаб берган, “Девону луғотит турк” асари билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Маҳмуд Кошғарий туркийларга кўркамлик, ёқимлилик, одоблилик, катталарга ҳурматда бўлиш, сўзининг устидан чиқиш, камтарлик, ботирлик хослигини алоҳида урғулаб ўтган.

Туркий халқларнинг кишилик тарихидаги ўзига хос ўрни ва улкан таъсирини ҳеч ким инкор этолмайди. Алп Эр Тўнга ­(Афросиёб), Томир хотун (Томирис), ­Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, ­Сароймулкхоним (Бибихоним), Султон ­Сулаймон сингари буюк шахсларни билмаган, улар ҳақида эшитмаган киши камдан-кам топилса керак. Шу билан бирга, туркий халқларнинг кишилик тарихидаги куч-қудрати, етуклик ва улуғворлиги ўтмишдаги буюк давлат арбоблари, саркардалари, салтанатлари билангина эмас, балки, энг аввало, ўз юртлари баробарида бутун инсоният юксалиб боришига тенг­сиз ва улкан улуш қўшган олиму фозиллар истеъдоди ва меҳнати орқали белгиланади, десак, адашмаймиз.

Замонавий ўнлик саноқ тизими, алгоритм ва алгебра асосчиси ­Муҳаммад Хоразмий, тўққизинчи асрда Нил дарёси сатҳини ўлчовчи ускунани яратиш орқали бундан деярли 1200 йил бурун инновациявий ишланма яратган Аҳмад Фарғоний, ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамият асослари, мақсад ва вазифаларига оид илмий таълимотни яратган қомусий олим Абу Наср Форобий, таърифлаб ўтиришга ортиқча ҳожат йўқ Ибн Сино, 1000 йил олдин ўзининг математик ҳисоб-китоблари билан коинот марказида Қуёш туриши, яъни гелиоцентризм илмий қараши эҳтимолини олға сурган Абу Райҳон Беруний, ўрта асрлардаги энг мукаммал астрономик асар муаллифи, ўз номидаги ­академия асосчиси Мирзо ­Улуғбек ва яна кўплаб даҳоларнинг илмий мактаб ҳамда мерослари Шарқ ва Ғарбнинг неча-неча авлодларига устозлик қилгани, тараққиёт йўлини кўрсатганини ҳеч ким инкор этолмайди.

Шеърият мулкининг султонлари Низомий, Румий, Навоий, ­Бобур, Фузулий, Махтумқули, Абай ижоди қанчадан-қанча авлодлар учун маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб келиши қаторида, халқларимизнинг сўз санъати ҳамда ­ҳикмат ифодаси бобидаги тенгсиз истеъдоди ва имкониятларини ­бутун ­дунёга тараннум этди.

Адабиётларимиздаги устоз — шогирдлик мактабининг неча аср­лик умри ҳам айнан мана шу буюк зотлар ибрати билан боғлиқдир. Жалолиддин Румийни илоҳий ишқ куйчиси, буюкликнинг кўз илғамас чўққиси деб улуғлаган Алишер ­Навоий Низомий Ганжавийнинг форс тилида яратилган машҳур “Хамса”сига жавобан ўзбек тилида илк “Хамса” асарини битди ва “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, ­Низомий панжасига панжа урмоқ”, дея ўз устозига ҳурмат бажо келтирди. Ўз ижоди орқали туркий тилларнинг битмас бойлиги ва бадиий гўзаллигини ис­ботлаб қўйган Алишер Навоий ­кейинги даврлар барча туркий тилли адабиётлар ривожи учун тамал тоши қўйиб берди.

Тарих, адабиёт, география, ботаника сингари йўналишларни ўзида қамраб олган ва айнан шу мазмунда илк бор ўзбек тилида битилган “Бобурнома” умумжаҳон илмий ва маданий хазинасининг дурдоналаридан бири бўлиши ­баробарида, туркий тиллардаги битикчиликнинг ғурури ва нодир намунаси ҳамдир.

Ижоддаги устоз — шогирдлик, ўзаро елкадошлик анъаналари илм-фан меросимизга ҳам хосдир. Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди, буюк математик ва астроном, ўз замонасининг Батлимуси ­(Птолемейи) саналган Али Қушчи умрининг сўнгги босқичини Истанбулда ўтказгани, Айасофия мадрасасида бош мударрислик, бугунги тил билан айтганда, ректорлик қилгани, математика ва астрономия мактабини яратгани, маш­ҳур турк олими Мирам Чалабийга устозлик қилгани яхши маълум (Али Қушчи 1474 йили оламдан ўтган ва Истанбулдаги Абу Аюб Ансорий мақбарасига кўмилган).

Атоқли озар шоири, хаттоти, наққоши, мусиқашуноси, тор чертиш, қўшиқ айтишда ўз даврининг мумтозларидан бўлган Хожа ­Абдулқодир Мароғий Амир Темур, Шоҳруҳ саройларининг кўрки саналган. Кўплаб шогирдлар етиштиришдан ташқари, мусиқа назарияси бўйича бугун ҳам ўз қимматини йўқотмаган асарлар яратган. Унинг 1405 йили Самарқандда битилган “Жоме ал-алҳон” — “Оҳанг­лар тўплами”, 1418 йили, ўша кезларда ўзбек давлати пойтахти Ҳиротда яратилиб, Шоҳруҳга ­бағишланган “Мақосид ал-алҳон” — “Оҳангларнинг қўлланиши” асарларида мақомчилик назарияси тизимли равишда таҳлил қилинган, йигирма тўрт мақом бирма-бир баён этиб берилган.

Маҳмуд Кошғарий қолдирган минг йиллик ҳикмат бор: “тилин тугмишни тишин ёзмас”, яъни “тили бирни тиш ажратолмас”. Чиндан ҳам, тарих чархпалаги қандай айланишидан қатъи назар, тили, дили бир халқларни бир-биридан ажратиш мумкинмас. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ташаббуслари билан Ўзбекистонимиз Туркий тилли давлатлар кенгашидаги ўз ўрнини тиклаётгани олқишга сазовордир. Гапнинг пўсткалласини айтганда, Туркий тилли давлатлар кенгашини қадим Туркистоннинг юраги саналмиш Ўзбекистонсиз, туркиялик қардошларимиз сўзлари билан айтганда, ота юрт иштирокисиз тасаввур қилиш мумкинми? Албатта, йўқ! Шу билан бирга, бугунги Ўзбекистонни туркий тилли давлатлар, туркий халқ­ларсиз тасаввур қилиш мумкинми? Албатта, йўқ! Негаки, бизнинг ­илдизимиз, ўзагимиз бир.

XXI аср давлатлари, халқлари аро ҳамкорлик қирралари барчага яхши маълум. Сўнгги уч йил ичида юртимизда бошланган янги сифат босқичи, умуман, халқаро муносабатларимиз, хусусан, Турк­манистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия билан алоқаларимизни ҳам янги сифат даражасига юксалтириб бораётганидан хабардормиз. Иқтисодий ҳамкорлигимиз жадаллик билан ривожланиб кетган эндиги паллада илм-фан ва маданий муносабатларимиз янада жонланиб кетишидан умидимиз катта.

Юқорида урғу берилганидек, илмий-маданий меросимиз ўта бой ва улкандир. Уни янада чуқурроқ ўрганиб, шу тариқа кишилик цивилизациясида мамлакатларимиз эгаллаган ўз ўрнимизни бундан ҳам ­мустаҳкамлашга қодирмиз. Айниқса, математика, физика, астрономия, кимё, оптика, тиббиёт сингари йўналишлар тарихини илмий жиҳатдан ўрганиш бўйича жуда кўп ишлар қилишимиз мумкин. ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан Тошкентда қад рост­лаётган Ўзбекистондаги Ислом ­цивилизацияси марказидан кўзланган муддаолардан бири ҳам айнан ушбу вазифа билан боғлиқдир.

Асрлар ичра ота-боболаримиз томонидан яратилган ўлмас, қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган, улкан илмий-маданий меросни сақлаб қолиш, кўпайтириш, халқларимизнинг илмий ва маданий тафаккурини Европа, бутун оламга ёйишда Туркиянинг алоҳида ўрни бор, десак ошириб юбормаган бўламиз. Бугунги кунда ушбу юртдаги кўплаб музей, кутубхона, жамғармаларда асраб-авайлаб келинаётган нодир қўлёзма асарларнинг сон-саноғи йўқ. Уларни ўрганишда олимларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги туркий тилли давлатларнинг кишилик цивилизациясидаги алоҳида ўрнини юзага чиқаришда катта ва серқирра аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

Халқларимиз ўтмишининг турли йўналишларини ўзида акс эттирган ва мамлакатларимизда асраб-авайлаб келинаётган қўлёзма асарлар, музейларимизда сақланаётган маданий мерос ашёларининг рўйхатлари, фиҳристлари тузилса, уларни биргаликда илмий ўрганиш йўлга қўйилса, умумий ва хусусий мавзулардаги теран асарлар тайёрланса, ўзлигимиз ва бирлигимизни янада чуқурроқ англаш баробарида, давлатларимиз ва халқларимизнинг кишилик цивилизациясига қўшган тенгсиз ва катта улушини барчага кўрсатиш, тарғиб этиш имкони туғилиши аниқ.

Азамат ЗИЁ,

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,

тарих фанлари доктори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019