Тил – миллат маънавиятининг муқаддас тимсоли

15:47 05 Май 2019 Жамият
954 0

Тил – миллий қадриятларни бирлаштириб, туташтириб, намоён этиб турувчи энг мустаҳкам занжир, бой ва чексиз маънавий хазина. 

Тил инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси, мансуб-хослик омили бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бўлиб келган. Жумладан, ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги тараққиётига қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилмоқда.

Турли даражадаги ижтимоий муносабатлар, халқаро алоқалар, фан-техника тараққиёти, глобаллашиш жараёнлари миллий тил қиёфасига ҳам муайян даражада ўз таъсирини ўтказмоқда, ички ва ташқи таҳдидлар хавфини оширмоқда. Шулардан бири яқин кунлар оралиғида муносабат-мунозара майдонини эгаллаб, кенг жамоатчиликнинг танқиду эътирозига учраётган “рус тилини иккинчи расмий давлат тили сифатида эълон қилиш” ташаббусини илгари сурган айрим “зиёлилар”га ҳам тегишлидир.

Мамлакатда ўзбек тили расмий давлат мақомига эга ягона тил сифатида Конституция ва қонунлар орқали ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилганлигига ҳам эътибор қаратмасдан, иккинчи тилни расман тан олиш жамиятни иккига бўлиш, миллат ажратишга олиб келишини, турли кўринишдаги норозиликлар содир бўлишини инобатга ҳам олмасдан бундай кўр-кўрона таклифни илгари суриш талаб қилинаётган иккинчи тилни, шу тил вакилларини ўз миллий тили, миллий қадриятлари, миллий ҳамиятидан устун қўйиш, устувор кўришни англатади. Амалдаги давлат тилига нисбатан беписандлик, ҳурматсизликни кўрсатади. Ушбу ўринсиз ва асоссиз вайронкор ғояни бугун барча миллатсевар, ватанпарвар жамоатчилик, маърифат аҳли кескин қоралаб, ўз миллий тилига, ўзбек тилининг асрий ва азалий мақом-мартабасига муҳаббат-эҳтиромини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали турли кўринишларда намойиш қилмоқда. Албатта, ўзлигини қадрлаган, ўз миллатига дахлдорлигини ҳис қилган, миллий ғурур ва ифтихорини юқори тутган ҳар бир фуқаро бундай йўл тутиши табиий. Ушбу муаммо сабаб, бугун жамиятнинг амалдаги расмий давлат тили бўлган ўзбек тилига муносабати яна бир элакдан ўтмоқда, синовларда тобланмоқда ва қатъийлашмоқда.

Шу ўринда, рус тилига расмий мақом бериш тарафдорларининг “йўлбошчилари” илму фан, санъат соҳасининг илғор вакиллари эканлиги янада ҳайратли эмасми?, деган ҳақли савол туғилди. Дарҳақиқат, инсон ҳар қанча билим эгалламасин, иқтидорли бўлмасин, шон-шуҳрат қозониб, мансаб поғоналаридан кўтарилмасин, унинг қалбида ўз миллий қадриятларига нисбатан эҳтиром-эъзоз бўлмаса, маънавий-маърифий улуғворлик этагидан тутмаса, бир кун келиб оқсаши, қоқилиши, йиқилиши, миллият тақдири, жамият тараққиётига хавф туғдириши ҳам турган гап.

Тажрибаларда аёнки, кўп тил билиш – ривожланишнинг илғор қонунияти, муваффақият гарови. Аммо ўз миллий тилингни унутиш, ўзга тиллар билан чоғиштириш, қориштириш эвазига эмас! Ўзга тилларни ўрганиш орқали тараққиётга эришишни ёқлаб чиққан маърифатпарвар жадидлар ҳам бу борада эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишган. Хусусан, Абдулла Авлоний ўз қайғусини “Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига араб, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз... Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур”, - деган ўтли фикрларида таъсирчан ошкор қилган. Бу фикрлар айни кунда яна ҳам долзарблашмоқда.

Миллий тилга эътибор ва эҳтиром миллатсеварлик, ватанпарварлик, олийжанобликнинг ёрқин ифодаси. Миллий тил – миллий урф-одат, қадриятларни, миллий маънавий мерос-манбаларни билиш, ўзлаштириш, етказиб бериш, тарғиб этишда, ўзликни англаш, англатишда бирламчи восита. Ўз миллий тилига муҳаббати йўқ, ўзга тилларга эҳтироми юксак инсонни миллат вакили, ватанпарвар шахс деб аташ мумкинми? Тил миллатга, жамиятга, Ватанга дахлдор олий тушунча. Шу боисдан бу борада эҳтиёткор бўлиш, аждодлардан мерос буюк неъмат илдизига болта урмаслик талаб қилинади.

Масалага муносиб ечим излаб олиб борилган таҳлилий кузатишлар ўзбек тилининг давлат тили мақомидаги рутбасини янада мустаҳкамлаш, қонуний асосларни кенгайтириш, қатъийлаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатади. Нафақат айни шу кунларда, балки ўтган йиллар давомида ҳам миллатсевар тилшунослар, маърифат зиёлиларини ўзбек тилининг расмий талабларини кучайтириш, миллий мартабасини ошириш, барча соҳа вакилларининг адабий тил меъёрларига амал қилишига эришиш каби долзарб муаммолар ҳамиша ўйлантириб, мунозарага чорлаб келган. Шу асосларга таяниб, қуйидаги вазифаларни кечиктирмасдан ҳал қилиб бориш талаб этилади: 

- Давлат тили тўғрисидаги қонунни таҳририй кўриб чиқиш ва унда миллий расмий тилга муносабатни, адабий меъёр талабларини кучайтириш; 

- давлат тили барқарорлигига тўсиқ бўлувчи ўзбек алифбоси билан боғлиқ иккиланиш муаммоларига қонуний чек қўйиш, ёзув бирлиги, аҳолининг саводхонлик даражасини оширишга эришиш; 

- Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясига таяниб, ўзбек тилининг расмий мақомини мустаҳкамлаш; 

- миллий қадриятларнинг асосий тимсоли бўлган ўзбек тилининг расмий ва миллий мақомини тарғибу ташвиқ этувчи маънавий-маърифий ишлар кўламини кенгайтириш, бу борада мақсадли, манзилли ва тизимли тадбирлар ташкил қилиш; 

- миллий маънавий меросга муҳаббат ва эҳтиром, аввало, оиладан бошланиши, оила қадриятлар бешиги эканлигини эътиборга тутган ҳолда фарзанд тарбиясида она тилини пухта эгаллаш, миллий тилни, қадриятларни авайлаш, ижтимоий дахлдорлик, ватанпарварликни шакллантириш усуллари тавсия қилинган методик қўлланмалар яратиш; 

- таълим босқичлари, ташкилот, муассаса ва корхоналарда ўзбек тилига давлат мақоми берилган кун арафасидаги байрамдан ташқари жараёнларда ҳам давлат тилининг расмий талаблари билан таништирувчи, моҳиятини тушунтирувчи, миллий тил руҳиятини юксалтирувчи маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам йўлга қўйиш; 

- мамлакатнинг ҳар бир фуқаросида расмий давлат тилига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғулари барқарорлигини таъминлаш ишларини тизимли олиб бориш.

Алишер Қодиров, 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019