Тиббиётдаги айрим ҳолатлар депутатлар танқидига сабаб бўлди.Нега?

19:22 13 Август 2019 Жамият
115 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссияси аъзолари томонидан жорий йилнинг январь-март ойларида ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ҳар томонлама ўрганилиб, таҳлил қилинди. 

Ўрганишлар якунларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессиялари ўтказилиб, тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунингдек, ўрганишлар мобайнида аниқланган республика даражасидаги қатор муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди. 

Мазкур комиссиянинг кеча бўлиб ўтган йиғилишида шу ҳақда маълумот берилиб, “Йўл харитаси” доирасида амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Таъкидланганидек, жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган айрим омиллар, муаммолар мавжудлиги аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ҳудудларда мудофаа ишлари бўлимларида кўп ҳолларда куннинг биринчи ярмида ўтказилаётган тиббий кўрикларга шифокорларнинг жалб қилинаётгани аҳолига тиббий хизматнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилмаслигига сабаб бўлаётгани инобатга олиниб, ушбу масала депутатлар, мутасадди вазирликлар масъуллари иштирокида ўрганилди. Натижада масъул вазирликлар томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, бундай тиббий кўрикларни ўтказиш мақбуллаштирилди. 

Тиббиёт соҳасининг муҳим муаммоларидан бири — шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларни тор доирадаги мутахассислар билан таъминлаш, туман ва шаҳарлардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари шифо ўринларининг сонини бугунги кун эҳтиёжидан келиб чиқиб қайта кўриш масалаларида Ҳукумат билан биргаликда тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, малакали шифокорларни кенг жалб этиш мақсадида бугунги кунда номутаносиб белгиланган штат нормативлари ҳозирги замон талаблари асосида кўриб чиқилди. Натижада бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги вақтинчалик штат нормативлари қайтадан ишлаб чиқилиб, ҳозирда тегишли вазирликлар билан келишилмоқда.

Йиғилишда тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчилари чақирувлар пайтида ҳаракатланаётганида белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг таъқиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиш ва бошқа ҳолларда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларига тушганда жаримага тортилмаслигини назарда тутувчи тегишли қўшимча киритиш юзасидан қонун лойиҳаси тайёрланиб, парламент қуйи палатаси муҳокамасига киритилди.

Шу билан бирга, чекка туманлардаги тиббиёт муассасаларида умумий амалиёт шифокорлари ёки тор соҳа мутахассислари етишмаслиги, ҳудудларда хоспис бўлимларини ташкил қилиш билан боғлиқ ишларни якунига етказиш, перинатал ва скрининг марказларининг фаолиятини такомиллаштириш масалалари долзарблигича қолаётгани парламент вакилларининг танқидига сабаб бўлди. Тиббиёт муассасаларидаги травмотологик пунктлар фаолиятини мақбуллаштириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграциялашган фаолиятининг сустлиги тиббий хизматларга салбий таъсир кўрсатаётгани каби қатор масалалар ҳам комиссия аъзоларининг диққат марказида бўлди. 

Тадбирда тиббий хизмат сифатини назорат қилиш, жумладан, шифокорлар томонидан беморларга ташхис қўйиш, даволаш жараёнида клиник тавсияларга амал қилиш, буюрилган дори воситаларининг бемор организмига таъсирини баҳолаш, дори воситаларининг асоссиз қўлланилишининг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда муҳокама қилинган масалалар юзасидан комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Зиёда АШУРОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019