Тиббиётда инқилоб. Олимлар кўкрак саратонининг сўнгги босқичидаги аёлни тўлиқ даволашди

10:54 08 Июнь 2018 Lifestyle
443 0
Жуди Перкинс © Washington Post

Америкалик олимлар янгича даволаш усули ёрдамида кўкрак саратонининг сўнгги босқичини бошдан ўтказаётган аёл ҳаётини сақлаб қолишди. Мазкур терапия ёрдамида бемор қонига 90 миллиард иммунитет ҳужайралари юборилди. Бу ҳақида ВВС ахборот манбаси хабар берди.

Икки йил олдин шифокорлар флоридалик Жуди Перкинсга уч ой умри қолгани ҳақида айтишганди. Бугун эса унинг организмида саратон ўсимтасидан асар ҳам қолмаган. 

АҚШ саратонни тадқиқ қилиш миллий университети жамоасининг таъкидлашича, мазкур тузалмас дардни янги усулда бартараф этиш ҳозирча тажриба саналади, лекин келажакда у саратонга малҳам бўлувчи процедурага айланиши мумкин.

Жуди кўкрак саратонининг тез тарқалувчи сўнгги босқичига келган, анъанавий методларда уни даволашга жуда кеч қолинганди.

Жигарида теннис коптокчаси шаклида ўсма пайдо бўлган, касаллик бутун танаси бўйлаб ёйилиб кетганди. Бироқ...

“Терапиядан бир ҳафта ўтиб, ниманидир ҳис қилишни бошладим. Кўкрак қисмидаги ўсимта кичрайиб бораётганини сезаётган эдим, - деди у. – Бир ёки икки ҳафтадан сўнг у бутунлай йўқ бўлиб кетди”.

Жуди процедурадан сўнг унга томография тасвирларини кўрсатганда, ҳатто шифокорлар ҳам қувончдан сакраб юборишгани ҳақида эслайди.

Ўшанда унга барчаси ортда қолиши ҳақида айтишганди. Айни пайтда Жуди ўз вақтини узоқ саёҳатларга бориш, денгиз бўйлаб қайиқда сузишга сарфлаяпти. Яқинда у Флорида бўйлаб ўн беш кунлик сафарини якунлади.

Жонли малҳам

Янги технологияга жонли малҳам дея ном беришди. Дори саратонни ўрганиш бўйича дунёдаги энг етакчи марказлардан бирида беморнинг ўз ҳужайраларидан тайёрланади.

“Биз даволашнинг фақат тасаввур қилиш мумкин бўлган ўта махсус тури ҳақида гапиряпмиз”, деди университет жарроҳлик бўлими бошлиғи Стивен Розенберг.

Технология ўша-ўша – экспериментал. Уни бошлашдан аввал зарур бўлган текширувлардан батафсил ўтиш лозим. Лекин мазкур усул қандай ишлашини билиш учун, биринчи навбатда душманни(саратон назарда тутиляпти) ўрганиш жоиз.

Яъни ҳар бир бемордаги ўсимтани генетик даражада тадқиқ этиш даркор. Зеро, шу асосда керакли мутация аниқланадики, пировардида саратон иммун тизими учун “кўринарли” бўлади.

Жудидаги ўсимталарда 62 хил генетик аномалия(ўзгариш) аниқланди ва уларнинг тўрттасидан ўсимтага ҳужум қилиш учун фойдаланиш мумкинлиги маълум бўлди.

Кейинги босқич – ов. Беморнинг иммун тизими ўсимтага ҳужум қилади, аммо ютқазади. Бинобарин, шифокорлар бемор қонидаги лейкоцитни (оққон таначалари) таҳлил қилиб, улар орасидан саратонга қарши кураша оладиганларини саралаб олади.

Шундан сўнг лабораторияда жуда кўп миқдорда шунга ўхшаш ҳужайралар яратилади.

49 ёшли Жудининг танасига 90 миллиардга яқин ана шундай нажот заррачалари киритилди.

“Саратонни келтириб чиқарган мутация касалликнинг ўзи учун нозик жиҳатга айланди”, деди Розенберг.

Усулнинг ўзгариши

Бир бемор мисолида даволаш натижалари ва унинг методикасини тасдиқлаш учун кенг тадқиқотлар олиб бориш даркор.

Сабаби саратонга қарши курашишда иммунотерапиядан фойдаланиш айрим беморларда мўъжизалар содир этса, кўпчилигида фойда бермайди.

“Мазкур усул тажриба босқичида турибди, биз ҳозирча уни тўғри бажаришни ўрганяпмиз, лекин келажакда уни исталган саратонни даволашда қўллаш салоҳияти мавжуд, - деди Розенберг. – Шунга яраша олдимизда катта ишлар бор, бироқ саратонни даволашда ҳар бир бемор учун ноёб препарат ишлаб чиқиш бўйича ўзгаришларни илгари суриш имконияти бор – бу даволашнинг бошқа турларидан мутлақо фарқ қилади”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар