Тиббий хизмат сифати, ичимлик суви таъминоти аҳолини қониқтирадими?

09:35 25 Май 2018 Жамият
278 0

Мана шу долзарб масалалар атрофлича ўрганилмоқда.

Муаммонинг чуқур илдиз отишига сабаб бўладиган омиллардан бири лоқайдлик саналади. Айни пайтда депутатлар ҳамда сенаторлар жойларда ҳақиқий аҳвол билан танишиб, ҳар бир масаланинг келиб чиқиш сабабларини синчиклаб ўрганишаяпти, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўришмоқда. Ўрганишлар жараёнида аҳолидан ишсизлик, йўл, электр, газ ва тиббиёт соҳасига оид билдирилаётган мурожаатлар қонуний кўриб чиқилишига асосий эътибор қаратилаётир.

Чунончи, пойтахт вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари ҳамда айрим вазирликлар мутасаддилари, туман Кенгаши депутатларидан иборат гуруҳлар Зангиота туманида бўлиб, мавжуд ҳолатни таҳлил этишмоқда. Уларга сектор раҳбарлари ҳам ҳамроҳлик қилаяпти.

Халқ вакиллари ўз фаолиятини одатдагидек секторлар ҳудудларига бўлинган ҳолда хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг фикр ва муаммоларини ўрганишдан бошладилар. Деярли ҳар бир суҳбатда Зангиота туманидан Тошкент туманининг ажралиб чиққани, туман маркази етти йилдан сўнг яна Эшонгузар қўрғонига қайтгани мамнуният билан таъкидланаяпти.

Дастлабки уч кунда депутатлар 750 та хонадонда бўлиб, икки мингга яқин аҳоли билан мулоқот қилдилар. Улар томонидан кўтарилган 192 та муаммонинг 52 таси жойида ҳал этилди. Қолганлари эса ҳал қилиш учун ижрочиларга топширилди.

Халқ вакилларининг кун тартиби жуда тиғиз, режалар аввалдан белгиланган. Кун давомида улар билан бирга юриб, иш самарадорлигига амин бўлдик.

Шу куни бир гуруҳ вакиллар Назарбек маҳалласи аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган 19-қишлоқ оилавий поликлиникаси бош шифокорининг ҳисоботини эшитиш юзасидан ташкил қилинган йиғилишда қатнашдилар.

Йиғилишга депутатлар ҳам қизғин ҳозирлик кўришди. Чунки туман соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар анчагина. Ҳисоботга аввалдан тайёрланган саволларни бериш билан маҳаллий аҳоли фаоллигини ошириш мақсад қилинди. Бу яхши натижа берди. Дастлабки саволларни меҳмонлар, қолганларни мезбонлар ўртага ташладилар.

Шифокорларнинг муомала маданияти, тор ихтисосликдаги мутахассисларнинг етишмаслиги, тез тиббий ёрдамдаги муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Мутахассислар етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида кейинги ойларда туман бўйича нафақадаги етти нафар малакали шифокор ишга қайтарилгани, бу жараён давом этаётгани айтиб ўтилди.

Яна бир гуруҳ ички йўллар, транспорт қатнови масалалари билан шуғулланмоқда. Туман ҳудудида жами 140 километр автомобиль йўли мавжуд, 880 километр аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички йўллар бор. Уларга вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига қарашли Зангиота тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси хизмат кўрсатади. Давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларининг 18, маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг 27 километри таъмирланган, холос. Туман ҳудудидаги умумий фойдаланувдаги йўлларнинг 83 километри таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Гарчи хизмат кўрсатувчи корхонанинг самарали фаолият олиб бориши учун барча техник шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, улар бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаяпти. Буни ички кўчаларнинг аҳволи яққол тасдиқлайди. Мисол учун, жорий йилда 16,6 километр ички хўжаликлараро автомобиль йўлларни жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган эди. Ҳозирги кунга келиб 600 метр кўчага асфальт ётқизилди, холос. Бундай қолоқликнинг сабаби оддий. Йўлнинг қолган қисмини жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмаган. Жойида бўлиб вазият билан танишган парламент аъзолари ана шундай хулосага келишди.

Мулоқотларда кўтарилган долзарб муаммолар ичида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманнинг Маданият маҳалласининг Маданият кўчасидаги бир километр масофага сув қувурлари тортилмаган. Боғишамол маҳалласидаги эски тармоққа сув етиб бормайди. Аҳолининг 60 фоизи сувни ташиб келтириб, ичмоқда. Боғзор маҳалласидаги 3066 аҳоли пишкаклар воситасида ер ости сувларидан фойдаланишаяпти.

— Ваҳолонки, айнан ана шу ҳудудда сув иншооти бор. Унинг қуввати билан маҳаллани тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мумкин, — дейди Зангиота тумани “Сувоқова” бўлинмаси бош муҳандиси Норсаид Ниёзов. — Муаммо шундаки, фойдаланилмай турган бу иншоот Ички ишлар вазирлигига қарайди. Умид қиламизки, халқ вакиллари мазкур масалани ҳал этишда бизга яқиндан ёрдам беришади.

2017/2018 ўқув йилида туман ўқувчи-ёшлари вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида 112 марта қатнашиб, жами 369 та, шу жумладан, 69 та олтин медални қўлга киритишди. Бу кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин эди.

Туманда жами 34 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 26 тасида соғломлаштириш учун хоналар мавжуд эмас, 3 та нодавлат мактабгача таълим муассасасининг спорт жиҳозлари билан таъминланиш даражаси 30 фоизни ташкил қилаяпти, холос. 44 та умумтаълим мактабининг 12 тасида спорт зали йўқ. Мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлаш даражаси 30 фоиздан иборат. Шунингдек, 5 та касб-ҳунар коллежи ва битта академик лицейнинг спорт ускуналари билан таъминланиш даражаси 43 фоизни ташкил этади. Қурилиш ва тадбиркорлик коллежининг спорт зали поли таъмирга муҳтож. Бундан ташқари, иситиш тизими носоз. Озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи спорт залининг том қисми қурилиш ташкилоти томонидан сифатсиз таъмирлангани оқибатида яқинда бўлиб ўтган кучли шамол натижасида кўтарилиб кетган. Коллежлар замонавий спорт инвентарлари билан тўлиқ таьминланмаган.

Бу ҳамда шу каби бошқа камчиликларнинг сабаблари ўрганилиб, улар туман “йўл харитаси”га киритилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўтказаётган очиқ мулоқотлари мавжуд муаммоларга ижобий ечим топишда муҳим омил бўлаяпти.

— Ишимизни ўнта соҳавий йўналишда ташкил қилганмиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекзод Артиков. — Бунда секторлар фаолияти таҳлили, иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи, ўқув-тарбия муассасалари ҳолати ҳамда таълим сифати каби масалаларга алоҳида эътибор берилмоқда. Энг асосийси, умумий ва статистик маълумотлар билан чекланиб қолмай, аҳоли ҳамда мутахассислар ўртасида мулоқотлар ўтказиш, камчиликларни жойида ўрганиш, ҳал этиш, бу борада парламент ва депутатлик сўровларини киритиш ҳудудий комиссия ҳамда ишчи гуруҳи фаолиятининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олинган.

Халқ вакиллари аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ривожи ва бу борадаги муаммоларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Айтиш лозимки, ҳозирги пайтда Сирдарё вилояти марказида 2853 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган. Бу яхши кўрсаткич, аммо кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида 2018 йил 1 апрель ҳолатига кўра, биронта ҳам касаначилик фаолияти йўлга қўйилмагани таажжубланарлидир. Шаҳарда, бор-йўғи, 21 оилавий бизнес субъекти фаолият юритаётган бўлиб, бу умумий тадбиркорлик кўрсаткичининг атиги 0,7 фоизини ташкил қилаётгани эса тармоқнинг анча орқада қолаётганидан дарак беради. Мазкур масалалар бўйича ҳам келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўплиги ойдинлашди.

Ўрганишлар натижасида шаҳарда коммунал хизмат соҳаси ҳам талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Хусусан, 2000 йиллар бошидан буён марказий иситиш тизими ишламайди. Куз/қиш мавсумида уйлар газ плитаси ёрдамида иситилади. Жумладан, бу Боғишамол маҳалласида жойлашган 11 кўп қаватли уйда истиқомат қиладиган фуқароларни ҳам қийнаётган муаммо ҳисобланади. Шу билан бирга, юқори қаватларда яшовчилар сувни ертўладан насос ёрдамида тортиб олади. Ертўлалар эса сув ҳамда канализация оқовалари билан тўлган. Канализация қувурлари тиқилиб қолгани сабабли оқовалар кўчадаги лоток ариқларга ҳам чиқиб кетгани аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Коммунал хизматдаги бундай нохуш ҳолат “Сайқал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 50 та икки қаватли уйда ҳам кузатилди. Ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Мулоқотларда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам шаҳар ҳокимлиги, тегишли идоралар билан биргаликда ҳал қилинди. Масалан, 140 ўринга мўлжалланган 16-мактабгача таълим муассасаси фаолияти ўрганилганда, бу ерда белгиланганидан кўп бола тарбияланаётгани маълум бўлди. Шу билан бирга, мазкур муассаса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитария меъёрлари ҳамда қоидаларига зид равишда болаларнинг овқати рационида бўлиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмасдан келинаётгани ойдинлашди. Ўрганишлар натижасида шаҳар молия бўлими томонидан мактабгача таълим муассасаларига ажратилиши шарт бўлган маблағлар тўлиқ ўтказиб берилмагани аниқланди. Ушбу масала ижобий ҳал этилиб, боғчаларга ўйинчоқлар ва бошқа керакли нарсаларни сотиб олиши учун зарур маблағ берилиши таъминланди.
Парламент аъзоларининг ҳудудларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар