The Washington Times: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасининг энг фаровон мамлакатига айлантиришга қатъий қарор қилди

13:01 24 Июль 2018 Жамият
257 0
Фото: washingtontimes.com

“The Washington Times” нашрида “Caspian Group Holdings” компанияси раҳбари С. Роб Собҳанининг Америка Қўшма Штатлари нима учун “ўзбек баҳори”ни қўллаб-қувватлаши зарурлиги ҳақидаги таҳлилий материали чоп этилди.

“Президент Трамп ҳамда унинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилари жамоаси Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муаммоларни ҳал қилишга уринаётган, глобал миқёсдаги террористларга қарши кураш давом этаётган бир пайтда улар Ўзбекистонга ишончли шерик сифатида қарашлари мумкин”, дейилади мақолада.

Ушбу давлат ўзининг ислоҳотчи Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида “ўзбек баҳори”ни бошдан кечирмоқда, дейиш мумкин. Мамлакат кўп йиллар давомида ўзини ташқи дунёдан иҳоталаб, заиф иқтисодиётга эга эди. 2016 йилда давлат бошқарувига келган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасининг энг фаровон мамлакатига айлантиришга қатъий қарор қилди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича конференцияда аниқ ишора қилинди: Ўзбекистон тадбиркорлар ва табиий ресурсларга бой мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиётга эришишига ёрдам бермоқчи бўлган компанияларга эшикларини кенг очмоқда.

Иқтисодиётни либераллаштириш бўйича янги саъй-ҳаракатлар, бағрикенг маданият Америка компаниялари учун Ўзбекистонга инвестиция киритишда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми нисбатан кам бўлса-да (2017 йилда 121,8 миллион, 2018 йилнинг биринчи ярмида 178,8 миллион доллар), Америка компаниялари учун имкониятлар, ҳақиқатан ҳам, чегараланмаган.

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти беқиёсдир. Буюк Ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари тарихий шаҳарларга эга мазкур мамлакатга Америка туроператорлари ҳамда меҳмонхона бизнеси компаниялари томонидан инвестиция киритишга тавсия бериш мумкин. Чунки Ўзбекистонни 2017 йилда 2,5 миллиондан ортиқ сайёҳлар томоша қилди. Мавжуд салоҳият эса бундан ўн баравар юқоридир.

“АҚШ — Ўзбекистон ҳамкорлиги учун яна бир улкан имконият қуёш энергияси соҳасидаги ҳамкорлик саналади. Ўзбекистонда бир йилда қуёш 300 кундан ортиқ чарақлаб туради. Қуруқ иссиқ об-ҳаво эса муқобил энергияни ишлаб чиқариш учун айни муддао, — дейди С. Роб Собҳани. — Агар Ўзбекистоннинг яхши таълим кўрган меҳнат кучини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлиги дунё стандартида қуёш панеллари барпо этилиши ҳамда глобал миқёсда 443 миллиард долларлик ўз улушига эга бўлиши мумкин. Буни амалга оширса бўлади”.

Ўзбекистон Марказий Осиёда Америка инвестиция хаби бўлиш билан бирга, Президент Трампнинг Жанубий Осиё бўйича стратегиясида геосиёсий аҳамиятга эга эканлигини инкор этиб бўлмайди. АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг яқинда Афғонистонга ташрифи Ўзбекистоннинг муҳимлигини яна бир карра намоён этди. У афғон ҳукумати вакиллари билан мулоқотда кўтарган “Толибон” ҳаракати билан тинчлик музокаралари масаласи Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Қолаверса, Афғонистонда электр энергиясининг 30 фоизи Ўзбекистон томонидан етказиб берилади. Ўзбекистон барқарорлаштирувчи, кучли ва ишончли давлат сифатида доимо эътибор марказида туриши керак, дейилади мақолада.

Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиёдан энергия ресурсларини узлуксиз экспорт қилиш бўйича мақсадларини рўёбга чиқаришда ҳам ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Негаки, Ўзбекистон Туркманистон (табиий газ захираси бўйича тўртинчи ўринда туради), Афғонистон, Покистон ҳамда Ҳиндистонга газ қувурларини ётқизишда ишончли шерик бўла олади. Давлат департаменти халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон билан ушбу табиий газ қувури барпо этилишини жадаллаштириш бўйича фаол ишлаши лозим. Бу минтақани барқарорлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Президент Дональд Трамп Оқ уйда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганда, Ўзбекистон раҳбарини “ўз мамлакати ва унинг ташқарисида ҳам юқори ҳурматга сазовор сиёсатчи” эканлигини таъкидлаган эди. Муаллиф ушбу стратегик аҳамиятга эга мамлакатга ташриф буюрганидан сўнг шунга амин бўлдики, Шавкат Мирзиёев нафақат катта ҳурматга сазовор, балки ўзбек халқи мамлакат етакчисининг ўз буюк давлати яна бир марта халқаро майдонда конструктив роль ўйнаши йўлидаги саъй-ҳаракатларини қизғин қўллаб-қувватлайди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ
тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар