“The New York Times”: “Ўзбекистонда баҳорга ишора”

12:17 17 Апрель 2018 Сиёсат
610 0
 Фото: thehill.com

Дунё оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз ҳаёти билан боғлиқ ахборот ва янгиликларни беришда давом этмоқда. Жумладан, ўтган ҳафтада АҚШдаги машҳур “The New York Times” газетаси “Ўзбекистонда баҳорга ишора” (“A Hint of Spring in Uzbekistan”) сарлавҳали таҳририят бош мақоласини эълон қилди.

Нашрнинг ёзишича, “Собиқ иттифоқ минтақасининг аксарият қисмида ва жаҳоннинг бошқа ҳудудларида демократия ортга чекинаётган бир вақтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир”. Мақолада давом эттирилишича, янги давлат раҳбари “кутилмаганда бутунлай бошқа ва ҳозирча яхши йўлни танлади”.

“У бир қатор сиёсий маҳбусларни, хусусан, журналистларни озод этди, 18 минг кишини хавфсизлик хизматининг “қора рўйхати”дан ўчиртирди, пахта майдонларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни чеклади, ОАВ устидан ўрнатилган назоратни бир оз юмшатди, Ўзбекистоннинг қўшнилари билан дўстона муносабатлар ўрнатиш устида ишламоқда”, деб ёзади “The New York Times”.

“Freedom House” ташкилоти ўзининг янги “Транзитдаги халқлар” ҳисоботида, бошқа ташкилотлар қатори ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўплигини қайд этгани ҳолда, “Ўзбекистоннинг ўз ўтмишидан сезиларли илгарилаб кетгани” ва унда “баҳорнинг илк, камтарона ғунчалари” кўз очаётганига эътибор қаратган. Бундан ташқари, “бутун жаҳон бўйлаб қонун устуворлиги ва мустақил тузилмаларга ҳурматсизлик авж олаётган бир вақтда жаноб Мирзиёевнинг ушбу тенденцияни ўзгартириш йўлидаги камтарона саъй-ҳаракатлари ҳам аҳамиятлидир”, дея ёзади газета.

“Жаноб Мирзиёев ўзгаришларни бошлаб берди ва энди АҚШ ҳамда Европа иттифоқи Ўзбекистон билан боғлиқ ҳар қандай муносабатларни, у хоҳ инвестиция, хоҳ тараққиёт дастурлари бўлсин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг янада яхшиланиши билан боғлаши ниҳоятда муҳимдир”.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар