“The Independent” Ўзбекистонга келишнинг 8 сабабини келтирди

18:58 22 Май 2018 Welcome to uzbekistan
630 0

Буюк Британиянинг дунёга машҳур “The Independent” газетасида саёҳатчи журналист Клэр Вутнинг Ўзбекистонда бошдан кечирган ажойиб саргузаштлари ҳақидаги мақоласи чоп этилди. 

“Мамлакат ниҳоятда гўзал ва кўп қирралики, уни англаб етиш қийин”, - деб ёзади муаллиф. Материалда Ўзбекистонга ташриф буюришнинг саккизта сабаби келтириб ўтилган. 
Қуйида шулар билан таништириб ўтамиз.

Самарқанднинг ажойиб ёдгорликлари

Фото: fotohram.ru

Клэр Вутнинг сўзларига кўра, XV асрдаёқ қурилган Амир Темур мақбараси асрлар давомида турли давлатлардан келган меъморларни илҳомлантириб келаётган ноёб архитектурага эга.
“Бинонинг ички деворлари ўзида тебраниб турган доиравий нақшларни яратиб, олтин ва асл мовий рангларда нур сочиб турибди”, деб ёзади у.

Нақшинкор плиткалар Европадаги энг яхши бинолар билан рақобатлашишга қодир

Ўз навбатида муаллиф шу каби мураккаб ва нафис сопол плиткаларни ясай олган аждодларимиз маҳоратига юқори баҳо берган.

Фото: fotohram.ru

“Улар турли шаклларга эга: қадама квадратлар, геометрик ёки рангли безаклар, уларнинг туси эса тўқ кўкдан ёрқин мовийгача алмашиб тура олади”, - деб ёзади журналист.

Бу ерда (ҳозирча) туристлар у қадар кўп эмас

Фото: sputniknews-uz.com

“Охирги пайтларда Ўзбекистон ташқи оламга очилаяпти, кўплаб давлатлар фуқаролари учун соддалаштирилган виза тизимини татбиқ этмоқда, йирик шаҳарлар билан тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўяилаётир. Шундай экан яқин кунлар ичида республика дунёнинг турли бурчакларидан келган туристларга тўлиб кетади. Бинобарин, Ўзбекистон томон унинг гўзаллигидан тўлиқ лаззат олиш мақсадида шошилганингиз маъқул”, - деб қайд этади Клэр Вут.

Мева ва сабзавотларнинг қиёси йўқ таъми

У ўзбек заминида етиштирилган мевалар ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Шу муносабат билан туристларга бу диёрга деярли барча мевалар ғарқ пишадиган ва уларнинг супер мазасидан татиб кўриш имконияти бўладиган ёз фаслида боришни тавсия этади.

Фото: FoodandHealth

Қалам устаси ўзбек миллий таомларига ҳам юқори баҳо берган. Миллий дастурхонимиз қироли – паловни аччиқ-чучук ва ширмой нон билан тортилишини алоҳида таъкидлайди.

Тошкент метросининг ноёб гўзаллиги

“Пойтахтнинг ерости гўзаллик дунёси” дея Тошкент метрополитенига қиёс беради британиялик мухбир. “Барча бекатлар нозик дид билан безатилган, ноёб дизайнга эга ва булар инсонни илҳомлантиради”, дейди у. Ва давом этади:

Фото: mytashkent.uz

“Ҳатто “Мустақиллик” станциясидаги ар-деко услубидаги олтинранг цилиндр шаклидаги чироқлар ҳам ўзича санъат намунасидир. Еростида суратга олиш ҳозирча тақиқланган, лекин ҳеч қаерга кетмаётган бўлсангиз ҳам, у жойни кўрсангиз арзийди”

Тошкент архитектураси

“Мегаполиснинг катта қисми 1966 йилги даҳшатли зилзиладан сўнг вайронага айланган эди”, - деб ёзади муаллиф. - Шундан сўнг шаҳар тикланди ва бугун бу ерда мумтоз европача усул билан анъанавий шарқона меъморчилик уйғунлашганини кўриш мумкин. Кўм-кўк боғларга бурканган Ўзбекистон пойтахти бульвар ва хиёбонларга бой”.

Фото: kitv.livejournal.com

Тошкент аҳолиси ва меҳмонларининг севимли хордиқ чиқариш масканларидан бири саналган “Мустақиллик” майдони латофатига алоҳида урғу берилган мақолада.

Тегилмаган табиат

“Шаҳардан чиқар экансиз, адоғи йўқ кенгликлар қатори тоғ манзаралари гувоҳига айланасиз. Тоза кўллар ва пляжлар, қадимги ёдгорликлар харобалари, туяда, катерда сайр қилиш – буларнинг барчаси бир мамлакатда мужассамланган”, дейди муаллиф.

Фото: National Geographic

Саргузашт имкониятлари

Материалда Ўзбекистонга саёҳат қилиш арзонга тушишига тўхталиб ўтилган. Масалан, муаллифнинг ҳисоб-китобига кўра Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивага саккиз кунлик тур бир нафар британиялик туристга 1390 фунтдан тушади. Халқаро рейслардан ташқари мазкур нарх ўз ичига яшаш, овқатланиш, ички транспорт, гидлар хизматидан фойдаланиш ва барча тарихий ёдгорликларга бориш имкониятини қамраб олади.

Фото: uzairways.com

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар