The Independent:  “Йўқолган денгиз тарихи”

11:27 28 Август 2018 Жамият
634 0
Фото: Спутник

Қуриб бораётган Орол денгизи муаммоси, мана, неча йилдирки, Марказий Осиё ва бутун дунё жамоатчилигини хавотирга солиб келмоқда. Ушбу масалани ҳал қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида 1992 йили минтақа давлатлари ташаббуси билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташриф буюриб, ушбу халқаро ташкилот таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этгани хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Экспертларнинг анжуманга оид муносабатлари баён қилинди.

Буюк Британиянинг нуфузли “The Independent” газетасида “Йўқолган денгиз тарихи” номли мақола чоп этилди.

Британиялик журналистларнинг фикрича, бир пайтлар мовий денгиз бўлган Орол эндиликда қуриб бораётган сув омборига айланди. Ушбу муаммо шунчаки маҳаллий миқёсдаги фожиа эмас, балки умумбашарий хавфдир. Орол ҳудудидан кўтарилган тузлар дунёнинг турли давлатлари ва минтақаларига етиб бораётир.

1992 йили ташкил этилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятига тўхталар экан, нашрда мазкур тузилма доирасида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, ер ва сув ресурсларини асраб-авайлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилгани қайд этилади.

Хитой медиакорпорациясида тарқатилган хабарда маълум қилинганидек, минтақа давлатлари раҳбарлари Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурсларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш, бу борада мамлакатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратди.

АҚШнинг “The New York Times” газетасида эса сўнгги йилларда Орол атрофи хорижлик сайёҳларда тобора катта қизиқиш уйғотаётгани эътироф этилади.

“Дунёнинг турли нуқталаридан келган меҳмонлар бу ердаги манзарадан ҳайратга тушмоқда. Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳудуддаги кемалар ёнида тушилган расмлар тобора оммалашаётир. Кейинги пайтларда бу ерда меҳмонхоналар сони ортяпти. 14 сентябрда Мўйноқда электрон мусиқа фестивали ўтказилиши кутилмоқда”, дейилади мақолада.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар