The Economist: Ўзбекистон болалар меҳнатига қарши курашда муваффақиятга эришди

09:33 14 Ноябрь 2018 Жамият
196 0

“Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун амалий чора-тадбирлар кўрмоқда”. Буюк Британиянинг нуфузли “The Economist” журналида эълон қилинган мақола ана шундай номланган. Мазкур нашрга 1843 йилда асос солинган бўлиб, сиёсий, ишбилармонлик ва эксперт-таҳлилчилар доирасида катта обрўга эга.

Журналистларнинг баҳолашича, Президент Шавкат Мирзиёев учун қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси асосий аҳамиятга эга. Мажбурий меҳнатни йўқ қилиш унинг раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида туради.

“Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнатига қарши курашишда муваффақиятга эришди. Шу муносабат билан Америка Қўшма Штатлари ўзбек пахтасини болалар меҳнати ёрдамида ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқариб ташлади”, - деб ёзади манба.

“The Economist” республикамизда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастурига ижобий баҳо берган. Пахта терими учун тарифларнинг оширилгани, мониторингнинг кучайтирилгани, мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлар устидан шикоят қабул қилишнинг янги механизми жорий этилгани алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Давлат одамларни дала ишларига жалб этиш тўғрисидаги хабарларга тезкорлик билан муносабат билдириб, уни текшириш бўйича чоралар кўряпти.

“Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва маҳаллий фаолларни вазиятни мониторинг қилиш учун таклиф этди. “Ишонч телефонлари”ҳамда ижтимоий тармоқларда каналлар ташкил қилинди. Олинган маълумотлар юзасидан тезкор чоралар қабул қилиниб, айбдорлар жавобгарликка тортилди”, - дейилади британ журналида берилган мақолада.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар