The Brookings Institution: Ўзбекистон қандай қилиб фаол ва очиқ иқтисодиётга ўтмоқда?

17:45 27 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
499 0

АҚШнинг нуфузли “ақл маркази” — “The Brookings Institution” веб-сайтида “Ўзбекистон қандай қилиб фаол ва очиқ иқтисодиётга ўтмоқда?” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди.

Материал бир гуруҳ етакчи мутахассислар томонидан тайёрланган бўлиб, улар орасида Жаҳон банкининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича директори Лилия Бурунчук, Жаҳон банки етакчи иқтисодчиси Вольфанг Фенглер, Халқаро молия корпорацияси (ХМК) минтақавий директори Вибке Схломер ва ХМК иқтисодчиси Дариа Таглиони бор.

Ўзбекистонда бозор иқтисодиётини қуриш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар дастурининг иккинчи йили ўтмоқда, деб ёзади муаллифлар. Ҳукумат уч фундаментал ўтишни амалга оширмоқда, яъни:

— маъмурий-буйруқбозликка асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига;

— давлат секторидан хусусий секторга;

— ёпиқ ва изоляцияга асосланган иқтисодиётдан фаол ва очиқ иқтисодиётга.

Мамлакатдаги янгиланишлар ортиб бораётган ташқи таҳдидлар ва аҳоли таркибида ёшлар сони изчил кўпаяётган шароитда кечмоқдаки, шу сабабли янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Трансформация жараёнида давлат ресурсларни тақсимловчи эмас, балки бозорнинг драйвери ва тартибга солувчиси бўлиб бормоқда. Бу ташқи омиллар таъсирини бартараф этиш, ижтимоий фаровонликни таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш имконини беради.

Бандлик, саноат, экспорт ва энергия самарадорлиги — айнан мана шу тўрт вазифа Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида турибди.

Тобора ривожланаётган Ўзбекистон ушбу ресурсдан иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида фойдаланиши мумкин. Мутахассислар маълумотларига кўра, 2017 йили республикада 23 миллионга яқин меҳнатга лаёқатли кишилар бўлган бўлса, 2030 йили бу кўрсаткич яна тўрт миллионга ортади ҳамда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик давлатларидан бирига айланади.

Яқин-яқингача асосий иш ўринлари қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида яратилар эди, иқтисодиётда эса давлат корхоналари устувор аҳамият касб этарди. Шу сабабли самарасиз давлат компанияларидан воз кечиш вақти келди.

Экспорт ҳақида фикр юритганда, мутахассислар жаҳон коммуникацияларидан узоқлик Ўзбекистонга “маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш занжири”га интеграциялашишни қийинлаштирганини таъкидлайдилар. Республикадаги ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиб бориши билан ўзбек товарлари ва хизматлари ўарбий Европа ва Шарқий Осиё бозорларига етказиб берилиши йўлга қўйилмоқда.

Шу ўринда энергетик самарадорлик ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда амалга оширилган зарур чора-тадбирлар орасида кимё саноатини ҳамда нефть-кимё тармоғининг модернизация қилингани алоҳида кўрсатиб ўтилади.

Маърузанинг иккинчи қисмида экспертлар Ўзбекистоннинг изчил тараққиёти ва фаровонлигида муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган тўрт соҳани ажратиб кўрсатадилар.

Денгизга чиқиш имконига эга бўлмагани сабабли Ўзбекистон учун, биринчи навбатда, ҳаво қатнови (“air connectivity”) ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Автомобиль ҳамда темир йўл транспорти самарадорлик ва вақтни тежаш нуқтаи назаридан ҳаво йўлларидан сезиларли даражада орқададир. Бу, айниқса, ташқи бозорларга қимматбаҳо ҳамда сифати тез бузиладиган маҳсулотларни етказиб беришда ниҳоятда муҳимдир. Муаллифлар Ўзбекистон Президентининг виза тартибини либераллаштириш ва фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштиришга оид қабул қилган ҳужжатларини ижобий баҳолайди.

Сўнгги вақтда Ўзбекистонда “рақамли иқтисодиёт” изчил шаклланиб келмоқда. Мазкур иқтисодиёт учун универсал ҳамда арзон инфратузилма яратиш қатъий ислоҳотлар ва салмоқли инвестицияларни талаб қилиши аёндир. Функцияларни тақсимлаш ҳамда давлатнинг мамлакат ҳаётидаги иштирокини камайтириш орқали янги иқтисодиётни қуриш мумкин.

Кимё саноати улкан салоҳиятга эга манбадир. Бой табиий ресурсларга эга Ўзбекистон жаҳон бозорида муҳим ўрин тутади. Углекислота газлари чиқаришни камайтириш мақсадида республика кимёвий корхоналар модернизация қилинмоқда. Ушбу жараёнда хорижий компаниялар ҳам иштирок этаётгани эътиборга моликдир. Мазкур тармоқнинг замон талаблари даражасига келтирилиши Ўзбекистоннинг рақобатдошлигини оширади ва уни энергетик жиҳатдан самарали мамлакатга айлантиради.

Агросаноат улкан яширин имкониятлар оламидир, деб ёзади муаллифлар. Республика ҳар йили қарийб бир миллиард долларлик мева ҳамда сабзавотларни экспорт қилади. Асосий истеъмолчилар Қозоғистон ва Россия бўлиб қолмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат ўзининг юқори сифатли маҳсулотларини Европа ҳамда Шарқий Осиё бозорларига экспорт қилиш учун барча имкониятга эга. Ўзбек мева ва сабзавотлари харидоргир.

Хулоса ўрнида муаллифлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар катта фойда келтиришини прогноз қилади. Албатта, кўзланган ўзгаришларни ҳаётга татбиқ қилиш осон эмас, улар ниҳоятда катта масъулият ва қатъий чора-тадбирларни талаб этади. “Пировардида Ўзбекистон рақобатбардош, очиқ ва фаровон жамият қура олади”, дейилади таҳлилий мақолада.
Анвар МИРЗАЕВ
(“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019