​Тест синовлари: имтиҳондаги ғаройиб қаллоблик фош бўлди

09:16 13 Август 2018 Дунё
3576 1
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сингапурлик репетитор 2016 йил имтиҳонларида олти нафар хитойлик талабага ёрдам берганлигини тан олди. Прокурорлар бу ишни олдиндан пухта ўйланган режа, деб баҳолайди, деб ёзади “Би-би-си”.

Тан Жай Ян исмли бу репетиторнинг ўзи ҳам алоҳида номзод ниқоби остида имтиҳонда иштирок этиб, жавобларни шерикларига FaceTime иловаси орқали айтиб турган, дейди прокурорлар.

Талабалар имтиҳонга киришдан олдин Bluetooth қурилмасини кийимлари орасига усталик билан яширганлар ва тери рангига монанд қулоқчинлар тақиб олганлар.

Тан хоним қонунчиликнинг 27 бандини бузганликда айбланмоқда. Талабаларнинг учтаси ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни тан олмаган.

Гуруҳ 16 ёшли талабалар ўртасида ўтказиладиган якуний ўрта таълим имтиҳони чоғида қўлга тушган.

Прокурорларга кўра, имтиҳон кузатувчиси талабалардан бирининг шивирлаётганини пайқаб қолгандан сўнг гуруҳ фош бўлган.

Сўнг қўлга тушган талаба имтиҳондан олиб чиқилиб, тинтиб кўрилганда унинг кийимлари орасидан мобил телефон, Bluetooth қурилмаси ва тери рангидаги митти қулоқчин топилган.

Илк тинглов жараёнида прокурорлар Тан хоним ва унинг шерикларини 2016 йил октябр ойида Сингапур имтиҳонлар ва баҳолаш бошқармаси васийлигида ўтказилган имтиҳонда олти нафар талабага қаллоблик йўли билан ёрдам берганликда айблади.

Имтиҳон бўлиб ўтган вақтда Тан хоним Zeus ўқув марказида фаолият юритаётган бўлган. Айнан шу марказ ходимлари репетитор ва унинг талабаларига юқори технологияли алоқа қурилмалари орқали жавобларни етказиб турган.

Тан хоним билан бир вақтда марказ раҳбари По Юан Ний ва ўқитувчилар Фиона По Мин, Фенг Ривен ҳам қаллобликни ташкиллаштиришда айбланмоқда.

По Юан Ний хитойлик шахсларнинг биридан 8,000 сингапур доллари (6,100 АҚШ доллари) миқдоридаги депозит ва Zeus ўқув марказига қатнаган ҳар бир ўқувчи учун 1,000 сингапур доллари олишда гумонланган.

Томонлар мабодо имтиҳон муваффақиятсиз ўтса, пулларни эгасига қайтариб бериш борасида келишиб олган бўлишган.


Изоҳлар


Nodir Temirov

Алишер Абдуллажонов (asdalisher@yandex.ru)

Zamon tezkor. Har qanday holatda ham viruslar paydo bo'ladi va rivojlanadi. Bugun bilimsiz talaba imtihondan yordam bilan o'tar lekin ertaga ular korrupsiyaning harakatlantiruvchisi bo'lib qolmaydimi???

09:3921.08.2018

Кўп ўқилганлар