Тест синовлари: Адолат ва шаффофлик асосий мезон

09:38 07 Август 2018 Жамият
318 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Абитуриентлар учун тест синовлари бошланганига, мана, бир ҳафта бўлди. Имтиҳонлар аввалги йиллардагига нисбатан тубдан ўзгариб, тестни ўтказиш жараёни, саволларни тузиб чиқиш ва бошқа жиҳатлар ислоҳ қилинди. Булар энди кенг ва қулай, кузатув камералари билан жиҳозланган павильонларда ташкил этиляпти. Тест топшираётган йигит-қизларни уларнинг ота-оналари, яқинлари ва кенг жамоатчилик катта мониторлар, шунингдек, интернетдаги www.test2018.uz портали орқали бевосита кузатиб бормоқда.

Биламизки, шу пайтгача қабул жараёнлари учун имтиҳонлар фақат 1 август куни бўлиб ўтарди. Турган гапки, бир кунда олти юз мингга яқин йигит-қизларнинг чинакам билимини синовдан ўтказиш жуда мушкул иш эди. Бу турли адолатсизликларга йўл очиб, айниқса, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганди. Президентимиз эътибори туфайли қабул жараёнларидаги адолатни, ҳалолликни таъминлаш мақсадида тест синовлари ўтиш муддати 15 кун этиб белгиланди. Натижалар бир кундан кейиноқ эълон қилина бошланди. Назоратни кучайтириш мақсадида синовлар кенг павильонларда ташкил этилаётгани ҳам диққатга сазовор.

Қулайлик
Ҳаққонийликни таъминлаш осон иш эмас

— Пойтахтимизда тест ўтаётган бинолардан бири — “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси­га абитуриентлар тегишли органлар ходимлари томонидан махсус ускуналар ёрдамида текширилгач, киритилмоқда, — дейди назоратчилардан бири Раҳимжон ­Мамаюнусов. — Синовларнинг тартибли, юқори савияда, белгиланган талаб ва меъёрларга мос ҳолда ўтказилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилган. Белгиланган павильонлар барча жиҳоз ва ­ускуна, ўқув воситалари билан ­таъминланган.

Дарҳақиқат, кузатувларимиз давомида абитуриентлар тест ўтказилаётган биноларга шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар орқали текширилиб киритилаётганига гувоҳ бўлдик. Имтиҳон жараёни ҳам видеокузатув мосламаларига ёзиб олинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида Call-center ташкил этилган. Қабул жараёнлари, тест синовлари ва Давлат тест маркази фаолияти билан боғлиқ барча савол бўйича 11-95 қисқа рақамига бўлаётган мурожаатларга жавоб бериш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 12 нафар масъул ходим бириктирилган. Тармоққа уланган 6 та телефон линия доимий ишлаб турибди.

Шундай муҳим бир паллада, ажабки, кўплаб йигит-қизларнинг имтиҳонларга келмаётгани ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилишича, 1 — 5 август кунлари ўтказилган тест синовларида 290 минг 44 нафар абитуриент қатнашди. 6442 нафар йигит-қиз эса тест синовларига келмади ёки кечикиб келгани учун киритилмаган.

Шу ўринда яна бир гап: қарс икки қўлдан чиқади, дейдилар. Фарзандини турли нопок йўллар билан ўқишга ки­ритиш учун ўзини ўққа-чўққа ураётган, ҳали у, ҳали бу университет домласининг эшигини тақиллатиб юрган ота-оналар ҳам кам эмас. Улар билиб қўйиши керакки, қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқади. Пора билан ўқишга кирган бола эртага бирор жойга ишга кирганидан сўнг ўша “харажатлар”ни қоплашни ўйлайди. Бундан ташқари, пора олиш ҳам, уни бериш ҳам — жиноят. Қонунларда ҳар иккисига ҳам бирдек жавобгарлик белгиланган.

Фикр
Ижтимоий тармоқларда

Бу йилги қабул жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати — тест жавобларининг эртаси куниёқ маълум бўлаётгани. Ғалвир сувдан кўтарилиб, билимлар синовига ким қандай тайёргарлик кўргани тезда ойдинлашмоқда. Ҳамюртларимизнинг кўпчилиги жорий йилги имтиҳонларнинг алоҳида эътибор ва назорат остида ўтаётгани, жараёнда адолат ва шаффофлик таъминланиб, ҳақиқий билимли ёшлар талабалик бахтига мушарраф бўлаётганидан хурсандлигини яширмаётган бўлса, яна кимлардир ҳали ҳам қонун-қоидалар бузилаётгани ва турли қинғирликлардан фойдаланилаётгани ҳақида гапирмоқда. Албатта, ҳамма ўз фикрини билдиришга ҳақли. Лекин улар тўғри ёки нотўғри эканига биз ҳакамлик қила олмаймиз.

Айрим мисолларга эътиборингизни қаратсак. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Холида Комилованинг ёзишича, “Авваллари шоввозлар барибир уддасидан чиққан, “бункер” ва “ректор гуруҳлари” ишлаган. Бу йил ундай ғирромликлар кўзга ташланмади”. Яна бир фойдаланувчи Шуҳрат Сатторов эса “Ахборот технологиялари коррупция ва ноҳақликка максимал даражада чек қўя олди. Бу далилни ҳеч ким инкор қила олмайди. Биз бу йил ноҳақликнинг юздан бирини кўрдик. Нега? Чунки имтиҳондаги абитуриент ҳаммаёқда камера ўрнатилганини, уни халқ кузатиб турганини ҳис қилди, тақдирга тан берди” деб ёзади.

Қоида
Кўнглингиз тўлмаган бўлса...

Имтиҳон натижалари ёки тест синовлари жараёнидан рози бўлмаган абитуриентлар учраши табиий. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссияси уларнинг ҳар бир мурожаатини кўриб чиқади.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида берилган маълумотга кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача (белгиланган иш вақтига мувофиқ, дам олиш кунларисиз ўн бир календарь куни ичида) бўлган муддатда апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Абитуриентга апелляция шикояти қабул қилинганлиги тўғрисида уч иш куни ичида хабарнома берилади. Шикоятчи хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.

Апелляция Давлат тест марказида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги бўлимларида қабул қилинади. Шикоятга абитуриент рухсатномасининг нусхаси илова қилиниши керак. Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади. Шикоят апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, комиссия тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди. Абитуриент апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

Яна бир гап
Мавзуни ўрганиш жараёнида Самар­қанд шаҳрида яшовчи 40 ёшли Анвар Бекмуродов 18 йилдан буён талаба бўлишни орзу қилиб, ҳар йили турли олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётгани ҳақида маълумотга дуч келдик. Аммо унинг шу пайтга қадар омади чопмаган. Жорий йилда А. Бекмуродовнинг 17 ёшли қизи Нозанин Бекмуродова ҳам Самар­қанд давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширган.

Унинг бу йил руҳи баланд. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўнгли тўқ абитуриент, ниҳоят, талаба бўлишига ишонади.

Имтиҳонларнинг шаффоф ўтишига инсонларда ишонч пайдо бўлгани ҳам катта ютуқ аслида. Зеро, ишонч бор жойда ҳаракат, эртанги кунга умид бўлади. Умид эса доимо юксалишга пойдевордир.

* * *
“Халқ сўзи” сўровномаси

Юртдошларимизнинг фикрини билиш мақсадида “Халқ сўзи” газетасининг “Telegram” мессенжеридаги каналида “Сизнингча, бу галги тест имтиҳонлари аввалги йилларга нисбатан адолатли ўтяптими?”, деган савол билан сўров ўтказдик. Унда иштирок этганларнинг 54 фоизи “Ҳа, олдинги йиллардан яхши”, деган жавобни берган.

Кўриниб турибдики, бу йил имтиҳонларнинг ташкил этилиши кўплаб юртдошларимизни қониқтирмоқда. Улар янги тартиб ва қулай шарт-шароитлар асосида ўтказилаётган тест синови фанларни чуқур ўзлаштирган, билимли, интеллектуал ёшлар учун талаба бўлиш бахтини улашаётганига ишонмоқда.

Мухбирларимиз материаллари асосида Дилшод КАРИМОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар