Термизда янграйди қадим достонлар

10:47 03 Апрель 2019 Жамият
492 0

Ўзбек халқ достонлари аждодларимизнинг узоқ ўтмиши, маданий ҳаёти ва миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, улар номоддий маданий мерос сифатида юксак қадрланмоқда. Бахшичилик санъатининг сержило ижро намуналари тингловчига катта завқ-шавқ бағишлаши билан бирга, кишиларни яхшиликка чорловчи, маърифат тарқатувчи, ёш авлод қалбида эзгу фазилатларни уйғотувчи маънавий тарғибот манбаи вазифасини ўтаб келаётир.

Халқимиз “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби машҳур халқ достонларини тинглаб, улардан маънавий озуқа олган. Ана шу ўлмас қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқ достонларининг ­ранг-баранг намуналарини юртимиз ҳамда халқаро ­миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида эндиликда ҳар икки йилда бир маротаба Термиз шаҳрида ­Халқаро бахшичилик санъати фестивали ­ўтказилади.

— Тўй-томошаларимиз бахшиларнинг достону термаларисиз ўтмайди, — дейди Ўзбекистон ­Республикаси халқ бахшиси Шодмон бахши ­Хўжамбердиев. — Достонларда, асосан, халқимизнинг орзу-умидлари, мақсад ва интилишлари куйланади. Мардлик, шижоат, ватанпарварлик, она юртга садоқат каби эзгу инсоний фазилатлар улуғланади. Шу боис турли ғоявий-бадиий ечимга эга ­достонлар ҳамиша одамлар қалбидан чуқур ўрин эгаллаб келган. Мазкур фестиваль эса халқ оғзаки ижодини улуғлаш, унисақлаш ҳамда келгуси ­авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро анжуман иштирокчиларининг чиқишлари юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, шунингдек, иштирокчи давлатларнинг соҳа намояндаларидан иборат халқаро ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланади. Бунда достончилик санъати намояндаларининг асл миллий хусусиятлари, куй, нағма ва термаларнинг бадиий-эстетик жиҳатлари, ўзига хослиги, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси, кийиниши, саҳна маданияти, либосларидаги бадиий безакларнинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади.

Маданият вазирлигининг маълум қилишича, ­Халқаро санъат анжуманида Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Сербия, Туркия, Болгария, Бельгия сингари давлатлардан 58 нафар бахши ва достон айтувчилар ўз ижодий чиқишлари билан қатнашади.

Айтиш керакки, Халқаро бахшичилик санъати фес­тивали ғолиблари турли даражадаги диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланади. Бундан ташқари, “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, улар пул мукофоти ва махсус диплом билан тақдирланади.

Илҳом РАҲМАТОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019