Термизда Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг янги биноси фойдаланишга топширилди

15:25 29 Октябр 2019 Жамият
90 0

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди. Бу ҳақда мухбиримиз Илҳом Раҳматов хабар берди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан вилоятда маданият, адабиёт, санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Воҳа тарихини, санъат асарларини ўзида жамлаб, 85 йилдан буён беминнат хизмат қилиб келаётган вилоят ўлкашунослик музейига Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи номи берилиб, унинг коллекцияларини сақлаш ва ташриф буюрувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган янги муҳташам бинога кўчирилиши шундай эътибор самарасидир.

Музейлар ўтмиш билан бугунни боғловчи маънавият кўприги ҳисобланади. Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи биноси Термиз шаҳрининг кўркига кўрк қўшиш билан бирга аҳоли, шу жумладан, ёшларимизни тарихимизга, миллий урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

– 3 қаватли музей экпозицияси “Табиат”, “Археология ва тарих”, “Тасвирий санъат”, “Мустақиллик даври” ҳамда “Этнография” сингари 5 та бўлимдан иборат, – дейди музей директори Саодат Иноятова. – Унинг фондида 16 та йўналишда 61 минг 325 та экспонат мавжуд бўлиб, шундан, 3150 та экспонат ноёб ашё ва коллекциялар сирасига киради. Бу ерда сақланаётган нодир экспонатлардан халқимизнинг минг йиллик анъаналари, қадриятларини ўрганиш мумкин.

Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг 1,3 гектар ер майдонига эга янги биноси учун 19,5 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 15,0 миллиард сўм қурилиш-таъмирлаш ишларига, 4,5 миллиард сўм эса экспонатлар билан жиҳозлаш ишларига сарфланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги 443-сон қарори билан музей негизида “Термиз” давлат музейи –қўриқхонаси ташкил этилиб, Термиз туманидаги “Зурмала минораси” ва “Эски Термиз”, Шеробод туманидаги “Зараутсой”, Жарқўрғон туманидаги “Жарқўрғон минораси”, Шўрчи туманидаги “Далварзинтепа”, Музработ туманидаги “Кампиртепа” маданий мерос объектлари унинг тасарруфига ўтказилган.

Иштирокчилар янги бинода яратилган қулайликлар ва кўргазмалар билан танишди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019