Термизда ўтказилган шартли жанг реал вазиятдагидек кечди

15:14 19 Июнь 2019 Жамият
641 0

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз дала ўқув майдонида ўтказилган “Қўшинлар махсус ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва олиб бориш” мавзусидаги кўргазмали батальон тактик ўқуви шартли жанг машғулоти намойиши билан якунига етди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу босқичда ноқонуний қуролланган ва мамлакат ичкарисига томон ҳаракатланаётган шартли жангарилар гуруҳини бартараф этиш амалиёти ўтказилди.

Артиллерия, авиация, ҳарбий техникалар ва ўқ отар қуроллардан фойдаланиб, реал вазиятдагидек ўтказилган машғулотни ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Сурхондарё вилояти ҳокими ҳамда вилоятнинг масъул шахслари ва бошқа куч тузилмалари вакиллари кузатиб боришди.

Машғулот юзасидан кузатувчиларда тушунча теран ҳосил бўлишини кўзлаб, ўтказилаётган жанговар операция босқичлари микрофон орқали шарҳлаб борилди.

Дастлаб ноқонуний қуролланган жангарилар гуруҳи аниқланган ҳудуд ҳаводан разведка қилинди. Маълумот тасдиқлангач, артиллериядан ўққа тутилди. Кейин эса ҳарбий техникалар воситасида зарбалар бериб, навбат билан пиёдаларнинг амалиёти ўтказилди. Ниҳоят, захира кучлар ҳам етиб келиб, ноқонуний қуролланган жангарилар гуруҳи батамом яксон этилди.

Машғулот якунида натижалар таҳлил қилиниб, илғорлар муносиб рағбатлантирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?