Термизда 50 та “Ақлли бекат” барпо этилади

15:29 18 Июль 2018 Жамият
369 0
Фото: Илҳом Раҳматов / "Халқ сўзи". 

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб- қувватлаш йили муносабати билан Термиз шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан инновацион жамоат транспорти бекатлари ишга туширилмоқда. Мазкур “Ақлли бекат”да жамоат транспорт ҳаракат жадвали, фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет, видео назорат, USB электр тармоғи, банк тўлов терминаллари, пойабзал тозалаш ускуналар ҳамда қулай ўриндиқлар ўрнатилган. Қуёш панеллари эса бекатни автоном электр энергияси билан мунтазам таъминлашга, учта бўлинмага эга чиқинди қутичалари атроф-муҳит озодалиги ва йўловчилар ўртасида экологик маданиятни оширишга хизмат қилаётир.

Мавсумий иқлим ўзгаришлари инобатга олинган ҳолда, очиқ ва ёпиқ кутиш залларида тезкор маълумотлар олиш учун махсус таблолар ҳам жойлаштирилган бўлиб, инновацион ойналар кечки вақтда катта экран вазифасини ҳам ўтайди. Унда намойиш этиладиган ижтимоий ва тижорат реклама роликларини нафақат ташқаридан, балки, ичкаридан ҳам кузатиш мумкин.

Вилоятдаги мухбиримиз Илҳом Раҳматовнинг бизга маълум қилишича, Термиз шаҳрида 50 та ана шундай “Ақлли бекат” қуриш режалаштирилган. Ҳозирга қадар улардан иккитаси фойдаланишга топширилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар