Термиз шаҳрида мукаммал таъмирланган матбуот уйи фойдаланишга топширилди

09:11 25 Август 2018 Жамият
511 0
Фото: "Халқ сўзи"

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилганидек, тамомила янги қиёфа касб этган матбуот уйи мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида вилоят ижодкор зиёлилар учун муносиб туҳфа бўлди. Тўрт қаватли иншоот бундан ўттиз йил муқаддам бунёд этилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида бирор маротаба ҳам таъмирланмагани боис ночор аҳволга келиб қолганди. “Сантехгазмонтаж” хусусий корхонаси томонидан бу ерда амалга оширилган капитал таъмирлаш ишларига 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бинонинг замонавий ташқи қиёфасига мос ички шарт-шароитлар ҳам бугунги давр талабларига мослаштирилди. Иситиш тизими бунёд этилди. Хоналар қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, қишда иситиб, ёзда совитадиган кондитсионарлар билан жиҳозланди. Бу ерда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш учун ҳам қулайликлар муҳайё этилди. Биринчи қаватда матбуот анжуманлари ўтказиладиган кенг ва ёруғ зал, кутубхона, китоб дўкони, иккинчи қаватда мажлислари зали ёш ижодкорлар тўгараги хоналари мавжуд.

Фото: "Халқ сўзи"

- Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги таъминланиб, ОАВ ходимлари учун яратиб берилаётган бугунги шарт-шароитларни кўриб ниҳоятда руҳландим, -дейди меҳнат фахрийси Абдулла Холмирзаев. – Бугунги биз янги даврда яшаяпмиз. Ҳозирда жамиятдаги янгиланиш, туб ислоҳотлар журналистлар зиммасига улкан вазифаларни юкламоқда. Диёримизда ҳамда дунёда рўй бераётган воқеиликларни тезкор ёритиш, уни кенг халқ оммасига етказишда журналистлардан алоҳида фаоллик ва ҳозиржавоблик талаб этилаётир. Шу маънода, ўйлайманки, матбуот уйидаги қулай шароитлар ҳар қандай ижодкорни замон билан ҳамнафас фаолият олиб боришга ундайди.

Матбуот уйи биносида матбуот ва ахборот бошқармаси,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари, “Сурхон тонгги” ва “Заря Сурхана” бирлашган таҳририяти ва бошқа бир қатор даврий нашрлари қаторида республика газеталарининг вилоятдаги мухбирлари учун ҳам алоҳида хоналар ажратилди.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар