Термиз археология музейида “Сурхон воҳаси – бахшилар диёри”номли кўргазма очилди

17:56 28 Март 2019 Жамият
577 0

Шу йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан Термиз археология музейида “Сурхон воҳаси – бахшилар диёри”номли кўргазма очилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорига биноан Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳар икки йилда бир маротаба Термиз шаҳрида ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

“Ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти энг аввало унинг оғзаки ижоди - фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам топган бўлиб, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланди”, дея таъкидланди Президент қарорида.

Фестивалнинг айнан Сурхон диёрида ўтказилиши бежизга эмас. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Сурхон заминида бундан 3,5-4 минг йил аввал илк шаҳарсозлик, ҳунармадчилик ва суғорма деҳқончилик қаторида амалий санъат ва маданий ҳаёт кенг ривожланган. Жумладан, халқ оғзаки ижоди намуналари – фольклор этнографияси, эпос ва достонларда маҳаллий аҳолининг узоқ ўтмиши, маданияти ва миллий қадрият ва анъаналари ўз ифодасини топган. Ана шу ноёб маданий меросни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказиш ва кенг тарғиб қилиш ишлари изчиллик асосида давом эттирилмоқда. Дарвоқе, 1999йил Термиз шаҳрида “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги ЮНЕСКО шафеълиги остида халқаро миқёсда кенг нишонланганди.

- Халқаро бахшичилик санъати фестивали муносабати билан иш бошлаган мазкур кўргазма Шеробод-Сурхон бахшилик мактаби, унинг ривожланиш йўли, шу заминдан етишиб чиққан халқ бахшилари ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилишни кўзлайди, -дейди Термиздаги бахшичилик мактаби раҳбари, Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаев. – Бундан 20-30 йил аввал воҳамиздаги бахшилар сони бармоқ билан санарли ва бу санъат турига ҳукумат даражасида деярли эътибор йўқ эди. Бугун эса шундан қувонаманки, ҳозирда вилоятимизнинг ўзида 200 нафарга яқин бахшилар фаолият олиб боришяпти. Айниқса, ёшларнинг ушбу санъат турига қизиқиши катта. Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилиши биз, бахшиларни дунё саҳнасига олиб чиқишга хизмат қилади.

Кўргазмадан сурхондарёлик ўнлаб халқ бахшилари ҳаёти ва уларнинг ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмалар ўрин олган. Шу билан бирга Сурхондарё тарихи, этнографияси, фольклор ва халқ амалий санъати ҳақидаги чоп этилган китоб ва фотоалбомлар ҳам намойиш этилмоқда.

- Бахшичилик санъати ўзининг бой анъаналари ва узоқ тарихига эга, -дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Хушбоқ Мардонақул ўғли. – Ҳар ким ҳам қўлда дўмбира олиб, миллий либос кийгани билан бахши бўлиб қолмайди. Бахшичилик юксак иқтидор, ижодий салоҳият ва ақлий қобилиятни талаб этади. Мен ўзим қирқдан зиёд достонларни, юзга яқин анъанавий термаларни биламан. Уларни ёш авлодга етказишга астойдил ҳаракат қилиб келмоқдаман. Муҳими, умидли ёш бахшиларимиз кўп. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказишга доир қарори мени ниҳоятда руҳлантирди. Бундай юксак эътибор келгусида халқ бахшиларининг янги авлоди етишиб чиқиши учун замин яратади.

“Сурхон воҳаси – бахшилар диёри”номли кўргазма жорий йилнинг 15 апрелига қадар ўз ишини давом эттиради.


Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019