Термитларга қарши 100 млн. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди. Аммо... ​

12:21 06 Июль 2020 Сиёсат
205 0

Ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳоли томонидан энг долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бирида Конимех туманидаги «Зафаробод» қўрғони ва «Кўкча» ҳудудларда яшовчи фуқаролар билан учрашувда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий-иқтисодий объектларда термит билан зарарланиш ҳолатлари кўпайганлиги, термитлар дарахтлар, ўсимликларга зарар етказаётганлигидан шикоят тушган эди. Шу боис мутасадди ташкилотларга сенатор сўрови юборилди.

Термитлар – чумолига ўхшаш майда, яширин ҳаёт кечирувчи, кўзга кўринмас, зараркунанда ҳашаротлар ёғоч материаллар, китоб ва қоғозларнинг кушандаси бўлиб, дунё иқтисодиётига ҳар йили катта зарар етказади. Термитлар ҳар қандай уй ёки қурилмани яроқсиз ҳолатга келтиришга, вайронага айлантириб қўйишга қодир.

Мазкур муаммони ўрганиш мақсадида махсус комиссия тузилиб, улар томонидан ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида бир нечта уй-жойлар ҳамда 4 та ижтимоий соҳа объектида, қолаверса, 2,5 гектар дала ва экин майдонларида термитдан зарарланиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳудудларда кимёвий ишлов бериш ҳамда термитдан зарарланишининг олдини олиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди. Шу билан бирга, вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Санитария-эпидемиология осойишталик маркази, фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарларига ҳудудларни термитдан зарарланишининг олдини олиш ҳамда доимий кимёвий моддалар билан дезинфекция қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Аммо бу муаммо ҳал этилди, дегани эмас. Шу жиҳатдан келгусида мақсадли ажратилган маблағлар ижроси, унинг самарадорлиги мунтазам ўрганиб борилади ва назорат қилинади. Зотан, аҳоли талаб-истаклари биз учун доимо устувор саналган.

Улуғбек ФАЙЗИЕВ, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?